Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Ҳасан ал-Ҳалимий ал-Фақиҳ аш-Шофеъий ал-Журжоний ҳижрий 338 (милодий 950) йили Журжонда туғилганлар. Бухорога келиб, Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад, Абу Аҳмад Бакр ибн Муҳаммад ас-Сайрафий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ал-Жаббаҳонийдан ҳадис ёзиб олганлар. Абу Бакр ал-Авданийдан фиқҳ илмидан таълим олганлар. Мовароуннаҳрнинг буюк, одобли ва ибратли имоми бўлганлар. Бу киши «ат-Тасониф ал-ҳисон» («Ҳасан ҳадислар таснифи») китобининг муаллифидирлар. Бу киши ҳақларида Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ал-Ҳоким «Тарихи Нишопур» китобларида маълумот берганлар. Ҳижрий 403 (милодий 1013) йилнинг жумодул аввал ёки рабиъул аввал ойида вафот этганлар.