1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Болалар – жаннат райҳонларидир!

05:00 / 15.02.2017 4472 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

الحمد لله والصلاة والسلام على رسول الله... أما بعد...

Ассалому алайкум ҳурматли - Аллоҳнинг байтига - Жума ибодатини адо қилиш мақсадида узоқ-яқиндан ташрифи қудум қилиб келган азиз ватандошларимиз! Парвардигори олам барчангизнинг қадамларингизга ҳасанотлар ёзиб, ушбу муборак маскандан гуноҳларингиз мағфур, ибодатларингиз мақбул ва дуоларингиз мустажоб бўлган ҳолда уйингизга қайтишингизни насиб этсин!


Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

(الْمَالُ وَالْبَنُونَ زِينَةُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا ... (سورة الكهف/46

яъни: “Мол-мулк ва фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...”.

Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида фарзандлар дунё ҳаётининг, оила турмушининг зийнати эканини таъкидлаш билан бирга болалар сабабидан ота-оналарга юкланадиган бурч ва масъулиятларни ҳам эслатади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا قُوا أَنْفُسَكُمْ وَأَهْلِيكُمْ نَارًا وَقُودُهَا النَّاسُ وَالْحِجَارَةُ... (سورة التحريم/6

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”.

Соғлом ва ривожланган жамият биринчи ўринда инсон ҳақида қайғуради. Унда яхшиликка интилишни ва ёмонликка қарши чиқишни тарбиялайди.

 Янги авлодни тўғри тарбия қилиш бу йўлдаги илк одимлардир, чунки улар бизнинг келажагимиз. 

 Юқоридаги ояти каримадан маълумки, ота онага ва ўқитувчиларга Аллоҳ таоло тарафидан катта масъулият юклатилган. Фарзандларимиз бизга берилган Аллоҳнинг неъмати ва омонатидир. Бу омонат учун Қиёмат кунида Унинг ҳузурида жавоб берамиз.

 Бола кичик экан уни тарбия қилиш осонроқ. Чунки инсон шахсияти кичик экан атроф муҳит таъсирида шакллана боради. У ўлғайган сари унга таъсир кўрсатиш ва ўзгартириш қийинлаша боради. Юмшоқ шамга истаган шаклингизни беришингиз мумкин ва бу сизнинг шакл бериш маҳоратингизга боғлиқ. Аммо шам қаттиқ бўлса ундан кукундан бошқа нарса қилиш амри маҳол. Яхши тарбия маҳсулига осонликча эришилмайди ва бу узоқ сурункали меҳнат ва мурувватни, сабр, ақлни талаб қилади.

Фарзандлар тарбиясидан биринчи галда отаоналар масъулдирлар. Ота-она ўз фарзандига гўдаклигидан бошлаб, босқичма-босқич равишда диний, ахлоқий, жисмоний, интеллектуал, руҳий, ижтимоий ва жинсий тарбияни бериб бормоғи лозим бўлади. 

Муқаддас ва мукаммал динимиз Ислом ўгитларини диққат билан ўқисак мазкурларнинг ҳар бирига бевосита ва билвосита ишоралар борлигига гувоҳ бўламиз.

Набий (алайҳиссалом): تخيروا لنطفكم яъни: “Туғилажак зурриётларингиз учун муносиб онани танланг”, деганларида тарбиянинг илк босқичига далолат қилган эдилар. Зеро, фарзанд асосий тарбияни онасидан олади. Шундай экан, онанинг маърифатли ва тарбияли бўлиши айни муддаодир.

Ҳар бир бола тоза фитратда туғилади. Яъни ҳар бир инсон туғилишида Исломга мойил бўлиб туғилади. Бу нарса унинг фиратида, хилқатида бордир.    

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шариф шунга далолат қилади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: 

“ما من مولود إلا يولد على الفطرة فأبواه يهودانه وينصرانه ويمجسانه كما تنتج البهيمة بهيمة جمعاء هل تحسون فيها من جدعاء”

Яъни: “Ҳар бир гўдак албатта тоза фитратда (яъни Ислом фитратида) туғилади. Лекин ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади. Бунинг мисоли шуки, чорва ҳайвони барча ъзолари мукаммал бўлган ҳайвонни туғади. Ёки сизлар қулоқ-бурни кесилган ҳолда туғилган ҳайвонни биласизларми?!”.

