Абдуллоҳ ибн Убайдуллоҳ аш-Шайбоний ат-Таҳмоний ал-Бухорий Бухоро аҳлидан бўлиб, катта боболарига «ат-Таҳмоний» деб нисбат берилган. Илм талабида Ироқ, Ҳижоз, Миср, Шом, Жазоир ва Хуросоннинг шаҳарларига борганлар. Адолатли, тўғри сўз имом бўлганлар. Кўп китоб таълиф қилганлар. Оталаридан ҳамда Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ад-Доримий, Аҳмад ибн Наср ал-Атакий, Абу Абдуллоҳ ибн Абу Ҳафс ва Абд ибн Ҳумайд ал-Кешийдан ҳaдис ривоят қилганлар. Бу киши – «ат-Тасониф ал-ҳисон» («Ҳасан ҳадислар таснифи») китобининг муаллифи. Ўзларидан Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Боҳилий ал-Варроқ, Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ан-Насафий ва Абу Амр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Собир ал-Бухорий ҳадис ривоят қилганлар. Ҳижрий 307 (милодий 920) йилда жумодул охир ойига 8 кун қолганда, жума куни Самарқандда вафот этганлар.