1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳуд алайҳиссалом -

Ҳуд алайҳиссаломнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломга бориб тақалади. Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмлари у зотнинг катта боболари Од номи билан аталади.

Од қавми боида – йўқ бўлиб кетган, энг қадимги араблардан ҳисобланади.

Од қавми ўзининг саркашлиги билан машҳурдир. Шунинг учун ҳам уларнинг ўз пайғамбарлари Ҳуд алайҳиссалом билан бўлиб ўтган қиссалари «Од қавми қиссаси» дейилади. Од қавми ҳам иккига бўлинади: биринчи Од ва иккинчи Од. Ҳуд қавми биринчи Оддир.

Бу қавм Арабистон яриморолининг жанубида, Яман билан Умон оралиғидаги Ҳазрамавтнинг шимолида, кўчиб юрувчи қумликларда, Аҳқоф номли жойда яшаб ўтишган. Улар баланд бўйли, кенг яғринли кишилар бўлиб, ҳайбатли чодирларда яшашган. Шунинг учун ҳам Од қавми ўз замонасидаги «энг қувватли кишилар» деб талқин қилинади.

Улар доимо: «Қани, биздан ҳам кучли одамлар борми?» деб мақтаниб юришарди. Уларнинг гавдалари катта бўлса-да, ақллари қисқа эди, доимо бут-санамларга сиғиниб, уларни ҳимоя қилиш учун урушиб юришарди.

Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлаш учун ўзларидан бўлган Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади.

Ҳуд алайҳиссалом ҳам, худди Нуҳ алайҳиссалом каби, қавмига Аллоҳга ибодат қилиш зарурлигини, Аллоҳдан ўзга ибодатга лойиқ зот йўқлигини тушунтирдилар. Шунингдек, уларни тақвога, Аллоҳдан қўрқишга чақирдилар. Зеро, уларга пайғамбар юборган Зот ягона, уларга кўрсатма берган Зот бирдир. Хўш, Ҳуд алайҳиссаломнинг қавми нима қилди?

Бу золим қавм Аллоҳнинг пайғамбарига «Сен эсипастсан. Сен ёлғончисан», деди. Ўз қавмидан бундай қабиҳ туҳматни эшитган Ҳуд алайҳиссалом айтди:

«Эй қавмим, менда эсипастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман. Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?! Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг. Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, зафар топсангиз» (Аъроф сураси, 67–69-оятлар).

Ҳуд алайҳиссалом жоҳил қавмга ҳақиқатни босиқлик билан, содда қилиб баён этишга ўтдилар. Улар даъво қилганларидек эсипаст эмасликларини, оламларнинг Робби томонидан пайғамбар этиб юборилганларини ҳамда пайғамбарлик мақсадларини баён этдилар.

«Эй қавмим, менда эсипастлик йўқ. Лекин мен оламларнинг Роббидан расулдирман. Сизларга Роббимнинг рисолатларини етказаман ва мен сизларга ишончли насиҳатгўйман».

Сўнг уларни пайғамбар ўзларининг ораларидан танлангани учун ажабланмасликка чақирдилар.

«Ўзингиздан бўлган бир кишига сизларни огоҳлантириш учун Роббингиздан эслатма келганидан ажабландингизми?!»

Кейин эса Аллоҳ томонидан уларга берилган имтиёзларни эслатдилар:

«Сизларни Нуҳ қавмидан кейин халифа қилганини ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилганини эсланг».

Аллоҳ таоло Нуҳ қавмини оғир гуноҳлари туфайли ер юзидан йўқ қилиб ташлаган эди. Худди шу осий қавмдан сўнг сизларни ер юзида ўзининг халифаси қилиб танлади. Бу улуғ неъмат. Бунга фақат шукр қилиш лозим эди.

«Аллоҳнинг неъматларини эсланг. Шоядки, зафар топсангиз».

Аллоҳ таолонинг сизга берган неъматлари жуда кўп. Уларнинг саноғига етиб бўлмайди. Бунинг фаҳмига етиш, тушунишга даъват – неъмат берувчи Зотга, яъни Аллоҳга шукр қилишга чорловдир. Шукр қилувчи бўлинг, шоядки,  нажот топсангиз».

Аммо Од қавми ҳам жаҳолатида қаттиқ туриб олди.

«Улар: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз ибодат қилган нарсаларни тарк этишимиз учун келдингми?! Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар» (70-оят).

Улар шу инкорлари билан ўзларининг эсипаст кимсалар эканларини ошкор қилишди. Ҳеч қандай далилсиз ота-боболари қилган амални Аллоҳдан келган амрдан устун қўйишди.

