1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Пойтахтимиздаги бўлган воқeа

05:00 / 15.02.2017 4587 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ БАЪЗИ КЎРИНИШЛАРИ ЁҲУД МУШТИПАР ОНАНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ


Бу воқеани заргарлик дўконларидан бирида ишлайдиган танишим ҳикоя қилиб берган эди. Ҳайит байрами куни чиройли кийинган бир йигит дўконимга хотинини етаклаб кириб келди. Уларнинг орқасида гўдак болани қўлида кўтариб олган кекса онахон кўринди. У дўкон остонасидан ичкарига бир икки қадам киргач, ундан уёғига ўтмасдан пойгакда туриб қолди. Билсам, бу қария мазкур йигитнинг онаси, қўлидаги бола эса унинг набираси экан.


Ҳалиги одамнинг аёли турли-туман қимматбаҳо жавоҳир буюмлар териб қўйилган ойнали пештахталар ичига гўёки шўнғиб кетиб, улардан бошини кўтаролмай қолди. Кўзига яхши кўринган ҳамма нарсани қўлига олиб, бўйнига, қўлларига тақиб кўрар, эрига ҳам “қалай” дегандек кўрсатарди. Шу тариқа, у нархига парво ҳам қилмасдан анча нарсани харид қилиб қўйди. 


Танлайдиганини танлаб бўлгач, эрига имо қилган эди, у: “неча пул бўлди?”, дея югуриб олдимга келди. Ҳисобни кўриб, қўрқиб кетади деб ўйлаган эдим. 


–    Жами йигирма беш миллион бир юз етмиш минг, сўм бўлди... 

–    Ие, “бирюз етмиш минг”и қаттан келди, ока? – деди у пешонаси тиришиб... – ҳисобни тўғри қилинг...

–    Ҳа-а-а, ҳалиги,.. онангиз  бир юз етмиш минг сўмлик кичкина узук олгандилар... 


Шу пайт кўз ўнгимда ғалати ҳодиса юз берди. Бояги киши қани ўша узук дея, харид қилинган бир талай тилла буюмлар ичидан узукни олиб, олдимга улоқтириб,  “кампирларга нима бор экан, тилла тақиб(!)”, деди. Бу ҳолатдан титраб кетдим. 


Онаси унинг гапини эшитгач, йиғлаб, дўкондан чиқиб кетди. Дўконнинг ойнаванд деворидан уни кузата бошладим. У ўғлининг машинасига бориб, маъюс ҳолда ўтирди. Бўғзимга бир нарса қадалгандек бўлди. Унга раҳмим келиб кетди. Қаршимда гўёки, ўз онам беҳурмат қилингандек бўлди.


Шу пайт бояги бойваччанинг ҳонимафандиси қўлларини пахса қилиб, эрини койий кетди. - Нима қилардиз, а шунақа қилиб?.. Уфф, шу етми турувди. Шу қиганизга энди, ўғлизга қарамай қўйсалар нима бўлади, а?!.. Ким кўтариб юради, энди болани?.. Ман кўтармиман-у ахир!!! 


Субҳаналлоҳ... Анави кекса аёл қайнонамиди ўзи, ёки хизматкор?.. Ҳайратдан ёқамни ушлай дедим.


Охири, сабрим чидамасдан ҳалиги одамга танбеҳ беришга мажбур бўлдим. Жуда ҳам хунук иш қилдиз-да биродар, - дедим. Шунча пул сарфлаганда, биттагина арзон узук нима эди,.. шунинг учун бунчалик пасткашликка бориш керакмиди? Энди, бориб, ойингизни кўнглини олинг дея насиҳат қилдим. 


Йигит машинада ўтирган онасининг олдига бориб: 


-    Хоҳласангиз ўша узукни ола қолинг, ойи-и!.. Бўлди қилинг, энди, намунча?!.. – дея тўнғиллади. 

-    Йўқ!.. ҳеч нарса керакмас, деди онаси. Шунчаки, ҳамма каби мен ҳам байрам сабабли хурсанд бўлишни хоҳловдим холос. Гап, узукда эмас, кўнгилда болам!.. Баҳонада қадрим қанчалик эканини билиб олдим. Қаердан ҳам ўша узукни олмоқчи бўлдим-а… Аллоҳ кечирсин сени болам, ҳайит куни хурсандчилигимни ўлдирдинг... 


