Юсуф алайҳиссаломнинг насаблари ҳақидаги энг ажойиб гап Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Бухорий ривоят қилган қуйидаги сўзларидир:
«У каримдир, каримнинг ўғли бўлган каримнинг ўғлидир, Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳимдир».
У зотнинг оналари Роҳила бинт Лобондир.
Юсуф алайҳиссалом Яъқуб алайҳиссаломнинг ўн икки ўғилларидан бири ва уларнинг ичидан чиққан ягона пайғамбардирлар.
Яъқуб алайҳиссалом кичик ўғиллари Бинёмин ва Юсуфни бошқа ўғилларидан кўра кўпроқ яхши кўрар ва уларга кўпроқ меҳрибончилик кўрсатар эдилар, чунки икковларининг оналари Роҳила анча йиллар аввал вафот этиб кетган эди.
Юсуф алайҳиссаломнинг машҳур қиссаларининг қисқача баёни қуйидагилардан иборат:
Яъқуб алайҳиссаломнинг Юсуф алайҳиссаломга бўлган муҳаббатлари зиёда бўлгани сабабли ака-укалари у кишига нисбатан ҳасад қилиб яшар эдилар. Кунларнинг бирида улар укаларидан қутулиш чорасини ўйлаб топишди ва бу ишни амалга оширишга қарор қилишди. Оталари кичик Юсуфни ниҳоятда авайлар, ҳеч кимга ишонмас эдилар. Лекин ўша куни акалари Юсуфни ўзлари билан олиб кетиш учун ялиниб, қаттиқ туриб олишгач, улар билан бирга юборишга мажбур бўлдилар. Акалари Юсуфни Байтул мақдис заминидаги бир қудуққа ташлашди. Сўнг оталарининг олдига йиғлаган ҳолда қайтиб келишди. «Биз ўйинга берилиб, ғафлатда қолибмиз, Юсуфни бўри еб кетибди», деган ёлғон гапларни гапириб, бу гапларига ашёвий далил сифатида Юсуфнинг қонга бўялган кўйлагини кўрсатишди.
Шомдан Миср сари йўлга чиққан карвондагилар ўша ердан ўтиб кетаётиб, Юсуф алайҳиссаломни кўриб қолишди. У кишини қудуқдан чиқариб олиб, ўзлари билан бирга Мисрга олиб кетишди ва у ерда Юсуф алайҳиссаломни Миср азизи (бош вазири) сотиб олиб, тарбия қилди. Юсуф алайҳиссалом ниҳоятда гўзал ва кўркам йигит бўлиб вояга етдилар.
Юсуф алайҳиссаломга ошиқ бўлиб қолган бош вазирнинг аёли кунларнинг бирида у зотни зинога таклиф қилди. Юсуф алайҳиссалом бош тортган эдилар, аёл «У мендан фаҳш ишни истади», дея бўҳтон тўқиди. Ҳакам чақирилиб, Юсуф алайҳиссаломнинг содиқликлари, аёлнинг ёлғончилиги исботланди. Ҳамма бунга ишониб, қаноат ҳосил қилди. Аммо шундай бўлса ҳам, Юсуф алайҳиссалом зиндонга ташландилар. У киши қамоқда бир неча йил қолиб кетдилар. Сўнг подшоҳнинг етти йиллик қаҳатчилик ҳақидаги кўрган туши, Юсуф алайҳиссаломнинг бу тушни оқилона таъбир қилиб беришлари, бош вазирнинг хотини ўз айбига иқрор бўлиши у кишининг қамоқдан озод қилинишларига сабаб бўлди.