Уларнинг жаҳолатлари шу даражада эдики, ўша ботил нарсани деб ҳар қандай азоб-уқубатга тайёр эканларини билдиришди ва агар иймон келтирмасалар, Аллоҳнинг иқобига учрашлари муқаррарлигини таъкидлаб турган Ҳуд алайҳиссаломга:

«Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир!» дедилар».

Энди ортиқча гапга ўрин қолмади. Ҳуд алайҳиссалом қатъий қилиб:

«Батаҳқиқ, устингизга Роббингиз томонидан кирлик ва ғазаб воқе бўлган. Аллоҳ улар ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган, ўзингиз ва ота-боболарингиз номлаб олган исмлар ҳақида мен билан тортишасизларми?! Кутинглар! Мен ҳам сизлар билан кутиб тураман», деди» (71-оят).

Ҳуд алайҳиссалом қавмини йўлга солиш мақсадида турли чоралар кўриб бориш жараёнида уларга Аллоҳ таоло берган неъматларни ҳам эслатдилар: 

«Эй қавмим! Ҳар тепаликка бир белги бино қилиб, беҳуда ўйин қилаверасизми? Худди мангу турадигандек  «маснаълар» тутасиз» (Шуаро сураси, 128–129-оятлар).

Ушбу оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрикалар маъносида ишлатилмоқда. Албатта, қадимда ҳозиргидек иншоотлар бўлмаган. Шунинг учун ҳам қадимги тафсирларимизда бу сўзга баланд қасрлар, сув омборлари, баланд қўрғонлар маъноси берилган.

Асрдош тафсирчиларимиз эса «Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлаш ва бошқа фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди. «Маснаълар»дан мурод ўшалар», дейдилар. Биринчи оятда қурилишларга доир очиқ-ойдин маъно бор. Шунинг учун ушбу иккинчи тафсир асослироқ бўлиб чиқади.

Од қавми жисмоний жиҳатдан етук, баланд қоматли, жуда бақувват ва соғлом одамлар бўлишган. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ўткир зеҳн ҳам берганди, ҳамма уларга ҳавас қиларди. Аммо улар мазкур неъматларни тўғри йўлда ишлатишмади. Ғурурга кетиб, ҳовлиқишди ва «Биздан кучлироқ ким бор?!» деб мақтанишди. Беш кунлик дунё матоҳига берилишди. Улар ҳашамат, фахр ва бир-бирларидан ўзиш учун бекордан-бекорга улкан қасрлар, турли керакли-кераксиз иншоотлар бино қилишди. Шундай ишларга берилиб кетиб, Аллоҳ таолони унутишди ва турли ёмонликларга қўл уришди. Жумладан, моддий куч-қувватлари ила бошқаларга зулм ўтказишди.

Ҳуд алайҳиссалом уларни тавба қилишга чақириб кўрдилар, аммо бу иш ҳам фойда бермади. Бу ҳақда Ҳуд сурасида қуйидаги баёнлар келади. Ҳуд алайҳиссалом:

«Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади ва қувватингизга қувват зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», дедилар (52-оят).

Оятда истиғфор айтиб, тавба қилсалар, қувватларига қувват қўшилиши ваъда қилинмоқда.

Ҳуд алайҳиссаломнинг бу даъватларига Од қавми саркашлик қилиб, қўполлик билан салбий жавоб берди:

«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг. Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз. Биз фақат «Сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди» деймиз, холос». 

У айтдики: «Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан ва сиз ҳам гувоҳ бў­лингки, мен сиз ширк келтираётган Ундан ўзга нарсаларга алоқадор эмасман. Ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилинг-да, менга муҳлат бермай қўяверинг» (53–55-оятлар).

Ҳуд алайҳиссалом мўъжиза келтирмаганга ўхшайдилар, шунинг учун ҳам Од қавми таъна қилиб:

«Эй Ҳуд, бизга очиқ-ойдин ҳужжат келтирмадинг».

«Шу туфайли биз сенинг пайғамбар эканингга ишонмаймиз ва айтган сўзларингни қабул қилмаймиз», демоқда.

«Биз сенинг гапинг учун олиҳаларимизни тарк қилувчи эмасмиз» ва сенинг Худойингга сиғинувчи эмасмиз»

«ва биз сенга иймон келтирувчи ҳам эмасмиз».

«Қилаётган ишингга, айтаётган гапингга қараб, сен ҳақингда бир фикрга келдик. У ҳам бўлса:

«Биз фақат «Сени баъзи олиҳаларимиз ёмонлик ила урибди» деймиз, холос», дейишди.

