Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ал-Бужайрий ал-Хушуфағний - Хушуфағн* қишлоғидан. Бу киши имом, ҳофиз ал-ҳадис (юз минг ҳадисни ёддан билувчи) ва тақводор олимлардан эдилар. Бир куни Абу Ҳафс ал-Хушуфағний ҳовлиларидаги дарахтнинг тагидаги сояда дўстлари билан ўтирганда уларга: «Сизлар дунёнинг энг тоза, хушбўй, соф ҳаволи ва ям-яшил жойида дам олаяпсизлар. Жаҳонда Самарқанд Суғдидагидек, Суғдда Хушуфағн қишлоғидаги каби, қишлоқда эса менинг боғимдай, боғимда эса мана бу дарахтимнинг сояси сингари энг тоза, хушбўй, соф ҳаволи, ям-яшил жой йўқ», – деб айтган эканлар. Бу киши ҳижрий 372 (милодий 983) йилнинг рабиъул аввал ойида вафот этганлар.
*Хушуфағн Суғд қишлоқларидан. Иштихон билан Кушония оралиғида жойлашган катта ва баракали қишлоқдир. Ҳозир у «Раъс ал-қантара» деб номланади. Суғднинг энг яхши қишлоғи.