Абул Фазл Муҳаммад ибн Убайдуллоҳ ал-Балъамий Хуросон амири Исмоил ибн Аҳмаднинг вазири эдилар. Абул Фазл ал-Балъамийнинг катта боболари Ражо ибн Муаббид Румнинг Балъам шаҳрида яшаганлар. Ўша ерда оила қуриб, серфарзанд бўлганлар. Фарзандларига «ал-Балъамий» деб нисбат берилган.
Вазир Абул Фазл ал-Балъамий ўз замоналарининг оқил, доно, олим кишиси ва буюк давлат арбоби эдилар. Бухоро аҳлидан. Жуда кўп олимдан дарс олганлар. Бу зот ҳақларида алоҳида китоб ёзилган. «Тарихи Табарий» асарини биринчи бўлиб форс тилига таржима қилганлар. Ҳижрий 329 (милодий 942) йил сафар ойининг ўнинчи куни кечаси вафот этганлар.