Нуҳ алайҳиссалом Идрис алайҳиссаломнинг авлодларидандир. У зотнинг оталарининг исми Ломакдир.
Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у киши: «Одам билан Нуҳ орасида ўн аср (авлод) ўтган. Ҳаммаси Исломда бўлган», деганлар.
Одамларнинг диндан узоқлашиши
Аллоҳ таоло Одам Атони жаннатдан ерга туширгач, унинг зурриётига барака берди. Улар тезда кўпайиб кетдилар, касб-кор ўргандилар. Улар Одам Атога келган динга эътиқод қилиб, ягона Аллоҳга ибодат қилиб яшай бошладилар. Одам алайҳиссалом авлодларини то қиёматгача хайрли ишлардан қайтаришга онт ичган шайтон бу ҳолга тоқат қила олмади. Кишиларни ширкка чақириш, бут-санамларга ибодат қилдириш пайига тушди. Одам Атонинг дастлабки авлодлари ичида Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор, солиҳ кишилар бор эди. Атрофдагилар уларни яхши кўришар, ҳурмат қилишарди. Вақти-соати етиб, улар оламдан ўтганларидан сўнг шайтон қолган кишиларни: «Агар сизлар вафот этган солиҳ кишиларни ҳақиқатда яхши кўрсангиз, уларни эслаб туришни хоҳласангиз, суратларини чизиб қўйинг, эртаю кеч кўриб турасизлар», дея васваса қила бошлади. Бу гап одамларга ёқиб тушди. Аввалбошда суратларига қараб, уларни эслаб туришди. Сўнг суратлар ўрнига ҳайкаллар қилиб, ибодатхона ва уйларга қўйишди. Улар бу ҳайкаллар ҳеч кимга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмаслигини яхши билишса ҳам, лекин солиҳ кишиларнинг баракаси умидида ҳайкалларни ҳурмат қилишарди. Вақт ўтиши билан ҳайкалларнинг сони ҳам, уларга бўлган иззат-икром ҳам ортиб бораверди. Қайси солиҳ киши вафот этса, унга ҳайкал қўядиган бўлишди.
Кейинги авлодлар одамлар ўз оталарининг ҳайкалларини улуғлаётганларини, уларнинг ҳузурида дуо қилишаётганини кўриб вояга етдилар. Охир-оқибатда кишилар ҳайкалларга сажда қиладиган, улардан ёрдам сўрайдиган ва уларга қурбонлик атайдиган бўлиб қолишди. Шундай қилиб ҳайкаллар буту санамларга айланди. Одамлар уларни илоҳ даражасига кўтариб, эътиқод билан ибодат қила бошладилар.
Яратган Холиқни қўйиб, тошдан, лойдан, ёғочдан бўлган ҳайкалларга сиғиниш катта хато ва зулм, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган улкан гуноҳ эди.
Янги пайғамбарлар юбориш зарурати
Ана шунда Аллоҳ таоло адашган бандаларига раҳм қилиб, уларга тўғри йўлни кўрсатиши учун пайғамбар юборишни ирода қилди.
Парвардигор бу пайғамбар одамларнинг ўзларидан бўлишини хоҳлади, чунки пайғамбар Аллоҳ таолонинг фармонларини кишиларга етказиш билан бирга, ўз ҳаётига татбиқ қилиб, ўрнак бўлиши ҳам зарур эди. Агар пайғамбар фаришта бўлса, одамлар: «Бу фаришта. Унинг биздан устунлиги бор. Шунинг учун фармонларни бажариши ҳам осон, биз эса бажара олмаймиз», дея баҳона қилишлари мумкин эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло одамларга ўзларидан чиққан, ўзларига ўхшаш бир одам пайғамбар бўлса, бундай баҳонани пеш қила олмайдилар, деган ҳикмат билан шундай ирода қилди.
Шис ва Идрис алайҳиссаломлар набий сифатида ўз қавмларининг хатоларини тузатишга, тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдилар, аммо улардан кейин аҳвол янада оғирлашди. Аллоҳ таоло яна янги пайғамбар юборишни ирода қилди.
Нуҳ алайҳиссаломнинг юборилишлари
Ўша замонда яшаган кишилар ичида бойлар, зодагонлар кўп бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ олижаноб, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғрисўз, омонатли, меҳрибон одам эди.
Аллоҳ таоло у зотга ваҳий юбориб, қавмини динга чақиришга буюрди. Нуҳ алайҳиссалом «Мен сизга пайғамбар бўлдим», деб қавмига мурожаат қилганларида, баъзилар: «Бу қачондан бери пайғамбар бўлиб қолибди? Кечагина биз билан юрган эди-ку!» дейишди.