Бошқача қилиб айтганда бола она қорнини тарк қилар экан, кераксиз фикру уйлар, нотўғри урф одатлар, зарарли иллатлардан холи тарзда дунё эшикларини очади. Унинг қалби тоза, беғубор, алдамқалдам, ёвузлик, ҳасад, разиллик каби иллатларни билмайди. Унинг қалби тоза бир оқ қоғоз мисол, айнан ота она уни ўраб турган олам ҳақида тасаввур беради, дин танлайди. (Маълум бир дин асосида тарбиялай бошлайди). Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида фарзанди учун жавобгардир.

Муҳтарам азизлар, мана Аллоҳ таолонинг марҳамати билан фарзандларимиз, талаба укаларимиз қарийб 9 ой давом этган машаққатли ўқув йилларини ниҳоясига етказиб, таътилга чиқдилар.  

Айни шу вақтда ота-оналар ўзларининг азиз фарзандларига, устозлар шогирдларига, катталар кичикларга йўл-йўриқ кўрсатиб, таътил даврида уларнинг қизиқиш ва ҳоҳишларига қараб бирор касб-ҳунар билан шуғуланишлари ёки спортнинг бирор тури билан шуғулланишларига кўмаклашишлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Ёзги таътил вақтида ёшларни бекор қолдирмаслик лозим. Гиёҳвандликка ружу қўйиш, ҳар хил ёт оқимларга эргашиш каби зарарли одатлардан ёшларимизни сақлашимиз, бунда эса, иложи борича уларни нима билан шуғулланаётгани, кимлар билан юргани ҳақида маҳалла куй, қўни-қўшни, айниқса, ота-оналар жуда катта эътибор билан қарамоқликлари керак бўлади. Аксинча, улар билан қизиқилмаса, уларга нисбатан бепарво бўлинса кўнгилсиз ҳолатлар юзага келиши мумкин. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“اغتنم خمسا قبل خمس: شبابك قبل هرمك، وصحتك قبل سقمك، وغناك قبل فقرك، وفراغك قبل شغلك، وحياتك قبل موتك”

Яъни: “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат бил!” (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисдан, хулоса шуки, ота-оналар фарзандларига ҳар бир кунни ғанимат билиб, ҳаётдан фойдаланиш зарурлигини ўрганишлари керак. Уларни ёшлик давридан бошлаб меҳнатга ўргатиб, ҳалол меҳнат, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.

Ёзги таътил бошланиши билан кўпчилик талаба-ўқувчилар ўқишлардан озод бўлиб, бўш вақт, бекорчилик деб аталмиш муаммога рўбарў бўладилар. Уни муаммо деб аташимизнинг боиси шуки, киши бўш вақтдан унумли фойдаланмаса, уни зое қилса ёхуд бўш вақтни гуноҳу маъсият учун сарфласа, бу киши учун зиёнга айланади. Киши нафсидаги, вақтидаги бўшлиқни ҳар доим манфаатли нарсалар билан тўлдириб бориши лозим. Ҳазрат Умар айтадиларки, “Агар нафсингни фойдали нарса билан машғул қилмасанг, у сени албатта зарарли нарсалар билан машғул қилади”.  

Таътилдаги бўш вақтни баъзилар гуноҳу маъсият учун сарфлайдилар, Баъзилар бу қимматбаҳо фурсатларни дунёю охиратда ҳеч қандай наф келтирмайдиган мазабемаза ишлар билан зое қиладилар. Яна бирлар “бу бўш вақтимни қандай ўтказсам экан, нима қилсам таътилдан унумли фойдаланган бўламан” дея ўзларига ўзлари савол берадилар. 

Маълумки, саломатлик ва бўш вақт улардан унумли фойдаланувчилар учун катта неъматдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганларидек: “نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس الصحة والفراغ” яъни: “Икки буюк неъмат борки, кўп одамлар улар борасида алданиб, чув тушиб қоладилар. Улар: сиҳҳат-саломатлик ва бўш вақтдир”.

Бунинг маъноси шуки, одамларнинг кўплари  мазкур икки неъмат шукрини адо қилишда камчиликка йўл қўядилар, уларнинг ҳаққини адо қилмайдилар. Кимки, ўз вожибини адо қилмас экан, неъмат шукрини қилмас экан, у мағбун – чув тушган, зиён кўрган кишидир.

