Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдан кейин Бану Исроилнинг ишини Ҳизқил алайҳиссалом давом эттирдилар. Аммо у кишининг фаолиятлари узоқ давом этмади. Ҳизқил алайҳиссаломдан кейин Бану Исроил кўплаб фирқаларга бўлиниб кетди ва уларнинг аҳволи ёмонлашди. Бу қавм ер юзида фисқу фасод билан машғул бўлишди, набийларини қатл этишди. Шу сабабли Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг устидан душманларини ғолиб қилди, улар қатл қилган набийлар ўрнига туғёнга кетган жаббор подшоҳларни юборди. Натижада улар Бану Исроилнинг қонини зулм ила тўкишди, беаёв азоблашди. Бану Исроилга Ғазо ва Асқалон аҳли ҳам ғолиб келиб, улардан муқаддас тобутни тортиб олишди.
Шу даврдан бошлаб Бану Исроилдан нубувват кесилди, уларнинг давлати парчаланиб кетди. Иш шу ҳолда давом этиб, орадан тақрибан тўрт юз йил ўтди. Кейин Аллоҳ таоло уларга Шамвил[1] алайҳиссаломни набий қилиб юборди.
[1] Араб тилида яна Ашмувил, ибронийда Шамуэль, лотин тилида Самуэл, русчада Самуил деб аталади.