Мутакаббир бойлар эса: «Аллоҳ шу қашшоқдан бошқани топа олмабди-да, нима, бошқалар ўлган эканми?» дейишди.
Яна бошқа бировлар: «Нуҳ шу йўл билан обрў топмоқчи, бошлиқ бўлмоқчи», дейишди.
Шундай қилиб Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини иймонга чорлади. Бут-санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади.
Бу ҳолатни Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида қуйидагича баён этади:
«Биз Нуҳни «Қавмингни уларга аламли азоб келишидан аввал огоҳлантир», деб ўз қавмига расул қилиб юбордик» (1-оят).
Нуҳ алайҳиссалом Ироқнинг жанубида, ҳозирги Куфа шаҳри жойлашган ҳудуд атрофида яшаган аҳолига пайғамбар қилиб юборилганлар.
Нуҳ алайҳиссалом «расулларнинг шайхи» деб ҳам аталадилар, чунки у зот беш «улул азм» («сабот-матонатли») пайғамбарлардан биридирлар.
Нуҳ алайҳиссаломнинг даъватлари
Нуҳ алайҳиссалом амри илоҳийни бажаришга, ўз қавмларини Аллоҳ таолонинг динига даъват қилишга киришдилар. У зот қавмларини Аллоҳнинг динига даъват қилишда барча имкониятларни ишга солдилар.
Аввал махфий, кейинроқ ошкора, охирида ҳам ошкора, ҳам махфий даъват қилдилар. Шу билан бирга, уларни қизиқтириш учун диндорликдан бу дунёнинг ўзидаёқ келадиган фойдаларни ҳам зикр қилдилар. Аммо саркаш қавм ўз пайғамбарининг даъватини қабул қилмади, турли нобакорликларда давом этди.
Нуҳ алайҳиссаломнинг ҳасратлари
Шунда Нуҳ алайҳиссалом ўз ишларини, дарду ҳасратларини тўкиб солдилар.
Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида марҳамат қилади:
«Нуҳ деди: «Роббим, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси зиёндан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар ва ниҳоятда катта макр қилдилар. Улар: «Илоҳларингизни ҳеч тарк қилманглар ва Ваддни ҳам, Сувоъни ҳам, Яғусни ҳам, Яуқни ҳам, Насрни ҳам тарк қилманг», дедилар» (21–23-оятлар).
Ривоятларда келишича, Вадд, Сувоъ, Яғус, Яуқ ва Насрлар солиҳ, тақводор кишилар бўлишган. Одамлар уларни ниҳоятда яхши кўриб, ҳурмат қилишган. Вақти-соати етиб, улар вафот этиб кетишгач, одамлар шайтон васвасасига учиб, уларнинг суратларини чизишган, сўнг ҳайкалларини ясаб олишган. Улар зиёрат қилинган ва аста-секин уларга дарду ҳасратлар айтиладиган бўлган. Оқибатда вақт ўтиб уларга илоҳ деб қаралган ва ибодат қилинган.
Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари
Умид узилгандан кейин Нуҳ алайҳиссалом ўзларининг машҳур дуоларини қилдилар:
«Дарҳақиқат, улар кўпларни адаштирдилар. Сен золимларга залолатдан бошқани зиёда қилма» (Нуҳ сураси, 24-оят).
Нуҳ алайҳиссаломнинг дуолари қабул бўлди. Аллоҳ таоло кофирларни битта ҳам қўймай ҳалок қилди, чунки улар инсоният баданига тушган қорасон касали каби эдики, уларни кесиб ташламаса бўлмасди.
Саркаш қавм ила тортишув
Мазкур ҳолат Нуҳ алайҳиссаломнинг саркаш қавмга қилган даъватларининг содда бир кўриниши, холос. Аслида у зот узоқ вақт турли шароитларда даъват олиб борганлар.
Бу ҳақда имом Жалолиддин Суютий «Ад-Дуррул мансур фит-тафсир бил маъсур» китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни қирқ ёшида пайғамбар қилиб юборди. У ўз қавмини эллик йил кам минг йил Аллоҳга даъват қилди. У тўфондан кейин олтмиш йил яшади. Одамлар кўпайиб, кенг дунё торлик қилди».
