1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Юшаъ ибн нун алайҳиссалом -

Баъзи пайғамбарлар борки, исмлари Қуръони Каримда келмаган бўлса ҳам, ҳадиси шарифларда ёки набийлар қиссалари ёзилган мўътабар китобларда келган.

Шундай набийлардан бири Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломдир. У зот Бану Исроилга Мусо алайҳиссаломдан кейин раҳбар бўлганлар. Тарихчилар орасида Аллоҳ таолонинг «Мусо ўз хизматкорига: «Икки денгиз жамланган жойга етмагунимча, ҳатто узоқ муддат сарфласам ҳам юравераман», деганини эсла» (Каҳф сураси, 60-оят) деган сўзидаги хизматкор йигит Юшаъ алайҳиссаломдир, деганлар бор.

Ҳорун алайҳиссалом вафот этгач, Бану Исроил саҳродаги маълум ҳудудда зое, саргардон бўлиб, «тийҳ» ҳолатида, яъни адашиб-улоқиб юрди. Аллоҳ таоло уларни жазолаб, Сийно саҳросида адашиб юришни тақдир этди. Мусо алайҳиссалом ҳам ўша пайтда вафот этдилар. Мазкур ҳолат қирқ йил давом этди. Бунинг зикри Мусо алайҳиссаломнинг Мисрда кечирган ҳаётлари ҳақидаги қиссада батафсил келади. Муҳими шуки, Бану Исроилдан ким тирик қолган бўлса, Юшаъ алайҳиссалом билан бирга «тийҳ» ҳолатидан чиқди. Улар Байтул мақдисга боришди. У ерда Юшаъ алайҳиссалом Бану Исроилдан қўшин туздилар. Уларни ўн икки уруғ асосида ўн икки қисмга бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом улар билан бирга бориб Арийҳо, сўнг Байтул мақдисни фатҳ қилмоқчи бўлдилар. Юшаъ алайҳиссалом уларнинг ичида тахминан 27 йил Аллоҳнинг китоби – Таврот билан ҳукм юритдилар. Юшаъ алайҳиссаломнинг вафотларидан кейин Бану Исроил яна залолат ва фисқу фасодларига қайтишди.

Ушбу оралиқ даврда Арабистон яриморолидан кўплаб канъоний жамоатлар келиб, Сурияда қарор топишди. Улар Дамашқ, Ҳамо ва бошқа мамлакатларни тузиб, у ерларга мустаҳкам ўрнашиб қолишди. Улар бут-санамларга ибодат қилишган. Энг машҳур санамлари Иштор маъбудаси ва Адунис маъбуди бўлган.