Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ас-Самарқандий ад-Доримий – Самарқанд аҳлидан бўлиб, Бану Дорим ибн Молик қабиласига мансуб бўлганлар. Бу киши ниҳоятда ақлли, фазилатли, дину диёнатли, муомалада мулойим, тиришқоқ, кўп ибодат қиладиган зоҳид эдилар. «Муснад», «Тафсир» ва «Сунан»ларни таълиф этганлар. Ироқ, Шом ва Мисрда бўлиб, бу ернинг машҳур муҳаддис олимларидан таълим олганлар. Зеҳнлари ниҳоятда ўткир бўлган. Ҳадис илми талабида сафарлар қилганлар. Ҳадисларни жамлаш, ишончли ҳадисларни ёдлаш, тўғри сўзлик, тақводорлик ва зоҳидлик хислатларига эга бўлганлар. Самарқанд амири қозиликка сайламоқчи бўлади, аммо бу киши кўнмайдилар. Амир ғазабланиб, бошқа кишини қози қилиб сайлайди. Ўшанда амирдан узр сўраганлар. У кечирган. Бу кишидан Муслим ибн Ҳажжож ва Абу Исо ат-Термизий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 181 (милодий 798) йили Абдуллоҳ ибн Муборак вафот этган санада таваллуд топганлар. Ҳижрий 255 (милодий 870) йилда арафа куни Самарқандда вафот этганлар.