Довуд алайҳиссаломнинг насаблари Яҳузо (Яҳудо) ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимга боғланади. Насаб илми соҳибларининг ҳаммалари Довуд алайҳиссаломни Яҳузо ибн Яъқуб авлодидан эканларига иттифоқ қилишган.
Довуд алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин Бану Исроил заифлашиб, шариат йўқолиб, ширку хурофотлар кенг тарқалиб кетган, уларнинг бу ҳоллари яқин қўшнилари томонидан қулай фурсат билиниб, ерлари босиб олинган эди. Ўша пайтда Бану Исроил босқинчиларнинг зулми остида турли азобларга гирифтор бўлиб, хору зор ҳолда яшар эдилар. Кейин аввалги сатрларда баён қилинган ҳодисалар бўлиб ўтди. Ёш йигит Довуд Жолутни қатл қилди. Сўнг Аллоҳ таоло унга мазкур фазлларни берди.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илоҳий китоб ҳам берди. Бу ҳақда Нисо сурасида:
«Довудга эса Забурни бердик» (163-оят), дейди.
Тарихчилар: «Аллоҳ таолодан Забур берилган, пайғамбар бўлган вақтларида Довуд алайҳиссаломнинг ёшлари қирқда эди», дейишади. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири экани ҳаммага маълум. Унда мавъизалар, ибратлар, зикр қилинадиган дуолар жам бўлган.
Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ҳам ширали бўлган. У зот тиловат қилганларида осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан.
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга яна бир қанча фазлларни ҳам берган эди. Бу ҳақда Сод сурасида сўз боради:
«Қувват соҳиби бўлган бандамиз Довудни эсла. Албатта, у сертавбадир» (17-оят).
Довуд алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳар жиҳатдан қувват берган эди. У зот динда бақувват эдилар. Кун оралаб рўза тутар, кечанинг ярмида ухлаб, ярмида ибодат қилардилар. Подшоҳликлари ҳам кучли эди.
«Албатта, у сертавбадир».
Яъни ҳар бир нарсада Аллоҳга тавба қилувчидир. «Тавба» сўзининг луғавий маъноси ҳам «қайтиш»дир.
«Биз унга тоғларни беминнат хизматкор қилиб қўйдик. Улар у билан бирга кечқурун ва эрталаб (Аллоҳни) поклаб ёд этардилар. Тўпланган ҳолдаги қушларни ҳам. Барчалари У Зотга сертавбадирлар» (18–19-оятлар).
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга тоғларни бўйсундириб қўйган, тоғлар у зот билан бирга Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этар эди.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга қушларни ҳам бўйсундириб қўйган эди. Улар ҳам у зотга қўшилиб, Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этишарди.
Бунинг устига,
«...унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик» (20-оят).
«...унга подшоҳлигини қувватли қилиб бердик».
Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлишлари билан бирга подшоҳ ҳам эдилар. У зотнинг салтанатларини Аллоҳ таоло кучли қилиб қўйган, аскарлари кўп эди.
«…ҳамда ҳикматни ва ҳал қилувчи нутқни бердик».
Биз Довудга пайғамбарликни ҳам бердик. Яна унга талашиб-тортишганлар орасидаги жанжални ҳал қилиш ҳукмини бердик. У ҳеч иккиланмай ҳукм чиқарар эди.
Аллоҳ таолонинг Довуд алайҳиссаломга айтган қуйидаги сўзлари ҳам одамлар орасида ҳукм чиқаришда эҳтиёткор бўлишни яна бир бор таъкидлайди:
«Эй Довуд, албатта Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун Ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир» (26-оят).
Инсон зоти аслида Аллоҳ таолонинг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) ҳисобланади. Бу ҳақиқат бошқа оятларда алоҳида таъкидланган. Ушбу оятда эса зиммасига одамлар орасида ҳукм қилиш масъулияти юкланган Довуд алайҳиссаломга ўхшаш инсонларга халифалик яна ҳам оғир экани таъкидланмоқда.
«Эй Довуд, албатта Биз сени ер юзида халифа қилдик». Яъни биз сени ер юзида Ўзимизга ўринбосар қилиб қўйдик. Сен у ерда одамларнинг баъзи ишларини бошқарасан. Бу сенга жуда катта масъулиятдир. Уни адо этишда эҳтиёт бўл.
«Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит».
