1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Суннат ва илмий мўъжизалар

00:33 / 30.09.2018 4758 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннат барча тарафдан Қуръони каримдан кейин, иккинчи ўринда туради. Балоғат ва фасоҳатда ҳам, шаръий ҳукмларда ҳам, жумладан, илмий мўъжизаларга далолат қилишда ҳам. Яъни суннат оддий одамлардан содир бўладиган гап-сўз ёки хатти-ҳаракатлар эмаслиги аён. Суннатда собит бўлган баъзи илмий мўъжизалар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ Пайғамбар ва Исломнинг ҳақ дин эканига ёрқин далолат бўлиб келади. Қуръони каримнинг илмий мўъжизаларидан кўпроқ далиллар келтирганимиз учун суннатдаги илмий мўъжизалардан фақат биттасини келтириб ўтамиз.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Идишларнинг устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Шунда шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас. Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил», дейилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз, умматларига бошқаларнинг кўзида арзимас бўлиб кўринса ҳам, аслида ўта муҳим бўлган ишларда иршод бермоқдалар.

Жумладан, «Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил», демоқдалар.

Ушбу амри набавийга амал қилган ҳолда ҳар бир мусулмон кечқурун чироғини ўчириб ётмоғи лозим бўлади. Чироқни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Бу ишнинг зарарларидан бири ҳадиси шарифнинг ўзида айтиб ўтилмоқда:

«Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур».

Кечаси заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда бундан бошқа кўнгилсизликлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан беҳуда ёниб чиққан чироқдан оила иқтисодига зарар етиши турган гап.

«Ал-Араб» газетасининг 1999 йил, 14-15 май кунлари нашр этилган 5620-сонининг охирги саҳифасида «Ёруғликда ухлаш узоқни кўра олмасликка сабаб бўлади», деб номланган илмий мақола эълон қилинди. Унда АҚШнинг Флорида вилоятидаги Пенсилвания университетининг тиббиёт факультетида олиб борилган илмий тажриба натижаси ҳақида сўз боради. Доктор Ричард Стоун раҳбарлигида узоқни кўра олмаслик хасталигига учраган 479 та 2 ёшдан 22 ёшгача бўлган беморлар устида олиб борилган тажрибадан маълум бўлишича, 479 бемордан 10 фоизи қоронғида, 34 фоизи ним ёруғда ва 56 фоизи тўлиқ ёруғда ухлар экан. Демак, узоқни кўра олмаслик хасталиги асосан чироқни ўчирмай ухлашдан бўлар экан.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифларидан бирида, икки сўз билан айтилган иршоднинг ўша вақтда ва ундан кейин ҳам ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган фойдаси минг тўрт юз йилдан кейин илмий равишда тасдиқлангани ажойиб!

Ҳа, Ислом шариатида келган ҳукмлар ва кўрсатмаларнинг ҳикмати давр ўтган сари, илм ривожланган сари ўз тасдиғини яна ҳам кучлироқ топиб бораверади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

«Иймон» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бугунги кунда барча соҳадаги кашфиёт ва тараққиётнинг асосий омили суннат эканлиги кўп бора ўз исботини кўрсатмоқда. Шунингдек, тиббиёт соҳасидаги қўлга давоми...

4524 07:10 / 08.06.2019
Олимларнинг айтишича, агар Ой бўлмаганда ердаги бир кун олти соатдан иборат бўлар экан. Агар Ой бўлмаганда, сайёрамиздаги тун ҳозиргидан анчагина қоронғироқ давоми...

3131 12:45 / 04.12.2023
Майизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрар эдилар. Уни фитр садақаси сифатида беришга тавсия қилганлар.Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу давоми...

13049 09:00 / 03.09.2021
Ўтган аср бошларида Эйнштейн умумий нисбийлик назариясини эълон қилди. Унда тортишиш, тезлик ҳамда вақтнинг буларга алоқаси ҳақида сўз юритилган. Соҳа давоми...

4814 09:00 / 29.08.2021
Аудиолар

210861 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130126 14:35 / 11.08.2021