1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Шарҳу Ақоиди Насафия -

Аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби шайх Абу Ҳафс Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг «Ақоид» китобига ёзилган шарҳдир. Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи уни Хоразмда ҳижрий 768 йилнинг шаъбон ойида ёзиб бўлган. «Шарҳу Ақоиди Насафия»да аллома Тафтазоний тартибга катта эътибор берган ва қўшимчалар киритган.

«Шарҳу Ақоиди Насафия» китоби ниҳоятда машҳур китоблардандир. Унинг тошбосма нусхалари ҳозир ҳам баъзи аҳли илмларнинг шахсий кутубхоналарида сақланиб келади. Ушбу сатрларни ёзаётган фақир банда ҳам «Шарҳу Ақоиди Насафия»ни айнан ўша нусхалардан биридан ўқиган.

«ШАРҲУ АҚОИДИ НАСАФИЯ» КИТОБИ ҲАҚИДА

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бизгача етиб келган ва ҳозиргача кўпчилик томонидан катта эътибор билан ўрганиб келинаётган китобларидан бири «Шарҳу Ақоиди Насафия» номли асаридир. Бу китоб бошқа бир улуғ ватандошимиз томонидан ёзилган матннинг шарҳидир.

Бу матннинг соҳиби Нажмуддин Абу Ҳафс Самарқандий Насафий раҳматуллоҳи алайҳидир (ҳ. 460-537, м. 1068-1142).

Нажмуддин Абу Хафс Насафий ўз замонаси ва келажак даврларнинг ҳам улуғ фақиҳи, табиатшуноси, тилшунос ва муаррихи эди. Алломанинг тўлиқ исми – Умар ибн Муҳаммад ибн Луқмон ан-Насафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий.

Бизнинг замонамизга алломанинг «Манзилат ан-Насафия фил Хилофият», «Ақоидун-Насафий», «Ал-явоқит фил мавоқит», «Зиллат ал-Қори» асарлари етиб келган.

Абу Ҳафс Насафийнинг «Ақоиду Насафий» асари уламолар орасида катта шуҳрат қозонди. 768 йили улуғ олим Тафтазоний «Ақоидун-Насафий»га шарҳ битди. Бу шарҳ «Шарҳу Ақоиди Насафия» номи билан маълумдир.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг бу китоби ўз давридаги ақийда илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Ақоидга оид китобларда ҳар бир китобнинг ёзилаётган даврида ҳукм сураётган эътиқодий масалалар ва тортишувлар акс этиши одат тусига кирган нарса.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобининг аввалида ақийда илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради:

«Аввалда ўтган саҳоба ва тобеъин розияллоҳу анҳум ақийдалари мусаффо бўлгани ва Набий алайҳиссаломнинг суҳбатларининг баракаси, у зотнинг замонларига яқинлик, ҳодиса ва ихтилофларнинг озлиги ҳамда ишончли зотлардан сўраш имконлари бўлгани туфайли ақийда ва фиқҳ илмларини тадвийн қилишга, фаслу бобларга солишга ҳамда фуруъ ва усулларнинг мақсадларини айтишга ҳожатлари тушмаган. Аммо мусулмонлар орасида фитналар, дин имомларига қарши тажовузлар, фикрларда ихтилоф ва бидъатларга мойиллик зоҳир бўлиб, фатволар кўпайди, уламоларга мурожаат кўпайганидан кейин, улар назар солишга, далил топишга, ижтиҳод қилишга, ҳукм ахтаришга, қоидалар ва асослар ишлаб чиқишга, боб ва фаслларни тартибга солишга ўтишга мажбур бўлдилар».

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи ўз шарҳининг бошида, мотуридий ақийдавий мазҳабидаги бошқа олимлар каби, маърифат ҳосил қилиш воситаларини баён қилиш жараёнида ақлнинг тутган ўрни ва аҳамиятини тушунтиради.

«Шарҳу ақоиди Насафия» китобининг дастлабки мавзулари жуда ҳам қийин тил ва услубда келган. Бу ҳам ўша замон илмий муҳитининг таъсиридир. Муаллиф мазкур вақтнинг услуби, тили ҳамда истилоҳларини ишлатишга мажбур бўлган. Айниқса, Аллоҳ таолонинг борлиги ва зоту сифатини, оламнинг қадим эмаслигини баён қилиш жараёни кўпроқ файласуфларнинг иборалари ва услуби ила бўлган. Бу бобларда оят ва ҳадислар деярли келтирилмаган.