Бир одамнинг минг йилдан ортиқ ҳаёт кечиргани кўпларга ғалати туюлиши мумкин. Лекин бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Қуръони Каримда келган хабарни инкор қилган одам кофир бўлади. Айни чоқда, бу ҳол ақл тарозисида тортса бўладиган оддий бир иш. Қадимги кишилар узоқ умр кечиргани ҳаммага маълум. Бунинг устига, оз сонли жонзотларнинг умри узун, адади кўпларники қисқа бўлиши ҳам тажрибада кўрилган. Нуҳ алайҳиссалом инсоният тўфон туфайли қирилиб кетган бир даврда яшаганлари эътиборга олинса, бундай узоқ умр кўриш оддий бир ҳол экани билинади.
Нуҳ алайҳиссалом турли йўллар билан тўққиз юз эллик йил даъват қилсалар ҳам, озгина қавмдан бошқалар иймонга келмади. Бундай ҳолда кўплар синовга дош бера олмай, қайтиб кетиши ҳам мумкин. Аммо ҳақиқий иймон соҳиблари ўз иймонларидан қайтмайдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг даврларида ҳам шундай бўлди. Нуҳ алайҳиссалом ва у зотга иймон келтирганлар иймонларида собит қолдилар.
Охирги дуойи бад
Кофирлар эса шунча йиллар ўтса ҳам, иймонга келишмади. Уларнинг иймонга келишларига ҳеч қандай умид ҳам қолмади.
Нуҳ алайҳиссалом қавмининг ўтакетган саркашлиги, залолатга маҳкам ёпишиб олгани ҳамда уларга ваъз-насиҳат таъсир қилмаслигини англаб етгач, Аллоҳ таолога нидо қилдилар:
«Роббим! Қавмим мени ёлғончига чиқаришди. Ўзинг мен билан уларнинг орамизни яхшилаб очгин ва менга ҳамда мен билан бирга бўлган мўминларга нажот бергин» (Шуаро сураси, 117–118-оятлар).
Кема ясашга амр бўлди
Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг дуоларини қабул қилди.
«...ва Нуҳга ваҳий қилдикки: «Қавмингдан иймон келтирганлардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ қилинувчилардир» (Ҳуд сураси, 36–37-оятлар).
Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амрига биноан улкан кема ясадилар.
Тўфон яқинлашди
Мана, ўша ваъда қилинган вақт ҳам келди:
«Ниҳоят, амримиз келиб, таннур фаввора отганда, «Унга (кемага) ҳар бир (тур)дан бир жуфтдан ва аввал у ҳақда сўз кетган кимсадан бошқа аҳлингни ва иймон келтирганларни ҳам ол», дедик. У билан бирга иймон келтирганлар жуда оз эди» (Ҳуд сураси, 40-оят).
Тўфон даҳшатли тус олиб келарди. Нуҳ алайҳиссалом ва шериклари нажот кемасига минганларидан сўнг кема уларни тоғлардек бўлиб мавж ураётган тўлқинлар устида олиб кета бошлади.
Аллоҳнинг азоби келгандан кейин кофирларнинг бирортасини ҳеч ким, ҳеч нарса қутқара олмади. Фақат Аллоҳ Ўзи раҳм қилган бандаларини нажот кемасида қутқариб қолди.
Вақти-соати етиб, тўфон тинчиди. Дунёни сукунат чулғади.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, нажот кемасида Нуҳ алайҳиссалом билан бирга саксон киши ўз оилалари билан бўлган. Улар кемада бир юз эллик кун қолганлар.
Нуҳ алайҳиссалом мустақил шариат ила келган биринчи расул-пайғамбар бўлдилар.
Нуҳ алайҳиссалом ширкдан огоҳлантирган биринчи пайғамбар бўлдилар.
Нуҳ алайҳиссалом «пайғамбарларнинг шайхи» номини олдилар.
Нуҳ алайҳиссалом энг кўп умр кўрган инсон ва пайғамбардирлар.
Тарихчиларнинг таъкидлашларича, у зот Маккаи мукаррамада Масжидул Ҳаромнинг яқинига дафн қилинганлар.
Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғилларидан бири бўлмиш Сом ва унинг фарзандлари Арабистон яримороли томонга юрдилар. Ҳомнинг ўғиллари жануб тарафга – Ироқ томон юрдилар ва ўша ерларнинг атрофларига жойлашдилар. Нуҳ алайҳиссаломнинг Ёфас исмли ўғиллари ва унинг зурриёти шарқ томонга, бир қисми эса ғарб томонга ҳаракатланишди. Бошқалар эса турли тарафларга тарқалиб кетди.