Абу Комил Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Анбардувоний - Анбардувон қишлоғидан бўлиб, «Ал-Басирий» лақаби билан танилганлар. Абул Ҳасан ал-Бузжонийнинг невараси эдилар. Абу Комил ал-Басирий Шофеъий мазҳабида бўлиб, кўп ҳадис билардилар ва шу билан шуғулланардилар. Китоблар тасниф қилганлар. Зеҳнлари ўткир, тақводор эдилар. Бухоролик бўлганлари учун Бухоро аҳлини яхши танирдилар. Бу киши «ал-Музоҳот вал-музофот фил-асмои вал-ансоб» («Исмлар ва насабларга изоҳ ва қўшимчалар») китобини жамлаганлар. Ҳижрий 449 (милодий 1058) йилнинг бошида вабо касалидан вафот этганлар.