Араб тилида “ғабн” деб аталмиш “алданиб қолиш, зиён кўриш, чув тушиб қолиш” маъноларини англатувчи сўз аслида тижорат ва олди-сотдига тааллуқли сўз ҳисобланади. Арзон нарсани ўта қимматга сотиб олган ёки аксинча қимматбаҳо нарсани билмасдан арзон баҳога сотиб юборган киши араба тилида “мағбун” дейилади. Тожирлар ўз сармояларини эътиборсизлик билан нобоп нарсаларга ишлатиб қўйсалар, чув тушадилар, алданадилар. Худди шунга ўхшаб вақт билан саломатлик ҳам дунё тижоратхонасига келган инсон сармояси экан. Шу боис, ҳам ҳадисда бу икки нарсада кўплар алданиб қолиши, чув тушиши хабар берилмоқда. Мазкур ҳадисдан келиб, чиқиб, Аллома Муновий ҳазратлари ҳар бир инсонни тижоратчига, саломатлик билан бўш вақтни эса сармояга ўхшатган эканлар. Инсон қўлидаги саломатлик ва бўш вақт аталмиш сармоясини чиройли тадбир билан тасарруф қилса, фойда кўради. Акс ҳолда чув тушади. 

Лекин, афсуски, инсон боласи куч-қувватга тўлиб, соғ-саломатлиги яхши пайтида умрининг қадрига етмайди. Дунёнинг ҳамма ишларига бемалол улгурадигандек юраверади. Алишер Навоий бобомиз ибораси билан айтганда "Умр гулшанининг баҳори" ва "ҳаёт шабистонининг наҳори"ни кечираётган ёшлик йиллари завқ-шавқлари фаввораси жўшқинлигидан киши умр баҳори ва унинг мунаввар тонги жуда тез ўтиб кетганини пайқамай ҳам қолади.

Вақт инсон эга бўлган нарсаларнинг энг нафиси ва қийматлисидир. Балки, вақт инсоннинг ҳаётидир. Ибн Ҳабира ўз шогирди ИбнулЖавзийга насиҳат қила туриб, шундай дейди: 

والوقت أنفس ما عنيت بحفظه 

 واراه أسهل ما عليك يضيع

(Вал-вақту анфасу маа ъунийта биҳифзиҳи, ва арооҳу асҳала ма ъалайка тазийъу)

Яъни: Вақт асрашинг керак бўлган нарсаларнинг энг қимматлисидир,

           Агар ҳушёр бўлмасанг, энг осон зое бўлувчи нарса ҳам вақтдир! 


Шундай экан, ёзги таътил вақтини гўзал равишда тасарруф қилиб, бу фурсатларни дунёю охиратимиз учун манфаатли бўлган муваффақиятларни қозониш билан обод қилайлик. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, таътилга чиққан талаба укаларимизга айрим тавсияларимизни таклиф қиламиз:

Аввало вақт ўғриларидан эҳтиёт бўлинг. Зеро, бундай нарсалар, ёки бундай кимсалар айниқса, таътил вақтида жонланиб, кўпайиб қолишади. Турли гуноҳу маъсиятларга, фаҳш ишларга бошлайдиган ёмон дўстлардан узоқ туринг. Кунингиз фақат интернет кафеларда, бемаза ўйинлар, кўнгилочар видео ва ҳоказолар билан ўтмасин. Интернетдан фойдаланманг демаймиз, фойдланинг, лекин меъёрида бўлсин. Зеро, донишмандаларимиз: “ўз ҳаддидан ошган нарса, зиддига айланади”, дейдилар. 

Шу ўринда яна шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ўқувчи ва талабаларнинг таътил кунларида дам олиш кунларида уларни назорат қилиб туриш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Ахлоқсизликка олиб борадиган ёмон йўлларга кириб кетишларига йўл қўймасдан таътил айёмини мароқли, мазмунли ўтказишларига ёрдам берайлик.

Фарзандларимизни меҳнатга ҳам тарғиб қилайлик, касб-ҳунар ўрганишларига имконият яратиб, келажак ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун ҳозирдан уларга замин яратайлик. Шу боис, ёзги таътилда фарзандларимизни бир ой, икки ойга бўлса ҳам ўз ишхонамиз, ёки қариндош-уруғларимизнинг бирон ҳунармандчилик устахонаси, ошхона, дўкон ва ҳоказоларга олиб бориб, ишга солсак, ҳунар ўргатсак, шу йўл билан пул топиш осонмаслигини, бунинг ортида заҳматли меҳнатлар ётганини билдириб қўйсак, уларни келажакда исрофгарчилик ботқоғига ботиб қолишларидан сақлаган ва фойдали меҳнатга ўргатган бўламиз иншоАллоҳ. 

