Қуръони Каримда бу пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари Анъом сурасида бир марта, Сод сурасида бир марта зикр қилинган.
«...ва Исмоил, Ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам. Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» (Анъом сураси, 86-оят).
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларидан катта гуруҳини зикр қилиш давомида Исмоил, Ал-Ясаъ, Юнус ва Лут алайҳиссаломларни зикр этган. Буларнинг алоҳида ажралиб турадиган сифатлари Аллоҳнинг Ўзига аён.
Аммо «Барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик» дейилишидан улар оламдаги энг афзал зотлар экани маълум бўлмоқда.
Сод сурасидаги Ал-Ясаъ алайҳиссалом ҳақларидаги оят юқорида ўтди. Бироқ у зот тўғрисида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда бошқа маълумот йўқ.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом Илёс алайҳиссаломнинг амакилари Ахтубнинг ўғли бўлганлар. У зотнинг насаблари Юсуф алайҳиссаломда туташади.
Ал-Ясаъ алайҳиссалом Бану Исроилнинг пайғамбарларидан бўлиб, Илёс алайҳиссаломнинг шариатларига даъват қилганлар. У зотнинг даврларида гуноҳ ишлар ва зулм ниҳоятда кучайган. Ана шундай оғир бир шароитда Ал-Ясаъ алайҳиссалом Шомнинг Баълабакка шаҳрида пайғамбарлик қилганлар ва ана шу заминда вафот этганлар.