1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

фадак -

Фадак - Шим. Ҳижоздаги деҳқончилик воҳаси; Мадинадан 2-3 кунлик йўлда, Хайбар яқинида жойлашган. Ҳозирда мавжуд эмас. Ф. аҳолисини яҳудийлар ташкил этиб, улар ғалла ва хурмо етиштириш билан шуғулланганлар. Исломнинг илк даврида воҳа таслим бўлиш ҳақида мусулмонлар билан тузилган битимга кўра шуҳрат қозонган. Битимда Муҳаммад (сав) Ф. ерларидан олинадиган даромад ҳақидаги масалани ечиб берганлар. 627 й. Муҳаммад (сав) Ф. аҳолиси Хайбарга ҳарбий ёрдам беришини таклиф этганидан хабар топиб, у ерга Али (кв) бошчилигида кичик қўшин юборганлар. Бу юриш оддий чопқун тусида бўлган. Келаси йили, мусулмонлар Хайбарни эгаллагач, Ф. яҳудийлари Муҳаммад (сав) элчилари Мухаййиша ибн Масъуд ал-Ансорий билан музокара олиб боришган, бутун мол-мулклари эвазига воҳани ташлаб кетишга руҳсат сўрашган. Лекин Муҳаммад (сав) билан тузилган сулҳ битимига кўра, улар Ф.да қолишган, воҳадага ерларининг ярми уларнинг хусусий мулки эканлиги эътироф этилган, қолган ярмидан келадиган даромад Муҳаммад (сав) ва у зотнинг хонадонига топшириладиган бўлган. Расулуллоҳ (сав) бу даромадларни жамоат эҳтиёжлари учун (этим-эсирлар, сайёҳлар, камбағаллар, жумладан ҳошимийлар уруғининг энг камбағал қатламини таъминлашга) сарфлашга буйруқ бердилар, шу билан бирга зарурият туғилса уларни ўзларига, оилаларига ва қариндош-уруғларига сарфлаяжакларини билдирдилар. Муҳаммад (сав) вафотларидан сўнг қизлари Фотима Ф.дан (шу билан бирга Хайбар воҳасидан) олинадиган даромадга эга меросхўр сифатида чиққан. Халифа Абу Бакр (ра) унга Расулуллоҳ (сав)нинг "Менинг меросхўрларим йўқ ва мендан кейин қоладиган барча нарсалар закот каби хайрли мақсадларга мўлжалланган жамоа мулки (садақа) бўлиб қолади" деган ҳадисларини айтиб эътироз билдирган. Гарчи Фотима даъвоси рад этилган бўлса-да, Ф. мақоми ҳақидаги жанжал икки юз йилдан ошиқ давом этган. Шиалар фикрича, Ф. ерлари Расулуллоҳ (сав) хонадонининг меросий хусусий мулкидир. Сиёсий вазиятдан келиб чиқиб Алавийларнинг даъвоси гоҳ эътироф қилинган, гоҳ олий ҳокимият томонидан рад этилган. Ф. учун узоқ давом этган кураш шундан далолат берадики, илк ислом даврида мулкнинг икки хил шакли - хусусий ва жамоа мулклари ўртасида аниқ фарқ бўлган, мулкдорлар тегашли ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эдилар.