Яъни «Жинни бўлибсан» деган сўзни бошқачароқ қилиб айтишди. Улардаги руҳий ва маънавий бузуқлик шу даражага бориб етган экан. Ўзларига пайғамбар бўлиб келган зотни жиннига чиқариб: «Алаҳсираб, ҳар хил гапларни гапиряпти», дейишмоқда.

Ҳолбуки, Ҳуд алайҳиссаломнинг гапларида ҳеч алаҳсираш аломати, жиннилик белгиси йўқ эди. У зотнинг ҳар бир сўзлари пурҳикмат, олий маъноларни, ўша қавмни бахт-саодатга етаклайдиган кўрсатмаларни ўз ичига олган эди.

У қавм бундай гапларни айтиб турганида Ҳуд алайҳиссаломнинг ҳам қаттиқроқ гапиришдан, уларни ожиз қолдиришга уринишдан ўзга чоралари қолмади:

«Мен Аллоҳни гувоҳ қиламан».

«Менинг пайғамбарлигимга Аллоҳнинг Ўзи гувоҳ. Агар ёлғончи бўлсам, мени жазолайди. Сиз гуноҳкор бўлсангиз, унда сизни жазолайди. Лекин ҳозир орани очиқ қилиб олайлик, мен сизларга бир ҳақиқатни айтиб қўяй:

«...ва сиз ҳам гувоҳ бўлингки, мен сиз ширк келтираётган Ундан ўзга нарсаларга алоқадор эмасман. Ҳаммангиз менга қарши ҳийла қилинг-да, менга муҳлат бермай қўяверинг».

Бу ҳам иймони комил инсоннинг Аллоҳ таолога ишонч билан айтган гапларидир. Ўзлари ёлғиз бўла туриб, қаршиларидаги душманга – қуввати, шиддати билан донг таратган бутун бошли бир халққа бу гапларни айтиш осон эмас.Аммо Ҳуд алайҳиссалом ўзларининг ҳақ йўлда эканларини бутун вужуди билан англаб етган пайғамбар эдилар. Аллоҳнинг хоҳишисиз у зотга ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаслигини яхши билар эдилар.

Ҳуд алайҳиссалом яна сўзларида давом этдилар:

«Мен менинг Роббим ва сизнинг ҳам Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим. Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир. Албатта, Роббим тўғри йўлдадир» (56-оят).

Шунинг учун ҳам: «Мен менинг Роббим ва сизнинг ҳам Роббингиз бўлмиш Аллоҳга таваккул қилдим».

Фақат Унгагина суяндим. Ундан ўзга таваккул қилинадиган зот йўқ.

«Ҳар бир ўрмалайдиган нарсанинг пешонаси Унинг чангалидадир».

«Ана шунинг учун ҳам мен сиздан эмас, ўша қудратли, ғолиб ва қаҳҳор Аллоҳ таолодан қўрқаман ва Унгагина суянаман».

«Роббим тўғри йўлдадир».

«Мен Роббимнинг йўлига юрганман ва Унинг ёрдами ила мақсадга етишимда шубҳа йўқдир. Сиздан заррача қўрқмаслигимнинг боиси ҳам шунда».

«Агар юз ўгириб кетсангиз, мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим. Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради ва сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз. Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилувчидир» (57-оят).

Яъни «Агар сиз мендан юз ўгириб кетмоқчи бўлсангиз, бемалол кетаверинг, менинг қўрқадиган жойим йўқ».

«...мен сизларга нима ила юборилган бўлсам, уни сизларга етказдим».

«Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари сифатида менга нимани топширган бўлса, ўшани бажардим. Вазифамни адо этдим. Энди У Зотнинг Ўзи сиз билан ҳисоб-китоб қилиб олади. Агар хоҳласа,

«Роббим ўрнингизга сиздан бошқа қавмни келтиради».

«Сиз куфрингиз, бебошлигингиз ила азобга ҳақли бўлдингиз. Шунинг учун У сизни хоҳлаган вақтида ҳалок қилиб, йўқотиб ташлаб, ўрнингизга Ўзига иймон келтирадиган, тақво қиладиган бир қавмни келтириши ҳеч гап эмас. Агар шундай қилса,

«...сиз Унга ҳеч бир зарар етказа олмассиз».

«Қўлингиздан ҳеч нарса келмайди, чунки сиз ожиз бир бандасиз».

«Роббим ҳар бир нарсани муҳофаза қилгувчидир», деди.

