1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Юнус алайҳиссалом -

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ироқнинг Мовсил вилояти яқинидаги Нийнаво деган жойга ўз набийси Юнус алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Юнус алайҳиссалом Бану Исроилнинг набийларидандирлар. Насаблари Юсуф алайҳиссаломнинг туғишган укалари Бинёминга етиб боради. У зот Юнус ибн Матто исми билан машҳурдирлар. Матто у зотнинг оналарининг исми бўлган. Пайғамбарлар ичида фақат Юнус ва Ийсо алайҳиссаломлар оналарига нисбат берилганлар.

Ўша даврда Юнус алайҳиссалом набий этиб юборилган ерларнинг аҳолиси турли санамларга ибодат қилар, турфа гуноҳ ишлар билан шуғулланишарди. Юнус алайҳиссалом уларни Аллоҳ таолога иймон келтиришга, гуноҳ ишларни тарк этишга даъват қилдилар. Лекин улар бу даъватни қабул қилишмади, фисқу фасод ишларида давом этишди.

Юнус алайҳиссалом маълум муддатдан сўнг уларни Аллоҳнинг азоби нозил бўлишидан огоҳлантирдилар. Кўнишмагач, аччиқлари чиқиб, «Мен ўз вазифамни адо этдим, энди гуноҳкорлар ичида қолмаслигим керак», деган тўхтамга келдилар. Шаҳарни ташлаб, чиқиб кетдилар. Бу ишни ўзларича, шуниси тўғри деган фикрда, Аллоҳнинг изнисиз қилдилар. Юриб-юриб, ниҳоят денгиз соҳилига етиб бордилар. Жўнашга шайланиб турган бир кеманинг эгаларидан ўзларини бирга олиб кетишларини сўраган эдилар, улар рози бўлишди.

Кема денгизга чиққанда бирдан шамол туриб, довул бошланди. Тўлқин кучайиб, кеманинг ғарқ бўлиш хавфи туғилди. Кема бошқарувчилар ҳам, йўловчилар ҳам қўрқиб, даҳшатга тушишди. Тўпланиб маслаҳат қилишди. Баъзилар: «Ичимизда гуноҳкор киши бор, шунинг учун ноқулай аҳволда қолдик», дейишди. Маслаҳатдан сўнг қуръа ташлаб, қуръа кимнинг чекига тушса, ўша одамни қурбонлик учун денгизга ташлаб юборишга қарор қилишди. Қуръа қайта-қайта Юнус алайҳиссаломга чиқди ва у зотни денгизга ташлаб юборишди. Аллоҳ таолонинг амри билан у зотни улкан балиқ ютиб юборди ва ҳазм қилмасдан, қорнида олиб юрди. Шунда Юнус алайҳиссалом хатоларини тушуниб етдилар. Балиқнинг қорнида ёлвориб, зорланиб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Аллоҳ таоло дуоларини ижобат қилиб, балиққа амр қилди ва у Юнус алайҳиссаломни озор етказмасдан, очиқлик жойга олиб чиқиб ташлади. Баданлари балиқнинг ичида оқ ем бўлиб кетган Юнус алайҳиссалом беҳуш ётиб қолдилар. Аллоҳ таоло раҳм қилиб, офтобдан зарар етмаслиги учун устиларига соя солиб турувчи сербарг ошқовоқни ўстириб қўйди. Ушбу ҳолатда бир муддат ётиб, соғайиб, ўзларига келдилар.

Аллоҳ таоло у зотга қавмларининг олдига боришлари учун фармон берди. Юнус алайҳиссалом кетиб қолгач, азобнинг бошланиши зоҳир бўлгандан сўнг улар хатоларини тушуниб, Аллоҳга азобни қайтаришини сўраб, ёлвориб, тавба қилишган эди. Уларнинг сони юз мингдан кўпроқ эди. Юнус алайҳиссалом уларнинг ҳузурига қайтиб, барчаларини иймонга чақирдилар ва Аллоҳ таоло уларни ҳидоятга бошлади.

Қуйидаги ояти каримада Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарлар билан бир қаторда зикр қилган:

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).

Аллоҳ таоло Қалам сурасида Юнус алайҳиссаломнинг қиссаларини қуйидагича баён қилади:

«Роббингнинг ҳукмига сабр қил ва бир вақтлар ғамга тўлган ҳолда нидо қилган «балиқ соҳиби» сингари бўлма» (48-оят).

«Балиқ соҳиби»дан мурод Юнус алайҳиссаломдир. У зот қавмига аччиқ қилиб, уларни ташлаб чиқиб кетганлари, кемада кетаётиб, қуръага тушганлари ва денгизга отилганлари, балиқ ютиб юборганда унинг қорнида Аллоҳга ёлворганлари ҳақида салгина юқорида маълумотлар олдик.

Кейинги оятларда Юнус алайҳиссаломнинг қиссалари баёни давом этади.

«Агар Роббининг неъмати уни топмаганида, мазамматга қолган ҳолида очиқ саҳро жойга ташланган бўларди. Робби уни танлаб олди ва солиҳ бандаларидан қилди» (49–50-оятлар).

Яъни агар Юнус алайҳиссаломни Аллоҳнинг неъмати излаб топмаганида, у зот ўзларини ютиб юборган балиқ томонидан очиқ саҳрога мазамматли ҳолда ташланган бўлар эдилар.

Лекин Аллоҳ таоло у зотга раҳм кўрсатди. Балиқ озор етказмай қорнидан қирғоққа чиқариб қўйди. Беҳуш ётганларида, устларида сербарг ошқовоқ соя солиб турди. Аллоҳ таоло у зотни Ўзининг солиҳ бандаларидан қилди.

Юнус алайҳиссалом қавмининг нажот топиши

Юнус алайҳиссалом қавмининг нажоти ҳақида Аллоҳ таоло Юнус сурасида қуйидагиларни айтади:

«Қани энди, бирон қишлоқ иймон келтирганда, унга иймони манфаат берса эди. Фақат Юнус қавми иймон келтирганларида, улардан дунё ҳаётидаги хорлик азобини кушойиш қилдик ва уларни маълум вақтгача баҳралантирдик» (98-оят).

Бундан бошқа ҳеч бир қавм бошига илоҳий азоб келиб қолганда тавба қилиб, нажот топмаган. Балки Фиръавнга ўхшаб охирги лаҳзада келтирган иймони фойда бермай, ҳалокатга учраган.