1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Яҳё алайҳиссалом -

Яҳё алайҳиссалом Закариё алайҳиссаломнинг ўғиллари эканини юқорида айтиб ўтдик. Бу икки зот Бану Исроилнинг охирги набийларидан бўлганлар. Улар ўз қавмларидан фақат туғён, залолат ва саркашлик кўрдилар. Шундай бўлса ҳам, Аллоҳга даъват қилишда давом этдилар. Яҳё алайҳиссалом ва Закариё алайҳиссалом – икковлари ҳам яҳудийлар тарафидан ваҳшиёна қатл этилдилар.

Яҳё алайҳиссаломнинг оналари Имроннинг қизи бўлиб, Марямнинг холасидир. Яҳё алайҳиссалом Ийсо алайҳиссаломдан олти ой олдин дунёга келиб, умрларининг кўп қисмини у зот билан бирга ўтказганлар.

Марям сурасида Яҳё алайҳиссалом ҳақларида қуйидагилар айтилади:

«Эй Яҳё, китобни қувват-ла ол!» (дедик). Унга гўдаклигидаёқ ҳикмат бердик» (12-оят).

Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга: «Тавротни қувват билан ол», демоқда. Аслида Мусо алайҳиссаломга нозил бўлган Тавротни кейин келган пайғамбарлар, жумладан, Закариё алайҳиссалом ва у зотнинг ўғиллари Яҳё алайҳиссалом ҳам ўқиб, унга амал қилганлар. Оятдаги

«Унга гўдаклигидаёқ ҳикмат бердик», деган жумлани уламоларимиз илму ҳикмат мазмунида таъвил қилганлар.

«...ва Ўз томонимиздан меҳрибонлик ва поклик (бердик). Ҳамда у тақводор эди» (13-оят).

Яъни «Яҳёга китоб, илму ҳикмат билан бирга, меҳрибонлик ва поклик ҳам бердик».

Шунингдек, Яҳё алайҳиссалом жуда тақводор зот эдилар.

«...ва ота-онасига меҳрибон бўлиб, димоғдор ва исёнчи эмасди» (14-оят).

Яҳё алайҳиссаломнинг фазилатларидан яна бири ота-онага меҳрибонликлари эди. Хусусан, кексаликда кўрилган фарзанднинг ота-онага меҳрибон бўлиши катта фазлдир.

«Унга туғилган кунида ҳам, ўладиган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам саломлар бўлсин» (15-оят).

Ибн Атийянинг айтишларича, Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломга инсон фарзанди энг заиф ва ёрдамга муҳтож бўладиган уч ҳолатда: туғиладиган, ўладиган ва қайта тириладиган кунларида саломатлик тилади. Бу жуда улкан саодатдир.

Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломни васф қилиб, Оли Имрон сурасида шундай марҳамат қилади:

«Меҳробда намоз ўқиб турганида фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган «калима»ни тасдиқловчи, пешво, шаҳвати тийилган, набий ҳамда солиҳлардан бўлган Яҳёнинг хушхабарини бермоқда», деб нидо қилдилар» (39-оят).

Закариё алайҳиссалом меҳробда намоз ўқиб турганларида Аллоҳнинг фаришталари келиб, у зотга суюнчилик хабарини етказдилар.

Онаси унга ҳали ҳомиладор бўлмасидан, Аллоҳ таоло Яҳё алайҳиссаломнинг васфларини баён қилмоқда.

Исми – Яҳё.

Бу фарзанд Аллоҳдан бўлган калимани тасдиқлайди.

Шаҳвати тийилган, яъни аёлларга нисбатан бўладиган рағбатини жиловлаб юради.

Шу жойда таъкидлаб ўтиш керакки, Қуръони Карим оятида бу сифат «ҳасур» лафзи билан келган. Бу сўз «эркаклиги йўқ» деган маънода ҳам ишлатилади. Баъзи яхши тушунмаган одамлар Яҳё алайҳиссаломга ҳам ушбу маънони нисбат беришади. Улуғ тафсирчиларимиз эса бу фикр мутлақо нотўғри эканини қайта-қайта таъкидлаганлар, чунки эркаклиги йўқ бўлиш жиддий нуқсон ҳисобланиб, пайғамбарлар бундай нуқсондан холи зотлардир. Яҳё алайҳиссаломда эркаклик хусусияти комил суратда мавжуд бўлган, бироқ Аллоҳ таоло у зотга аёл зотига нисбатан ҳосил бўладиган шаҳватни тийиш қобилиятини берган.

Яна оятда бўлажак Яҳё исмли фарзанд солиҳ пайғамбарлардан бўлишининг башорати ҳам қилинмоқда.