Лекин, бу сўзларимизни тўғри тушунишингизни истардик. Бу билан ўқишдан олиб, меҳнатга солиш керак демоқчи эмасмиз албатта. Балки, таътил вақтларида, бекорчиликнинг олдини олиш учун бироз меҳнатга ҳам ўргатиш фойдадан холи эмаслиги айтмоқчимиз холос. 

Аслида эса Фарзандларимиз учун биринчи галда ўқиш муҳим. Айрим нодон ота-оналар, гумроҳ кишилар фарзандларини умуман ўқиб, келажакда олий ўқув юртларини битиришларини истамайдилар. “Ўқиб шаҳар олиб берармиди,”, “ўқиганларни кўряпмиз, бозорда ишлаб юрипти” деган мантиқсиз гаплар билан ўз фарзандларини ҳам ўқишдан совутиб, ўқишга юбормай ишлаб пул топишга мажбур қиладилар. Шу тариқа худди ўзлари каби болаларининг ҳам ҳаётини, келажагини бўғадилар. Аслида эса, ота-она: “бизларга институтларда ўқиш, олий маълумоли бўлиш насиб бўлмади, энди фарзанодларимиз ўқисин”, дея фарзандлари учун яхши келажак пойдеворини қуришлари нур устига нур бўларди.

Ҳурматли адибимиз Тоҳир Малик Овруполиклардан нималарни олиш мумкину, нималарни олиш мумкинмаслигига бағишлаб ёзилган мақоласида бу мавзуда шундай деган эдилар: “Мен тўй, зиёфатларимизга кириб келган Оврупонинг ёмон одатларини танқид қилиш билан бирга, уларнинг яхши одатини ҳам айтишим керак: овруполиклардан биз тўй-зиёфатларни ихчам, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказишни ўрганишимиз керак. Ортиқча дабдабага кетадиган маблағни оила қурган ёшларга бериш фойдалироқ, деб ўйлайман. Овруполиклардан биз вақтни тежашни ҳам ўрганайлик. Биз тўйма-тўй, зиёфатма-зиёфат юриб, умримизни ҳам қўшиб еб-ичиб юборяпмиз. Олимларимиз, ёзувчиларимизнинг имкон даражасидан кам ишлашларига шу ҳам сабаб эмасмикин? Овруполиклардан китоб ўқишни ўрганишимиз керак. Миллатимизни юксакликка олиб чиқишнинг бирдан-бир йўли билим эгаллаш эканини англаб етишимиз зарур.

   Фарзандларимизни гул экиб, гул сотишга, эртаю кеч далада ишлашга  мажбур қилмай, китоб ўқишга, билим олишга мажбур қилайлик, ўргатайлик. Болаларимизни билимдан айириб ишлашга мажбур этар эканмиз, бу билан келажагимиз илдизига болта ураётганимизни унутмайлик. Билимсиз бола – билимсиз келажак дегани. Билимсиз келажак – тубанлик, жаҳолат, тобеликдан бошқа нарса эмас”. 

Дарҳақиқат, фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор беришимиз лозим. Тарбия бу фақат насиҳат қилавериш, хато иш қилса койишдан иборат эмас. Юқорида айтганимиздек, боларимизни тҳар томонлама тарбия қилиб боришимиз лозим.

Фарзандларимиз ҳам жисман, ҳам руҳан соғлом ва тўлақонли бўлиб вояга етишлари учун анча ишлар қилиш керак бўлади. Биз фарзандларимизга жуда кам вақт ажратамиз. Улар билан орамизда қандайдир масофа сақлаймиз. Биз бозорга тушганимизда боламиз учун қурут, писта олишни унутмаймиз, лекин китоб дўконига кириш хаёлимизга келмайди. Боласига китоб ўқиб берган, театруга олиб тушадиган оналар, айниқса, оталар кам. Бола билан дам олишнинг нақадар мароқли эканини ўйламаймиз. Жомадонни тўлдирамизу жўнаворамиз. Бир ой таътил улфатчиликдан бўшамаймиз. Бизнинг ажойиб баҳонамиз бор: вақт йўқ! Ўз фарзандимиз учун вақт ажрата олмаймиз. Фарзандимиз ўн йил мактабда ўқиганда «вақт йўқ» деб юраверамиз. Институтга кирадиган пайтда эса югуриб қоламиз. Йиғиб-терганимизни сочамиз. Мактабда билим олмагани билан ишимиз йўқ, институтни чала мулла бўлиб битириши билан ҳам, оқибатда бўш мутахассис бўлиши билан ҳам ишимиз йўқ. 

