Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ал-Кушоний ал-Ҳожибий Кушония* аҳлидан эдилар. Дунёда Имом ал-Бухорийнинг «Саҳиҳ ул-Бухорий» китобларини Абу Абдуллоҳ ал-Фарабрийдан ривоят қилган охирги муҳаддис олим. Жаҳонда Имом ал-Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»ларини Абу Абдуллоҳ ал-Фарабрийдан ривоят қилган бирорта ҳам ровий қолмаган вақтда – ҳижрий 316 (милодий 929) йилда оталари билан Фарабрга (Амударё бўйидаги Бухорога яқин шаҳарга) бориб, ал-Фарабрийдан Имом ал-Бухорийнинг мазкур китобларини таълим олганлар. Бу киши – кушониялик солиҳ шайх, ишончли ва машҳур муҳаддис. Бу зотдан таълим олиш учун кўп киши келарди. Абул Аббос ал-Мустағфирий, Абу Саҳл Аҳмад ибн Али ал-Абивардий, Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад ал-Бағдодий, Абу Наим Абдулмалик ибн Муҳаммад ал-Астрободий ва Муҳиб ибн Салим шулар жумласидандир. Бухородан қайтгач, икки кундан кейин ҳижрий 391 (милодий 1002) йили Кушонияда вафот этганлар.
*Кушония – Самарқанд ноҳиясидан ўн икки фарсах узоқликда жойлашган Суғддаги шаҳар. Бу шаҳардан кўп олим, фақиҳ, фозил ва муҳаддислар етишиб чиққанлар.