Аммо кейинроққа келиб, услуб ҳам, гап-сўзлар ҳам осонлашиб борган, оят ва ҳадислардан ҳужжат-далиллар келтириш ҳам кўпайган.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи аввал фақат ақлий далиллар келтирган бўлса, кейинроқ оят ва ҳадисдан келтирган далилларини қувватлаш учунгина ақлий далиллар келтирган.

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи файласуфлар, мўътазилийлар, жабрийлар ва қадарийлар каби турли фирқа ва гуруҳларнинг фикрларини келтириб, уларга аҳли сунна вал жамоанинг раддияларини бериб борган.

Китобда бошқа масалалар қатори Аллоҳ таолони кўриш масаласи ҳам бор. Шу масалага оид матнни шарҳ қилар экан, Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзади:

«Батаҳқиқ, аҳли ҳақ кўриш мумкинлигига икки йўл – ақл ва нақлдан далил келтирган. Биринчининг тақрири қуйидагича: Биз аъён (жисм) ва аъроз(сифат)ларни кўриш зарурат эканига қатъиян ишонамиз. Биз кўриш ила жисм билан жисм ва сифат билан сифат орасини ажратамиз. Бас, муштарак ҳукмга муштарак иллат лозим. Ўша иллат – мавжудлик, пайдо бўлиш ёки мумкинликдир. Тўртинчиси бўлиши мумкин эмас. Пайдо бўлиш ҳам йўқликдан сўнгги мавжудликдан иборатдир. Мумкинлик эса мавжудлик ва йўқликнинг зарурати йўқлигидан иборатдир. Иллат бўлишга йўқликнинг дахли йўқдир. Бас, шундай бўлганидан кейин, фақат вужуд қолиши аён бўлди. У эса Яратувчи ва ундан бошқанинг орасида муштаракдир. Шунинг учун, тўғри иллат мавжудлик бўлганидан кейин, унинг кўриниши ҳам саҳиҳ бўлади...»

Муаллиф юқорида зикр қилинганга ўхшаш бир неча ақлий далилларни келтирганидан кейин нақлий далилга ўтиб, қуйидагиларни айтади:

«Мўминлар Аллоҳ таолони охиратда кўришлари вожиблигига нақлий далиллар ворид бўлгандир:

1. Китобдан: Аллоҳ таолонинг «У кунда яшнар юзлар бор – Роббига назар солувчилар», деган қавли («Қиёмат» сураси, 22-23-оятлар).

2. Суннатдан: У зот алайҳиссаломнинг

«Албатта, сизлар Роббингизни худди тўлин ой кечасида ойни кўргандек кўрасизлар», деган қавллари.

Бу ҳадис машҳур бўлиб, уни катта саҳобалар розияллоҳу анҳумдан йигирма бир киши ривоят қилган.

3. Ижмоъга келсак, умматнинг барчаси охиратда кўришнинг воқе бўлишига жамъ бўлишган эди...»

Аллома Тафтазоний қиёматда амалларни тарозида тортиш ҳақидаги масала бўйича мўътазилийлар билан тортишув олиб боради.

«Вазн ҳақдир. Чунки У Зоти таоло: «У кунда вазн ҳақдир», (Аъроф сураси, 8-оят) деган. Мезон амалларнинг миқдорларини билиш учун ишлатиладиган нарсадан иборатдир. Унинг кайфиятини идрок қилишга ақл қосирлик қилади. Мўътазилийлар уни инкор қилган. Чунки уларнинг фикрича, амаллар аърозлардир. Уларни қайтариш имкони бўлса ҳам, вазнини ўлчаш мумкин эмас. Чунки улар Аллоҳ таолога маълумдир. Бас, уларни тортиш беҳуда иш бўлади. Бунга жавоб қуйидагича: ҳадисда амалларнинг китоби ҳақида сўз юритилган. Бас, шундай экан, тушунмовчилик қолмади».

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг «Шарҳу ақоиди Насафия» китоби мотуридий ақийдавий мазҳабида ёзилган китоблар ичида энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Кўпгина юртларда ундан дарслик сифатида фойдаланиб келинган. Бизга етиб келган асарлар ичида кўп учрайдигани ҳам айнан шу китобдир. Аммо ҳозирда бу китобни дарслик сифатида ўрганиш деярли тўхтаб қолган.