Абу Муҳаммад Абдулазиз ибн Аҳмад ал-Ҳалвоий - Ал-Ҳалвоий (Ҳалво пишириб сотиб, тирикчилик қилиб юрганлари учун «ал-Ҳалвоий» деган нисбат берилган) нисбати билан машҳурдирлар. Бу киши Бухоро аҳлидан бўлиб, ўз замоналарининг ҳанафий мазҳаби пешволаридан, шайх, буюк муҳаддис ва фатво соҳиби эдилар. Лақаблари «Шамс ул-аимма » (Имомлар қуёши) эди. Қози Абу Али Ҳусайн ибн Хизр ан-Насафийдан фиқҳдан, Абу Абдуллоҳ ал-Ғунжор ал-Ҳофиз ал-Бухорий ва Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Бухорийдан ҳадис илмидан таълим олганлар. Абу Бакр ибн Муҳаммад аз-Заранжарий бу кишининг охирги шогирдларидандир. Ҳижрий 449 (милодий 1058) йили Кешда оламдан ўтганлар. Тобутлари Бухорога олиб келиниб, Калободда (Гулободда) дафн қилинганлар.