Яҳё алайҳиссалом тақво ва зоҳидлик билан ҳаёт кечирганлар. У зот кўпроқ наботот билан озиқланганлар.

Яҳё алайҳиссаломнинг даъватлари нозик ҳикмат ва мавъизалар асосида бўлган.

Имом Аҳмад бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Аллоҳ Яҳё ибн Закариёни беш нарсага амр қилган ҳамда Бану Исроилни ҳам ўша нарсаларга амал қилишга буюришни зиммасига юклаган эди. Сал бўлмаса, у кеч қолай деди. Ийсо алайҳиссалом унга: «Сен беш нарсага амал қилишга ва Бану Исроилни ҳам уларни қилишга амр этишга буюрилгансан. Уларни етказадиган бўлсанг – етказ, бўлмаса – мен етказай», деди.

У: «Эй биродарим! Агар сен мендан олдин қилсанг, азобга қолишдан ёки мени ер ютишидан қўрқаман», деди.

Сўнг Яҳё Бану Исроилни Байтул мақдисга жамлади. Масжид тўлди. У баландга чиқиб ўтирди ва деди: «Аллоҳ азза ва жалла мени беш нарсага амал қилишга амр этди ва сизларни ҳам ўшаларга амал қилишга буюрди. Улар қуйидагилар:

Биринчиси – Аллоҳга ибодат қилишингиз ва Унга бирор нарсани шерик қилмаслигингиз. Бу худди биров ўзининг хос кумуши ёки тилласига қул сотиб олганга ўхшайди. У қул ишлаб топганини бошқа одамга олиб келиб берса, сиздан қай бирингиз ўзининг қули шундай бўлишини хоҳлайди?! Аллоҳ сизни яратган ва ризқ берган. Унга ибодат қилингиз ва Унга бирор нарсани шерик қилмангиз.

Иккинчиси – сизларни намоз ўқишга амр қилди. Модомики банда алангламаса, Аллоҳ унга юз тутади. Қачон намоз ўқисангиз, алангламанг.

Учинчиси – сизларни рўза тутишга амр қилди. Бу худди бир тўп одамлар орасида мушкли халтани кўтариб юрган одамга ўхшайди. Уларнинг ҳаммаси мушк ҳидини пайқарлар. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан афзалдир.

Тўртинчиси – сизларни садақа беришга амр қилди. Бу эса худди душман билдирмай ушлаб олган кишининг мисолига ўхшайди. Унинг қўлини бўйнига боғлаб, чопиш учун олиб боришганида: «Ўзимга ўзим тўлов бериб, қутқариб олсам, майлими?» дебди. Сўнг оз-оздан кўпайтириб бориб, кўп мол эвазига олибди.

Бешинчиси – сизларни Ўзини кўп зикр қилишга амр этди. Бунинг мисоли худди ортидан душман қувиб келаётган одамга ўхшайди. У охири бориб, метин қўрғонга кириб, беркиниб олибди. Банда Аллоҳнинг зикрида бўлса, ўзини шайтондан қўрғонлаб турган бўлади».

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Фаластин ҳукмдори шоҳ Ҳирод золим ва фосиқ одам бўлган. У ўз акасининг хотини Ҳиродияни яхши кўриб қолиб, акасини ўлдирган ва унга уйланган эди. Бу ҳам етмагандек, унинг қизини, яъни ўз жиянини яхши кўриб қолиб, унга ҳам уйланмоқчи бўлди. Қиз ва унинг онаси ҳам бу ишга рози бўлишди. Бироқ Яҳё алайҳиссалом бундай никоҳ ҳаромлигини айтиб, қарши чиқдилар.

Шунда қизнинг онаси Яҳё алайҳиссаломни йўқ қилиш пайига тушиб қолди. Қизини ясантириб, ҳукмдорнинг олдига киргизди. У рақс тушиб, ҳукмдорнинг кўнглини олди. Шунда у қизга: «Тила тилагингни», деди. Қиз: «Яҳёнинг бошини ушбу товоққа солиб, олдириб кел», деди. У бу ишни бажаришга амр қилди ва Яҳё алайҳиссаломни сўйиб, бошини олиб келишди.

Яҳё алайҳиссаломнинг шогирдлари машъум хабарни Ийсо алайҳиссаломга етказганларида, у зот қаттиқ хафа бўлдилар ва одамларни Яҳё алайҳиссаломнинг даъватларига чақира бошладилар. Ийсо алайҳиссаломга кўплаб одамлар эргашди.

Яҳё алайҳиссаломнинг бу тарзда қатл этилишларига кўпчилик илм аҳллари қарши чиқишди. Шунда золим ҳукмдор уларнинг кўпчилигини, жумладан, Яҳё алайҳиссаломнинг оталари Закариё алайҳиссаломни ҳам ўлдирди.