1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Шис алайҳиссалом -

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Одам Атога ўғиллари Шис алайҳиссаломни ато қилди. Шис алайҳиссалом ҳам набий бўлганлар. У зотга Аллоҳ таоло кўплаб ўғиллар ва қизлар берди. Улардан инсоният насли тарқалди.

Аллоҳнинг набийси Одам алайҳиссалом ўз ҳаётлари давомида, то вафот этгунларича ўз фарзанду набираларини Аллоҳнинг йўлига даъват қилишда, уларга тавҳид ақийдасини ўргатишда, Аллоҳнинг таълимотларини етказишда бардавом бўлдилар.

Муҳаддисларимиздан Ибн Ҳиббон раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Саҳиҳ» номли китобида улуғ саҳобий Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, анбиёлар нечта?» дедим. У зот: «Бир юз йигирма тўрт минг», дедилар. Мен: «Улардан расул бўлганлари қанча?» дедим, у зот: «Уч юз ўн учта, кўпчилик», дедилар Мен: «Уларнинг (набийларнинг) аввали ким бўлган?» деган эдим, «Одам», дедилар».

Юқорида таъкидланганидек, Шис алайҳиссалом Одам алайҳиссаломнинг фарзандларидан бири бўлиб, у зот ҳам набий бўлганлар. Шис алайҳиссалом ҳаётлари давомида инсонларни Аллоҳга даъват этиб, Аллоҳнинг шариатини қоим қилиш учун ҳаракат қилиб ўтганлар.

Шис алайҳиссаломдан кейин Идрис алайҳиссалом келадилар.