«Сиз Ундан қочиб қутула олмайсиз. Биз мўминларни ва динни Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳимоя қилиб олади».

Энди мунозара иши тугаб, белгиланган вақт келди.

«Амримиз келган пайтда Ҳудга ва у билан бирга иймон келтирганларга Ўз раҳматимиз ила нажот бердик ва уларни қаттиқ азобдан қутқардик» (58-оят).

«Ваъда қилинган азобни юбориб, Од қавмини ҳалок қилишга амримиз келганида Ҳуд алайҳиссалом ва у билан бирга иймон келтирган мўминларни истисно тариқасида бу азобдан қутқариб қолдик. Қутқарганда ҳам қаттиқ азобдан қутқардик.

Аммо ўша азоб кофирларни қаттиқ тутди. У қандай бўлганини Аҳқоф сурасидаги қуйидаги оятлар баён қилади:

«Унинг (азобнинг) водийлари томон булут бўлиб келаётганини кўрганларида: «Бу булут бизга ёмғир ёғдирур», дейишди. Йўқ! Бу ўзингиз ошиққан нарса – аламли азоби бор шамолдир» (24-оят).

Ривоятларда келишича, Од қавми қаттиқ иссиққа дучор бўлган. Ёмғир ёғмай, қурғоқчилик ва иссиқнинг таъсиридан ҳаво лов-лов қиздирган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган узун ҳадисда жумладан, бундай дейилади:

«...Од қавми қурғоқчиликка учраганида Қайл исмли одамни вакил қилиб юборишибди. У Муовия ибн Бакрнинг олдига бориб, ҳузурида бир ой меҳмон бўлибди. Ароқ ичиб, икки жориядан қўшиқлар эшитибди. Бир ой ўтгач, Муҳра тоғига чиқиб, дуо қилибди: «Аллоҳим! Ўзинг биласан, мен бир касални даволагани келганим йўқ ёки бир асирни озод қилгани ҳам келганим йўқ. Аллоҳим! Од қавмини Ўзинг сероб қиладиган нарса ила сероб қилгин».

Шунда унинг тепасидан бир қанча қора булутлар ўта бошлабди ва улардан «Танлаб ол!» деган овоз чиқибди. У бир қора булутга ишора қилибди. Шунда «Ўшани ол!» деган нидо келибди».

Оятдаги «водийлари томон», яъни Од қабиласининг водийлари томон кўндаланг бўлган нарса ана шу азоб булутидир. Албатта, бу ҳолни кўрган қавм «Энди қурғоқчиликдан қутулар эканмиз», деб хурсанд бўлди ва: «Бу булут бизга ёмғир ёғдирур», дейишди.

Лекин илоҳий рад жавоби бошқа хабарни келтирди: «Йўқ!»

«Сиз айтгандек эмас. Ўзингиз Ҳуд пайғамбарга «Агар ростгўйлардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир», деб шошилиб, орзиқиб сўраган эдингиз».

«Бу ўзингиз ошиққан нарса – аламли азоби бор шамолдир».

«Бу сиз айтаётгандек, ёмғир ёғдирадиган булут эмас. Бу ўзингиз орзиқиб сўраган нарсангиз – азобдир. Бу – азобни, аламли азобни ўз ичига олган бўрондир», дейилди.

Ушбу бўроннинг васфи ва оқибати келаси оятда баён қилинади:

«Роббининг амри ила ҳар бир нарсани яксон қилур. Масканларидан бошқа нарса кўринмайдиган ҳолга айланди. Жиноятчи қавмларни шундай жазолармиз» (25-оят).

Од қавмига юборилган шамол алоҳида азоб шамоли бўлиб, у Аллоҳнинг амри ила нимага тегса, вайрон-ҳалок қилиши керак эди.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда айтилишича, шундай бўлгани билан, бу бўрон бор-йўғи бир узукнинг тешигидай жойдан чиққан, холос.

Дарҳақиқат, шамол Од қавмини ҳалок қилди. У ўтган жойларда уй-масканлардан бошқа ҳеч нарса қолмади. Қавмнинг ҳаммаси ҳалок бўлиб кетди.

Аллоҳ таоло Од қавмини ана шундай тарзда ҳалок қилгач, Ҳуд алайҳиссалом Ҳазрамавтда ўз ҳаётларини давом эттирдилар. У зот вафот этганларида Ҳазрамавтнинг Тарим номли шаҳри яқинига дафн этилдилар.

Аллоҳ таолонинг боида арабларга юборган иккинчи пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломдир.