1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Солиҳ алайҳиссалом -

Солиҳ алайҳиссаломнинг оталарининг исми Убайд бўлиб, насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. У зот боида араблардан бўлмиш Самуд қабиласига мансубдирлар.

Самуд қавми Арабистон яримороли, Ҳижоз ўлкасининг шимолий тарафида, Ҳижр деб аталадиган водийда истиқомат қилар эди. У водий ҳозирда «Мадоини Солиҳ» деб аталади. Аллоҳ таоло Самуд қавмига ўз ичларидан Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Ҳуд сурасида қуйидагиларни айтади:

«...ва Самудга ўз биродарлари Солиҳни (юбордик). У «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг. Сиз учун Ундан ўзга илоҳ йўқ. У сизни ердан пайдо қилди ва уни обод қилишингизни талаб қилди. Ундан мағфират сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг. Албатта, Роббим яқиндир, ижобат қилувчидир», деди» (61-оят).

Оятдан кўриб турибмизки, Солиҳ алайҳиссалом ҳам пайғамбар бўлиб келиб, қавмларига ўзларидан олдинги пайғамбарларнинг гапларини айтганлар.

Солиҳ алайҳиссаломнинг бу гапларига қавмлари қуйидаги жавобни беришди:

«Эй Солиҳ, бундан олдин ичимизда орзу қилинган эдинг. Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми? Биз сен даъват қилаётган нарса ҳақида шак-шубҳадамиз» (62-оят).

Самуд қавми ҳам бошқа қавмларга ўхшаб ўзларидан чиққан пайғамбарга, у даъват қилаётган динга шак-шубҳа билан қарашмоқда. Шу билан бирга, улар Солиҳ алайҳиссаломнинг аввалги ҳолларини эътироф қилишмоқда:

«Эй Солиҳ, бундан олдин ичимизда орзу қилинган эдинг».

Яъни «Фазилатларинг учун, ақлинг, илминг, ростгўйлигинг, ҳусни хулқинг, омонатдорлигинг учун ҳаммамиз сенга ҳавас қилар, сендек бўлишни орзу этар эдик».

«Энди бизни ота-боболаримиз ибодат қиладиган нарсага ибодат қилмоғимиздан қайтарасанми?»

Нобакор қавмнинг бу раддиясидан сўнг Солиҳ алайҳиссалом уларга босиқлик билан ҳақиқатни тушунтиришга уриниб кўрдилар:

«Эй қавмим, айтинг-чи, агар Роббим томонидан очиқ-ойдин ҳужжатга эга бўлсам ва менга У Зотдан раҳмат берилган бўлса-ю, Унга осий бўлсам, ким менга Аллоҳ (азоби)дан (қутулишга) ёрдам беради?! Сизлар менга зиёндан ўзгани зиёда қилмассизлар» (63-оят).

Минг афсуски, бу гапларнинг барчаси Самуд қавмига таъсир қилмади. Шуаро сурасида айтилганидек:

«Самуд расулларни ёлғончига чиқарди. Ўшанда биродарлари Солиҳ уларга деди: «Қўрқмайсизларми?! Мен сизларга ишончли расулман. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Бунинг учун сизлардан ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина оламлар Роббининг зиммасидадир. Бу жойдаги нарсаларда омон ҳолда тарк қилинасизми?! Боғ-роғларда, булоқларда?! Экинзорлару тугунчаси майин хурмозор ичларида-я?!» (141–148-оятлар).

Аллоҳнинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломнинг қавмига айтаётган ушбу гапларидан бу қавмнинг моддапарастликка, мол-дунё ва айш-ишратга берилгани кўриниб турибди.

«...ва тоғлардан манманлик-ла уйлар йўнаверасизми?!» (149-оят).

Самуд қавми аҳли дунёларга – моддапарастларга ўхшаб ўзларидаги мавжуд дунё матоҳлари ила манманлик қилишни хуш кўришарди. Уларнинг манманлик қилишларининг кўзга кўринган соҳаси – тоғ ёнбағирларидаги тошларни йўниб уй қилиш эди. Улар тоғнинг тошларини йўниб, ич томонига кириб, уйлар, қасрлар қилишар эди. Ана ўша уйлари ҳозиргача сақланиб қолган бўлиб, Арабистон яриморолининг шимолида саёҳатчилар уларни томоша қилишади.

Солиҳ алайҳиссалом қавмларига ўша манманлик учун тошдан уй йўнишларини ҳам танқид маъносида эслатмоқдалар.

Солиҳ алайҳиссаломнинг куюниб айтган бу гапларига жиноятчи Самуд қавми қуйидаги жавобни берди:

«Сен сеҳрланганлардандирсан, холос. Сен бизга ўхшаган башардан бошқа ҳеч нарса эмассан. Агар ростгўйлардан бўлсанг, мўъжиза келтир» (153–154-оятлар).

Самуд қавмининг бу талабига биноан Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссаломга мўъжиза берди.

Энди Солиҳ алайҳиссалом Самуд қавмига ўша мўъжизани эълон қилмоқдалар:

«Мана бу туя. Унга (бир кун) сув ичиш ва сизга маълум бир кун сув ичиш. Ва унга ёмонлик етказманглар, йўқса сизни буюк куннинг азоби тутадир». Уни сўйдилар-у, надомат чекувчиларга айландилар» (155–157-оятлар).

Бошқа оятларда баён этилганидек, Аллоҳ таоло томонидан мазкур туянинг тошдан чиқарилишининг ўзи мўъжиза бўлган эди.

Қавм туяга мутлақо зарар етказмаслиги керак. Агар бу шартни бузиб, туяга зарар етказадиган бўлсалар, уларга азоб етиши турган гап эди. Аммо жинояткор қавм шартга амал қилмади. Самуд қавми туғёнга кетиб, туяни сўйишди. Кейин эса надомат чека бошлашди.

Самуднинг яна бошқа жинояти ҳам бор эди. Нобакорларнинг бу жинояти ҳақида Намл сурасида қуйидагилар айтилади:

«У шаҳарда тўққиз кишилик гуруҳ бўлиб, ер юзида бузғунчилик қилишар, ислоҳ қилмас эдилар» (48-оят).

Яъни Солиҳ алайҳиссаломнинг шаҳарлари бўлмиш Ҳижр шаҳрида тўққиз кишидан иборат бир гуруҳ бўлиб, ўша гуруҳ аъзолари бузғунчилик, фасод ишлар билан шуғулланишар, яхшиликка, ислоҳ қилишга қўл уришмас эди.

Ана ўша тўққиз кишилик бузғунчи гуруҳ аъзолари ислоҳга чақираётган Солиҳ алайҳиссаломдан энг кўп дарғазаб бўлишди. Ўз жиноятлари билан шаҳар аҳолисини қўрқитиб олган мазкур уюшган жиноятчилар гуруҳи ўзларининг барча ҳамкасбларига ўхшаб шаҳарнинг каттаю кичик ҳар бир ишига аралашиб туришарди.

Солиҳ алайҳиссаломнинг хабарлари чиққанидан сўнг улар ишни ўзларича муолажа қилишга ўтишди. Ҳамма замондаги бузғунчи, зўравон, жиноятчи, иймонсиз гуруҳларнинг услуби шу – ўзларининг йўлига қарши бўлган, одамларни фисқу фасоддан қайтараётган, халойиққа бузғунчилик, қаллоблик, ҳаром-хариш нималигини англатиб, уларнинг кўзини очаётган шахсга суиқасдлар уюштирилади; кечаси хоинларча беркиниб келиб, ўлдириб ёки бошқа бирор зарар етказиб кетилади; кейин мазлумнинг тарафдорларига «Бу ишни ким қилди экан, билмадик», дея бехабардек тураверишади.

Солиҳ алайҳиссаломнинг илоҳий даъвати ёқмаган тўққиз кишилик жиноятчи гуруҳдагилар ҳам худди шу услубни қўллаш ҳақида маслаҳат қилишди.

Солиҳ алайҳиссаломни очиқдан-очиқ ўлдиришга уларнинг юраги бетламади. Кечаси хоинларча келиб, ҳеч кимга билдирмасдан ўлдиришга аҳд қилишди.

Солиҳ алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлган жиноятчиларни Самуд қавмидан олдин Аллоҳ таоло осмондан тушган тошлар билан парчалаб ҳалок қилди.

Самуднинг қолган кофирларини эса Аллоҳ таоло турли услубдаги шиддатли азоблар билан ҳалок қилди. Қуръони Карим ўша ҳалок қилиш қандай бўлганини ўзига хос услублар ила турли сураларда баён этган.

Азобнинг биринчи тури:

«Биз уларга бир овоз юбордик ва улар қўра қурувчининг қуруқ шох-шаббаларига ўхшаб қолдилар» (Қамар сураси, 31-оят).

Яъни Аллоҳ таоло Самуд қавмини даҳшатли, кучли овоз билан ҳалок қилган. Улар ҳалок бўлганларидан сўнг қўйбоқарлар қўйхона қуриш учун ишлатадиган қуруқ шох-шаббаларга ўхшаб қолишган эди. Ҳозирги пайтда ҳам сирли суратда ҳалок бўлганларни «Қаттиқ овоздан қўрқиб ўлган бўлса керак», деб тахмин қилишмоқда.

Азобнинг иккинчи тури:

«Уларни шиддатли зилзила олди ва жойларида мук тушиб қолдилар» (Аъроф сураси, 78-оят).

Азобнинг учинчи тури:

«Аммо Самудни ҳидоят қилдик. Улар эса ҳидоятдан кўра кўрликни афзал кўрдилар. Касб қилган нарсалари туфайли уларни хорлик азобининг чақмоғи урди» (Фуссилат сураси, 17-оят).

Самуд қавми касб қилган куфри ва гуноҳлари туфайли чақмоққа учраб ҳалок бўлди. Бу чақмоқ хорлик азоби чақмоғидир.

Барча қавм ҳалок бўлиб, Солиҳ алайҳиссалом билан бирга тахминан бир юз йигирма нафар мўмингина саломат қолдилар. Солиҳ алайҳиссалом умрларининг охиригача мўминлар билан Фаластиннинг Рамла ноҳиясида тинч-омон яшадилар ва уламоларнинг рожиҳ (кучли) қавлларига кўра, шу ерга дафн қилиндилар.

Аллоҳнинг боида арабларга юборган учинчи пайғамбари Шуайб алайҳиссаломдир.