Абул Фазл Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Коғазий ас-Самарқандий Самарқанд аҳлидан эдилар. Илм талабида бир неча йил сафарда бўлиб, хабар ва ҳикоятлар йиғишда кўп машаққат чекканлари учун «Раҳҳол» деган ном берилган бу киши ҳақларида Абу Саъд ал-Идрисий «Тарихи Самарқанд» китобларида зикр қилганлар. Бу зот – нодир ҳикоялар соҳиби эдилар. Ёшликларидан қарилик даврларигача ҳадислар ёзиб олганлар. Абу Ҳафс Умар ибн Абдулваҳҳоб ар-Райҳоний, Иброҳим ибн Абдусалом, Муҳаммад ибн Закариё ал-Кулобий, Муҳаммад ибн Мусо ал-Барбарий, Ҳорис ибн Усома ва бошқа кўп муҳаддисдан ҳадис ривоят қилганлар. Ўзларидан эса Муҳаммад ибн Жаъфар ал-Кабузанжакатий, Иброҳим ибн Язид ал-Марвазий ва Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший ҳадис ривоят қилганлар.