Тўғри, оилаларимиз кўп болали. Ҳаммасига бирдай қараш қийин. Лекин кўп болалик ҳар томонлама камолга етиш йўлида тўғаноқ бўлмаслиги керак. Ота-онада истак бўлса бас, фарзандлари нечта бўлса-да, камолот сари бошлай олишлари мумкин. Майли, алоҳида муаллим ёллашга қурбилари етмасин. Бироқ ўз ҳатти-ҳаракатлари биан болаларда илмга, маданиятга рағбат уйғота олишлари мумкин-ку?! «Қуш уясида кўрганини қилади», дейдилар. Ота тўй-зиёфатларда ичиб юрса, ёки ишдан қайтган заҳоти телевизорга қадалиб олса, боладан нима кутиш мумкин? Ота (ёки она) ишдан янги китоб олиб қайтса, ўзи ўқиса, фарзандига гапириб берса, қизиқтирса ёки янги куй, қўшиқ ёзилган пластинка олиб келиб фарзандлари билан бирга эшитса, маъносини тушунтириб берса, ёки телевизордаги кинони кўриб бўлгач, яхши-ёмон томонларини айтса… Шу ишларга қанча вақт керак? Нари борса, икки соат. Наҳот биз келажагимизни ўйлаб, икки соат вақтимизни қурбон қила олмасак?

   Биз фарзандларимиз учун бугун қайғурмас эканмиз, миллат равнақи, миллат келажаги ҳақида эртаю кеч ваъз ўқишимизнинг сариқ чақачалик фойдаси йўқ. 

Муҳтарам жамоат! Хулоса қилиб айтамизки, азиз фарзандларимиз ўзларининг макоримул ахлоқ каби улуғ сифатлар билан зийнатлаган ҳолда илм олишда, касб-ҳунар малакаларини ҳосил қилишда, жамият ва Ватанга хизмат қилишда зўр куч ва ғайрат сарфлайдилар деб умид қиламиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом болаларни “жаннат райҳонлари”, деб атаганлар. Уларнинг жаннат райҳонлари бўлиб етишишлари эса ўғил-қизларимизнинг чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб этиб тарбиялашга боғлиқ. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлар тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлайдиган инсонлардан қилсин, уларни Ватанга, халқимизга, динимизга муносиб кишилар қилиб тарбиялашда тавфиқ ва ҳиммат ато этсин, фарзандларимизнинг икки дунё саодатига мушарраф айлаб, солиҳ мўминлардан бўлишларини насиб айласин.


Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳидоятидан адаштирмасин! Ватанимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, турли хил балою офатлардан Ўз паноҳида сақласин, Омин!    


Шайҳонтохур тумани бош Имом-хатиби

Одилхон қори Исмоилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарс Аллоҳга ҳамду сано ва Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтишдан бошланди. Сўнгра ота деди .Сизларга бугун қиладиган давоми...

3904 13:39 / 28.12.2017
Ота фарзандларини фақат яхши инсонлар билан дўст бўлишларига ундаши ҳамда ёмон хулқли инсонлар билан бирга бўлишларидан қайтариши вожибдир. У доимо давоми...

3140 05:00 / 15.02.2017
Азиз болалар Қурбон ҳайитини нима учун байрам қиламиз, биласизларми Баъзиларингиз биларсизлар, аммо кўпчилигингиз билмайсиз. Билганларингиз ҳам тўлиқ айтиб бера давоми...

4648 05:00 / 15.02.2017
Эй фарзанд, агар жисминг ўсиб улғайишини, баданинг соғлом бўлишини, ақлинг ўткир ва қалбинг хурсанд бўлишини истасанг, қуйидаги насиҳатларга қулоқ сол1. Қишда давоми...

3190 05:00 / 15.02.2017