Подшоҳ Юсуф алайҳиссаломда ишларни идора қилиш қобилияти борлигини билиб, у кишини хазинага ва давлатнинг баъзи ишларига раҳбар қилиб қўйди. Юсуф алайҳиссалом бошларига тушган қийинчиликларга, қамоқ ва туҳматларга қарамай, яхши амалларни қилаверганларининг мукофоти ўлароқ, улкан мақомга эришиб, омонат (ишончлилик) билан кўпчилик манфаати йўлида хизматларини давом эттириб бордилар. Юсуф алайҳиссалом қўшни юртлардаги етти йил давом этган очарчилик пайтида у ерларга буғдой сотар эдилар. Бу эса ўша пайтда Миср ерлари унумдор ерлар бўлгани, Миср халқи фаровон ҳаёт кечирганига далолат қилади.
Юсуф алайҳиссаломнинг тадбиркорликлари ва Аллоҳ берган имкониятларни ишга солишлари туфайли Миср аҳли бу қаҳатчиликдан катта зарар кўрмади. Ҳатто бошқа ўлкаларда яшовчи халқлар улардан озиқ-овқат борасида ёрдам сўраб кела бошлашди. Мисрда озиқ-овқат сероблигини эшитиб, Юсуф алайҳиссаломнинг оға-инилари ҳам бу ерга келишди. Юсуф алайҳиссалом уларни кўрган заҳоти таниб, ўзига яраша муомала қилдилар, лекин оға-инилар у кишини танишмади. Юсуф алайҳиссалом уларга буғдой сотар эканлар, янаги сафар келишларида укаларини ҳам бирга олиб келишларини талаб қилдилар. Акалар қайтиб бориб, Яъқуб алайҳиссаломга хабар беришган эди, у киши болани уларга қўшиб юборишдан бош тортдилар. Лекин ўғиллар қаттиқ туриб олишгач, рухсат бердилар. Улар яна Мисрга бориб, дон сотиб олишди. Қайтиб кетаётганларида подшоҳнинг сув идишини ўғирлаганликда айбланиб, йўллари тўсилди. Идишни излаб, Бинёминнинг юклари ичидан топиб олишди ва Юсуф алайҳиссалом уни олиб қолдилар. Бу ишларнинг барчаси аввалдан ўйланган тадбир асосида бўлаётган эди. Акалар қайтиб бориб, оталарига хабарни етказишди. У зот алайҳиссалом қаттиқ куюнганларидан кўзлари кўрмай қолди.
Яъқуб алайҳиссалом ўғилларига Юсуфни ва унинг укасини излаб топишни буюрдилар. Ўғиллар яна йўлга чиқиб, учинчи бор Мисрга келишди ва Юсуф алайҳиссаломга учрадилар. Бу сафар Юсуф алайҳиссалом ўзларини танитиб, уларни афв қилдилар ва қайтиб бориб оталарини, аҳли аёли, фарзандлари – ҳаммаларини олиб келишларини талаб қилдилар. Шу тариқа Бану Исроил – яҳудийлар Мисрга кўчиб ўтишди.
Юсуф алайҳиссаломнинг қиссалари Қуръони Каримнинг Юсуф сурасида батафсил зикр қилинган.
Юсуф сураси битта қисса бошидан охиригача тўлиқ, бошқа мавзулар аралашмаган ҳолда ҳикоя қилинган ягона сурадир. Фақат қисса тамом бўлганидан кейин суранинг охирида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган оятлар келади.
Бу сурада бошқаларидан фарқли ўлароқ, кўпроқ оилавий муносабатлардаги салбий ўринларга, ҳукмрон доиралар ичидаги ихтилофларга, уларнинг атрофидагиларга тегишли ҳолатларга эътибор қаратилган.
Бу сурада хаёлий гаплар йўқ, лирик чекинишлар ҳам, ўқувчиларни қизиқтириш учун тўқилган ёлғонлар ҳам. У бошидан охиригача ибрат, ваъз-насиҳатдан иборат. Аллоҳ таолонинг ваҳий қилиб юборган илоҳий китобида келган ушбу қиссани ўқиш ҳам, эшитиш ҳам ибодатдир.
Юсуф алайҳиссалом тахминан 110 йил умр кўрдилар.