Шундай экан, Аллоҳнинг бандалари орасида адолат билан ҳукм юрит.
«Ҳавойи нафсга эргашма!»
Ўзингнинг нафсингдан чиқадиган ўй-фикрларга эргашма.
«Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин».
Ҳавойи нафсига эргашиш доимо Аллоҳнинг йўлидан адашишга олиб келган.
«Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун Ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир».
Ҳавойи нафсга эргашиш Аллоҳнинг йўлидан адашишга, бу эса ўз навбатида, Аллоҳни унутишга олиб келади. Аллоҳнинг йўлидан адашиш дегани Аллоҳни унутиш деганидир. Бўлмаса, Аллоҳнинг ҳукмлари турганда бошқа ҳукм юритилармиди?! Аллоҳнинг ҳукмидан юз ўгирганларга шиддатли азоб бордир.
Аллоҳ таоло Ўз иноятига олган бандаларини эса худди Довуд алайҳиссалом сингари аввалдаёқ огоҳлантириб қўяди.
Аллоҳ таоло Сабаъ сурасида Ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломга берган нарсалари ҳақида қуйидагиларни айтади:
«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик. «Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтаринг ва қушлар ҳам» (дедик). Унга темирни юмшоқ қилдик» (10-оят).
Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолога итоатли бандалардан бўлганлари учун оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга бошқаларда йўқ нарсаларни бергани ҳақида хабар бермоқда.
«Батаҳқиқ, Биз Довудга Ўзимиздан фазл бердик».
Пайғамбарлик ато этгани, илоҳий китоб бўлмиш Забурни нозил қилгани, тоғларни ва қушларни у зотга хизматкор қилиб қўйгани, темирни юмшатиб бергани ва бошқа нарсалар Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга ато этган мўъжизалардир. Улардан баъзиси ушбу оятда зикр қилинмоқда.
«Эй тоғлар, у билан бирга (тасбеҳни) қайтаринг ва қушлар ҳам».
Довуд алайҳиссалом Аллоҳ таолони поклаб тасбеҳ айтганларида, Забурни тиловат этган пайтларида тоғу тошлар ҳам, қушу ҳайвонлар ҳам у зотга қўшилар эди.
«Унга темирни юмшоқ қилдик».
Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга темирни хамирдек юмшоқ қилиб берган эди. У зот темирни оловга солиб тобламасдан ҳам, болға билан урмасдан ҳам, нимани хоҳласалар, ўшани қўллари билан ясай олар эдилар.
«...ва (унга) «Совутлар қилгин ва бичимини ўлчовли қил. Солиҳ амаллар қилинглар. Албатта, Мен нима амал қилаётганингизни кўриб турувчиман» (дедик)» (11-оят).
Яъни «Биз Довудга: «Ўзингга берилган хамирдек юмшоқ темирдан совут ясагин. Ўша совутларнинг бичимини ўлчовли қилгин», дедик. Совут Довуд алайҳиссаломгача бир бутун тўсиқ шаклида ясалар экан. Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга илҳом бергач, у зот совутни ҳалқалардан улаб, кийим шаклида ясайдиган бўлган эканлар. Оятдаги «бичимини ўлчовли қил» дегани «Ўша совутнинг ҳалқаларини бир-бирига мослаб, ўлчовли қил» деган маънони англатади.
Айни пайтда Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссалом ва у зотнинг аҳлларига хитобан «Солиҳ амаллар қилинглар», демоқда.
Яъни «Сизларга шунчалик фазлни бериб қўйдим. Бу эса сизларнинг яхши амаллар қилишингизни тақозо этади. Бу ишда нуқсонга йўл қўя кўрманглар».
«Мен нима амал қилаётганингизни яхши кўриб турувчиман».
Қилган амалингизга яраша мукофот ёки жазо берилади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг ортидан ҳам мулкда, ҳам пайғамбарликда ўғиллари Сулаймон алайҳиссаломнинг қолишини ихтиёр қилди. Довуд алайҳиссалом ва Сулаймон алайҳиссаломларнинг раҳбарлик ва нубувват даврлари фаровонлик, барқарорлик даври бўлиб, иброний халқлар жуда яхши яшаб ўтишга имкон топишди.
Довуд алайҳиссалом милоддан аввалги Х асрда 100 ёшларида оламдан ўтдилар ва Байтул мақдисдан Рамлага борадиган йўлнинг ўнг томонидаги тоққа дафн этилдилар.