1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Муҳаммад ал-Иштиханий -

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Мат ал-Иштиханий бу нисбат билан машҳурдирлар. Фақиҳ ва муҳаддис эдилар. Имом ал-Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» («Ишончли тўплам») китобларини Абу Абдуллоҳ Муҳамад ибн Юсуф ал-Фарабрийдан ривоят қилганлар. Ўзларидан эса ушбу китобни Абу Наср ад-Довудий ривоят қилганлар. Ҳижрий 381 (милодий 992) йилнинг ражаб ойида вафот этганлар. Абу Комил ал-Басирий фақиҳ Абу Наср ад-Довудийдан эшитганлар: «Шайх Абу Бакр ал-Иштиханийнинг ҳузурларига ҳадисдан таълим олиш учун борган эдим. У киши мендан: «Имом ал-Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»ларини таълим олганмисан?» – деб сўрадилар. «Ҳа», – деб жавоб бердим. «Кимдан?» – деб сўрадилар. «Исмоил ал-Ҳожибийдан», – дедим. Айтдилар: «Энди у китобни мендан сабоқ ол, чунки мен Имом ал-Фарабрийдан ушбу китобни таълим олганимда катта ёшли фақиҳ эдим. Исмоил ал-Ҳожибий эса ҳали ёш бола эди. У олган билим билан менинг олган билимим тенгми?!» Ўшандан кейин мен бу кишидан Имом ал-Бухорийнинг «ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»ларидан таълим олишни бошладим». Абу Саъд ал-Идрисий «Тарихи Самарқанд» китобларида айтадилар: «Абу Бакр ал-Иштиханий шайх, фозил, зоҳид, фақиҳ эдилар. Иштиқхонда у кишидан бир неча марта ҳадислар ёзиб олганмиз. Муҳаммад ибн Юсуф ал-Фарабрий ва Ҳасан ибн Соҳиб аш-Шошийдан ҳадис ривоят қилганлар». Ҳижрий 388 (милодий 999) йилнинг ражаб ойида Иштихонда вафот этганлар.