1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Закариё алайҳиссалом -

Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг зурриётларидан бўлиб, Бану Исроилнинг набийларидан ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло у зотни бефарзандлик билан синаган эди. Аммо Закариё алайҳиссалом ноумид бўлмадилар. Ўзлари ва жуфтларининг ёшлари ўтиб қолган бўлса ҳам, сабр ила Аллоҳдан фарзанд сўрайвердилар.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:

«...ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: «Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан», деган эди. Бас, уни (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик. Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди. Улар Бизга таъзим ила бўйсунувчи эдилар» (89–90-оятлар).

Яҳудийларнинг «Ҳайкал» деб номланган асосий ибодатхонаси хизматларини қилиш шу авлодга насиб этган бўлиб, Закариё алайҳиссалом ўз даврларида ушбу ибодатхонанинг бошлиғи бўлганлар. Бу ҳақда Оли Имрон сурасида муҳим хабарлар келган.

«Бас, уни Робби жуда яхши қабул қилиб, ниҳоятда гўзал ўстирди ва Закариёни унга кафил қилди. Закариё ҳар қачон унинг олдига – меҳробга кирганида, унинг ҳузурида ризқ кўрди. «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди. «Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди» (37-оят).

Марям ибодатхона бошлиғи Закариё алайҳиссаломнинг кафилликларида алоҳида эътибор остида, иззат-икром билан ўсиб-улғайди. Аллоҳ таоло унга Ўзи иноят кўрсатиб турди.

Табиийки, Закариё алайҳиссалом Марямнинг кафили сифатида унинг озиқ-овқати, ризқидан доимо хабардор бўлиб туришлари лозим. Лекин ибодатхона меҳробида ибодат билан машғул бўлиб турган Марямнинг олдига қачон кирсалар, унинг ҳузурида ризқ турар эди. Бу ризқни ўзи келтирмаганини яхши билган Закариё алайҳиссалом ажабланиб, Марямга: «Эй Марям, сенга бу қаердан?» деди».

Пайғамбар Закариё алайҳиссаломни-ки таажжубга солибдими, демак, у ризқнинг манбаи албатта эътиборга лойиқдир.

Марям эса бу манбадан хабардор, шунинг учун бамайлихотир:

«Бу Аллоҳнинг ҳузуридан. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишисига беҳисоб ризқ берур», деди».

Бу манзарани кўриб туриб, бефарзанд юрган Закариё алайҳиссаломда фарзандли бўлиш ҳаваси янгидан уйғонди:

«Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: «Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан», деди» (38-оят).

Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг дуоларни эшитувчи Зот эканига тўла ишонч, чин ихлос билан дуо қилдилар. Шунинг учун ҳам, одатда бефарзанд катта ёшдаги кишиларнинг фарзанд кўриши эҳтимолдан йироқ бўлса-да, Аллоҳ таоло бу дуони қабул этди.

«Меҳробда намоз ўқиб турганида фаришталар унга: «Албатта, Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган «калима»ни тасдиқловчи, пешво, шаҳвати тийилган, набий ҳамда солиҳлардан бўлган Яҳёнинг хушхабарини бермоқда», деб нидо қилдилар» (39-оят).

Закариё алайҳиссаломнинг чин дилдан қилган дуолари қабул бўлди. Аллоҳнинг фаришталари келиб, у зотга суюнчилик хабарини етказдилар.

Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди. Оятда Яҳё исмли бўлажак фарзанд солиҳ пайғамбарлардан бўлишининг башорати қилинмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Закариё алайҳиссалом нажжор (дурадгор) бўлган эди», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Закариё алайҳиссаломни Бану Исроилнинг ҳукмдорлари арралаб ўлдиришган.