1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Идрис алайҳиссалом -

Идрис алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Одам ва Шис алайҳиссаломлардан кейинги – учинчиси ва Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар ичида Одам Атодан кейингисидир.

Аллоҳ таоло у зот ҳақларида Марям сурасида марҳамат қилиб айтади:

«...ва Китобда Идрисни эсла. У сиддиқ ва набий бўлган эди. Уни олий мақомга кўтардик» (56–57-оятлар).

Шунингдек, Анбиё сурасида:

«...ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир», дейди (85–86-оятлар).

Қуръони Каримда Идрис алайҳиссалом ҳақларида бундан бошқа маълумот йўқ.

Тарихчиларнинг таъкидлашларича, Идрис алайҳиссаломнинг оталарининг исми Ёрид бўлиб, насаблари Шис алайҳиссаломга тўрт авлод орқали етиб боради.

Машҳур тарихчиларимиздан Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, Идрис алайҳиссалом қалам билан ёзув ёзган биринчи одамдир.

Уламоларнинг рожиҳ (кучли) гапларига қараганда, Идрис алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар.

Аллоҳ таоло у зотга пайғамбарликни берганидан кейин кишиларни Одам ва Шис алайҳиссаломларнинг шариатларига даъват қилганлар. Бироқ у зотнинг даъватларини озчилик қабул қилиб, кўпчилик рад этган. Шунда у зот ўзларига эргашганлар билан Бобилни тарк этиб, ҳижратга чиққанлар. У киши ўз ҳижратлари учун Мисрни танлаганлар ва у ерда яшаган пайтларида одамларни Аллоҳнинг динига даъват қилганлар.

Идрис алайҳиссалом биринчи бўлиб маданий ишларни йўлга қўйганлар. Одамларга маданиятга оид ишларни, қонун-қоидаларни ўргатганлар. У зотнинг даврларида 188 та шаҳар қурилган экан.

Идрис алайҳиссаломнинг ер юзидаги истиқоматлари саксон икки йил бўлган. Сўнг Аллоҳ таоло у зотни «олий мақом»га кўтарган.

Идрис алайҳиссалом ердаги умрларининг охиригача Аллоҳнинг шариати билан ҳукм қилишда бардавом бўлдилар. Албатта, ер юзига пайғамбарларни юборишдан кўзланган мақсад ҳам Аллоҳнинг шариати давом этиши эди. Шундай қилиб одамлар кўпайиб борди ва бир ўлкадан бошқа ўлкаларга ҳижрат қилиш ҳолатлари юз берди.