Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Барқоний ал-Хоразмий фақиҳ, адиб, шоир ва ҳадисларни мукаммал билувчи эдилар. Бу киши жуда тақводор, парҳезкор, фаҳм-фаросатли, Қуръони каримни ёддан биладиган, фиқҳ илмидан бохабар, араб тилини яхши биладиган ва кўп ҳадис билувчи муҳаддис олимдан эдилар. Кўпгина муҳаддис уламолардан таълим олганлар. Бағдодда Абул Ҳасан ад-Дорақутний, Журжонда Абу Бакр ал-Исмоилий шулар жумласидан. Имом ал-Бухорийнинг «Саҳиҳ ул-Бухорий» ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ ул-Муслим» китобларини тасниф қилганлар. Илмга жуда чанқоқ эдилар. Абу Бакр ал-Хатиб ал-Ҳофиз «Тарихи Бағдод» («Бағдод тарихи») китобларида ёзадилар: «Бир куни Абу Бакр Аҳмад ал-Барқоний бир фақиҳ олимга: «Мени дуо қил, эй фақиҳ! Аллоҳ қалбимдан ҳадисга бўлган муҳаббатни олиб ташласин. Чунки бу муҳаббат менинг устимдан ғалаба қилаяпти. Кечаю кундуз мен ўша муҳаббат билан», – деди. Бу киши ҳижрий 336 (милодий 948) йилда туғилиб, ҳижрий 425 (милодий 1035) йили ражаб ойининг биринчи кунида Бағдодда вафот этганлар. «ал-Жомеъ» қабристонида дафн қилинганлар.