1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳаж -

Ҳаж - Маккани зиёрат қилиш, исломнинг беш асосий рукнларидан бири. Ҳ. амали уни адо этишга қурби етган барча мусулмонлар учун (жуда бўлмаганда умрида бир марта) фарздир; унга қурби етмаганлар ўзларининг ўринларига "ўринбосар" (вакил ал-Ҳ.) юборишлари мумкин. Ҳ. зулҳижжа ойида амалга оширилади ва турли маросимларни (маносик ал-Ҳ.) ўз ичига олади. Зиёратчилар карвони Маккага 7-зулҳижжада етиб келадилар Улар махсус жой - мийқотда покланиб эҳромга кирадилар, "кичик Ҳ." маросимини ўтайдилар (қ. Умра, тавоф). Сўнгра умра ва Ҳ.ни алоҳида ўташга қарор қилганлар сочларини олдириб эҳромдан чиқадилар. Улар бевосита Ҳ. олдидан яна қайта эҳромга кирадилар. Умра ва Ҳ.ни бирга ўтамоқчи бўлганлар (қирон) Ҳ. охиригача эҳромда қоладилар. Зулҳижжа ойининг 7-куни зиёратчилар Каъбада хутба эшитадилар ва намоз ўқийдилар. Эртаси куни (яум ат тарвия) Мино водийсига борадилар Зиёратчилар зулҳижжа ойининг 8-санасидан 9-санасига ўтар кечани Мино водийсида ўтказади, Зулҳижжанинг 9-куни эрталабдан Ҳ.нинг асосий маросими - Арофат тоғи олдида туриш (вукуф) бошланади. Зиёратчилар хутба эшитадилар, намоз ўқийдилар. Бу туриш кун ботгунча давом этади. Сўнгра зиёратчилар Муздалифа водийси томон юрадилар (ифада) Шу ерда шом ва хуфтон намозлари ўқилади ва туналади. Зулҳижжанинг 10-куни (яум ан наҳр) бомдод намозидан кейин зиёратчилар Мино водийсига йўл оладилар, бу ерда улар Муздалифадан олган 49 та кичик тошнинг7 тасини биринчи куни энг кичик шайтон рамзига улоқтирадилар (қ. Шайтон). Бу маросимдан сўнг, шу ернинг ўзида савдогарлар ва бадавийлардан сотиб олинган жонлиқ қурбонлик қилинади. Зулҳижжанинг 10-куни мусулмонларнинг энг муҳим байрами ҳисобланиб, бутун ислом оламида кенг нишонланади (қ. Ҳайит, қурбонлик) Сочларини олдирйб ёхуд кестириб зиёратчилар сўнгги тавофни бажо келтириш учун Маккага йўл оладилар. Кимда ким дастлабки маросим умра қилмай Ҳ. қилган бўлса (Ҳ. ифрод) тавофдан кейин саъйни адо этишади Зулҳижжанинг 11-кунидан 13-кунигача (айём ат-ташриқ) зиёратчилар қурбонлик қилишда давом этадилар, Мино водийсига борадилар, у ерда энди ҳамма устунларга қараб 2 кун7 тадан тошча отадилар (жамрат ал-ула, жамрат ал-вуста, жамрат ал-ақаба), ўз ишлари билан банд бўладилар. Ҳ.нинг асосий маросимлари ақидага кўра Муҳаммад (сав) томонидан 632 й. "видолашув Ҳ."ида (Ҳ. ал-вадў") белгилаб берилган Кейинчалик асосий ҳуқуқий мазҳаб намоёндалари зиёрат маросим-удумларини бажаришни батафсил ишлаб чиққанлар. Ҳ.нинг ғоявий ва сиёсий аҳамияти бугунги кунда ҳам улкан. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, юртимиз мусулмонларига Ҳ. амалини адо этиш учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.