Шу пайт, беихтиёр кўзимга ёш келди. Ич-ичимдан эзилиб кетдим. Бу нуроний, муштипар онаизорнинг чил-чил синган дилига малҳам топишга ожиз эдим. 


Бу воқеани эшитиб, менинг ҳам кўзларим ёшланди. Наҳотки, одамлар ўз ота-оналарига нисбатан бу қадар бемеҳр бўлиб кетишган бўлса!.. Ота-онани хор қилиш шунчалик бўладими? Мурғак гўдаклик чоғимиздан бошлаб то улағайиб, ўзимизни эплайдиган бўлгунимизга қадар емай едириб, киймай кийдирган, бизнинг роҳатимиз учун неча уйқуларини ҳаром қилган, бутун умрини, соғлигини бизларга бахшида қилган ота-оналаримизга ташаккуримиз, муносабатимиз шуми? Яхшиликнинг жавоби наҳот шундай бўлса?.. Ота-онасини бошидаги тож, бирисини ой, бирисини қуёш деб билган олийжаноб халқимизнинг асл қадриятлари қайларда қоляпти?.. Наҳотки, келинларимиз ҳам биттагина қайноналарини Аллоҳ учун, ёки бундай тушунча уларга бегона бўлса, ҳеч бўлмаганда ўз эрларининг ҳурмати учун кўнглини олишни, ҳурматларини жойига қўйишни ўзларига эп кўролмайдилар?!.. Агар эр ўз ота-онасига бепарво бўлса, уни тўғри йўлга солиш аёл кишидан вожиб эмасми?!.. 


Қайтар дунё, дейдилар. Эрта бириси кун улар ҳам ўғил уйлантириб, қайнона бўлганларида, ўзларига нисбатан шундай муомала қилинса, чидай олармиканлар?!.. Охиратдачи, охиратда ота-онасига бемеҳр ва бепарво фарзанднинг оқибати не бўларкин...


Ота-онага яхшилик қилиш фарз, уларни ранжитиш, дилларини оғритиш эса гуноҳи кабирадир. Ота-онани йиғлатиш, гуноҳга буюрмаган ҳолатда итоат қилмаслик, дилларини оғритиш, кексайганларида яхшилик қилмай, ёрдам бермай ташлаб қўйиш, чунончи қарияларга уйига олиб бориб қўйиш, дўстни отадан, хотинни эса онадан устун қўйиш ҳам ота-онага оқ бўлиш жумласидан ҳисобланади. 


Жаноби Ҳақ таоло марҳамат қилиб, буюради (маъноси):

“Раббинг, ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бириси ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма, уларни жеркма. Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотни паст тут – хокисор бўл ва: - “Парвардигорим, мени гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, деб (ҳақларига дуо қил)!”.  (Исро сураси, 23-24 - оятлар)


Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани бош имом-хатиби Одилхон қори Исмоилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уйланишга танланадиган аёлнинг сифатлариСавол Эр уйланиш учун танлаётган аёлнинг қайси сифатларига эътибор бериши керакЖавоб Қуйидаги сифатлар1. Диндор давоми...

3349 05:00 / 15.02.2017
Оилавий ҳаётнинг ва эрхотиннинг бирбирларига нисбатан бўладиган муносабатларини сифатлашда Қуръони Каримда келган баёнотлар айни мўъжизадир. Бу борадаги давоми...

5166 13:30 / 17.09.2021
.Бас, қачонки, иккиси ҳам Аллоҳнинг амрига бўйин суниб, Исмоилни қурбонликка пешонаси билан ерга ётқизган эдики, биз унга нидо қилдик Эй, Иброҳим Дарҳақиқа, сен давоми...

5931 12:01 / 26.07.2018
.Никоҳ, луғатда .қўшиш,, .жамлаш,, .яқинлик, деган маъноларни англатади. Шариатда эса никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни эркак кишининг давоми...

5091 17:37 / 15.07.2017