Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Саҳл ибн Суҳайл ибн Арзаҳ ал-Омулий ал - Мустамлий ал-Музаккир ал-Муфассир Бухоро аҳлидан бўлиб, муфассир эдилар. Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ан-Нақбуний, Қози Абу Саъид Халил ибн Аҳмад ас-Сижзийдан таълим олган. Бухорода кўп ўқилган «Муснад ус-сирож ал-қадар» асарини Абу Ҳомид Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ас-Соиғдан таълим олган. Бу кишидан Абдулазиз ибн Муҳаммад ан-Нахшабий ва Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал-Жаъфарий ҳадис ривоят қилганлар. Исмоил ал-Мустамлий ҳақида Абдулазиз ан-Нахшабий «Муъжам уш-шуюх» («Шайхлар қомуси») китобларида зикр қилганлар. Бу киши Абу Бакр ибн Абу Исҳоқнинг «Китоб ат-таъарруф ли мазҳаб ат-тасаввуф» («Тасаввуф йўлини билиш ҳақида китоб») номли асарини тафсир қилганлар. Етмиш ёшларидан кейин Омул шайхларидан ҳам таълим олганлар. Ҳижрий 434 (милодий 1043) йил зулқаъда ойининг ўн олтинчисида, душанба куни пешиндан кейин вафот этганлар.