У зотнинг насаблари Ҳорун алайҳиссаломга туташади.
Соффот сурасида Илёс алайҳиссалом ҳақларида қуйидаги оятлар келган:
«Албатта, Илёс ҳам расуллардандир» (123-оят).
Илёс алайҳиссалом Бану Исроилнинг пайғамбарларидан биридирлар. У зот Ҳорун алайҳиссаломнинг наслидан бўлиб, Илёс ибн Ёсин деб аталганлар. Илёс алайҳиссалом Шом ўлкаси, аниқроғи, ҳозирги Ливан давлатидаги Баълабакка шаҳрида яшаб, ўша ердаги Баъл номли санамга ибодат қилувчи бир қавмга юборилганлар ва ўша ерда вафот этганлар.
«Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизми?! Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми? Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби – Аллоҳни-я?!» (124–126-оятлар)
Аллоҳ таоло томонидан пайғамбар қилиб юборилган Илёс алайҳиссалом ҳам бошқа пайғамбарлар каби қавмларини тўғри йўлга, Аллоҳнинг ибодатига даъват этдилар.
«Ўшанда у қавмига деди: «Тақво қилмайсизми?!»
Илёс алайҳиссалом қавмларини тақводор бўлишга чақирдилар. Шунингдек, қавмларининг Аллоҳга ширк келтириб, санамга сиғинишларини инкор этдилар:
«Баълга ибодат қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми? Роббингизни ва аввалги ота-боболарингизнинг Робби – Аллоҳни-я?!»
Уларни Аллоҳнинг ибодатини тарк этмасликка, Унга ширк келтирмасликка чақирдилар. Лекин қавмлари бу чақириқларга қулоқ осмади.
«Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Энди албатта улар (азобга) ҳозир қилинувчилардир» (127-оят).
Қавм Илёс алайҳиссаломни ёлғончи қилди. У зотга иймон келтирмади, у зотнинг айтганларига юрмади, тақво қилмади. Баълга ибодат қилишда давом этди. Аллоҳ таолонинг ибодатини тарк қилди. Шунинг учун
«Энди албатта улар (азобга) ҳозир қилинувчилардир».
Албатта, дўзах азобини тотиш учун ҳозир қилинажаклар.
«Аллоҳнинг танланган бандаларигина мустасно» (128-оят).
Улар жаннатда мукофотларини олишга ҳозир бўладилар.
«...ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик» (129-оят).
Дунё тургунча келадиган авлодлар Илёсни мақтаб, олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик:
«Илёс(ийн)га[1] салом бўлсин». Биз яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлармиз, чунки у мўмин бандаларимиздандир» (130–132-оятлар).
«Шунинг учун иймон тақозоси билан Бизнинг йўлимизда жидду жаҳд қилди ва мазкур олий мақомларга эришди».
Шу ерда Илёс алайҳиссаломнинг қиссалари тамом бўлади.
Аллоҳ таоло Анъом сурасидаги бир қанча пайғамбарларнинг зикри асносида келган оятлардан бирида:
«...ва Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам. Ҳаммалари солиҳлардандир» (85-оят) деб Илёс алайҳиссаломни ҳам зикр қилган.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган пайғамбарлар – Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёс алайҳиссаломлар зуҳду тақво билан машҳур бўлганлар. Шунинг учун ҳам улар ояти каримада «Ҳаммалари солиҳлардандир» ибораси ила васф қилинаётирлар.
Зотан, ҳамма пайғамбарлар аҳли солиҳлардандир. Ушбу тўрт пайғамбар аҳли солиҳликда алоҳида мартабага эришганлар.
[1] Бу сўз ҳақида баъзи уламоларимиз: «Илёс сўзи «фосила» (оятларнинг охирини бир-бирига ўхшатиш) учун ушбу шаклда келтирилган», десалар, бошқалари «Илёсийн – Илёснинг жами, яъни Илёс ва унга эргашган мўминларга салом бўлсин дегани» деб тафсир қиладилар.