1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Абдулазиз ал-Андалусий -

Абул Асбағ Абдулазиз ибн Абдулмалик ал-Андалусий ал-Ҳофиз ал-Умавий олим, фозил, Қуръон ва ҳадис ҳофизи эдилар. Илм талабида кўп мамлакатда сафарда бўлганлар. Маккаи Мукаррамада Абу Саъид Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Аъробий; Бағдодда Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ас-Саффор, Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қаттон; Дамашқда Абул Ҳасан Хайсама ибн Сулаймон ат-Тараблусий ва Марвда Абу Али Ҳусайн ибн Муҳаммад ас-Сағонийдан таълим олганлар. Ўзларидан эса Аҳмад ибн Абдулазиз ал-Маккий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ҳадис ривоят қилганлар. Бу киши ҳақларида Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз «Тарих» китобларида айтиб ўтганлар. Ҳижрий 328 (милодий 941) йилдан кейин яна ҳадис илми талабида сафарга чиққанлар. Андалус, Миср, Шом, Куфа, Нишопур, Марв муҳаддисларидан таълим олганлар. Кейин Бухорога келиб, Ибн Ханабдан, Кушонияда Али ибн Муҳтож ва Абу Яъло ан-Насафийдан ва Шош уламоларидан илм ўрганганлар. Сўнгра Бухорога келиб, бу ерни ўзларига ватан тутганлар. Бухоро аҳлини ўз илмларидан баҳраманд қилганлар. Мағриб заминнинг Қуртуба деган жойида туғилиб, ҳижрий 365 (милодий 976) йилнинг ражаб ойида Бухорода вафот этганлар.