1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

НИКОҲИ ҲАРОМ БЎЛГАН АЁЛЛАР

05:00 / 14.02.2017 20558 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло турли сабаб ва ҳикматларга кўра ҳар бир эркакка бир неча тоифа аёлларнинг никоҳини ҳаром қилган. Эр киши уларга уйланиши мумкин эмас, бундоқ қилишлик ҳаром ҳисобланади. Ким шу ишни қилса гуноҳкори азим бўлади. Мазкур гуноҳга ботиб қолмаслик учун ҳар-бир мусулмон шахс ушбу масалани яхшилаб тушуниб олмоғи керак.

«Мухтасари Виқоя»нинг соҳиблари бу масалани одатларича қисқача тарзда қуйидагича баён қиладилар.
Қуйидагилар ҳаром бўлади; асли, фаръи, яқин аслининг фаръи, узоқ аслининг сулбидан бўлган қизи, хотинининг онаси ва жинсий яқинлик қилган хотинининг қизи, аслининг ва фаръининг хотини.

1. Асли, яъни, онаси, момолари; отасининг онаси ва онасининг онаси ва ҳоказо.
2. Фаръи, қизи, фарзандларининг қизлари, яъни қиз набиралари.
3. Яқин аслининг фаръи, яъни, ота ва онасидан тарқалганлар. Опа-сингиллари.
4. Узоқ аслининг сулбидан бўлган қизи, яъни, бобо ва момоларининг қизлари - амма ва холалари.
5. Хотинининг онаси, ул хотин билан қовушганми йўқми бари бир.
6. Жинсий яқинлик қилган хотинининг қизи, яъни, бошқа эридан бўлган қизи. Агар бир хотинни никоҳига олган аммо унга яқинлик қилмаган бўлса, ундан ажраб мазкура аёлнинг бошқа эридан бўлган қизига уйланса бўлади.

2. Аслининг ва фаръининг хотини, яъни, отасининг ва ўғлининг хотини.
Ушбу тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаромлигига далиллар.
Аллоҳ таоло: «Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа - сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз, хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб хотин қилмоғингиз ҳаром қилинди. Магар аввал ўтган бўлса майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳимдил зотдир. Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди). Бу сизларга Аллоҳнинг ёзганидир», деган (Нисо:23-24).
Ислом шариати мусулмон эркакларга уйланишни ҳаром қилган тоифалардан баъзилари ушбу оятда баён қилинган.
Ислом эса, улкан ҳикматларни эътиборга олиб, насаб алоқаси, эмикдошлик алоқаси ва қудачилик алоқаси туфайли маълум тоифа аёлларнинг никоҳини маълум тоифа эркакларга ҳаром қилган. Буни бир-бир ўрганиб чиқайлик:
Насаб алоқаси туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар: «Сизларга оналарингиз, қизларингиз, опа - сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака - укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари», ҳаром қилинди.

1. Никоҳи ҳаром қилинган аёллар тоифаси ояти каримада «оналар»дан бошланган.
Бу нарса насаб жиҳатидан асл бўлганларнинг никоҳи ҳаромлигига ишоратдир. Онага ва момоларга, яъни, ота-онанинг оналарига эркакнинг никоҳи ҳаромдир.
2. Кейинги тоифа, «қизларингиз»дир.
Бунга кишининг ўзидан тарқаган зурриётлари, жумладан, набира қизлари ва улардан кейинги табақалар ҳам киради.
3. «Опа-сингилларингиз».
Туғишган бўлса ҳам, ота бир, она бошқа ёки она бир, ота бошқа бўлса ҳам, опа-сингилларнинг никоҳлари ҳаромдир.
4. «Аммаларингиз ва холаларингиз».
Булар билан ҳам насаб алоқалари бўлиб, бу одамлар ҳам юқорида зикр қилинган тоифаларга ўхшашдир. Амма-холалар одатда онанинг ўрнига ўтадиган, ота ва она тарафнинг вакиллари ҳисобланади. Улар билан никоҳда бўлиш, соғлиқ, ахлоқ-одоб ва қариндошлик жиҳатларидан катта зарарлар келтиради.
5. «Ака-укаларингизнинг қизлари ва опа-сингилларингизнинг қизлари».
Булар ҳам насаб томонидан алоқадор бўлиб, аввалги зикр қилинган ва яна Аллоҳнинг ¤зи биладиган бошқа ҳикматлар учун никоҳлари ҳаром қилинган.
Қудачилик асосида никоҳи ҳаром қилинган аёллар:
«...хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари ҳаром қилинди. Агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, (қизларига уйланишингизда) гуноҳ йўқ. Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари, опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди. Магар агар аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмли зотдир».
1. «Хотинларингизнинг оналари».
Қайноналар ва катта қайноналарга (қайнота тарафдан бўлса ҳам, қайнона тарафдан бўлса ҳам) уйланиш куёв учун ҳаром. Булар қудачилик алоқалари туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар тоифасига кирадилар.
2. «Ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари».
Шариат ҳукми бўйича эркак ва аёл рози бўлиб, ақду никоҳ ўтиши билан эру хотинга айланадилар. Бирга эр-хотинлик қилиб яшасалар, арабча «духул бўлди», дейилади. Аммо ақду никоҳдан сўнг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик.
Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни, бир одам, аёл киши билан ақду никоҳни ўтказган бўлса-ю, «духул» қилган, яъни, қовушган ҳам бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади.
Аммо юқоридаги шартга кўра, ақду никоҳи бўлган-у, ҳали духул бўлмаган аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланса бўлади.
3. «Ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари».
Яъни, келинлар. Бу ерда «пуштингиздан бўлган ўғилларингиз» деб қайд қилиш билан бирга, тутинган ўғиллар бу ҳукмга кирмаслиги аён бўлмоқда. Келинларга уйланишни ман қилишда ахлоқий, инсоний эътиборлар билан бирга, худди юқоридаги ҳолатларга ўхшаб, қариндошлик алоқаларини эҳтиётлаш ҳикмати ҳам бор.
4. Оталарнинг хотинлари.
Аллоҳ таоло: «Оталарингиз ўз никоҳига олган аёлларни сиз ўз никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Бу иш, албатта, фоҳиша, ғазабнок иш ва қандай ёмон ишдир!» деган. (Нисо:22)
ал-Баро ибн Озибдан ривоят қилинади: «Олдимдан амаким (Ҳорис ибн Умайр) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам берган байроқни кўтариб ўтиб қолди. Унга: «Ҳа, амаки, Пайғамбар алайҳиссалом сизни қаёққа юбордилар?» деб сўрадим. У киши:
«Отасининг хотинига уйланган кишига юбордилар. Унинг калласини олишга амр қилдилар», деди». Имом Аҳмад ривоят қилган.
Мазкур тоифаларнинг никоҳи абадий ҳаромдир.
Шуларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам.
Эмизиш туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар:
«...эмизган оналарингиз, эмикдош опа-сингилларингиз», никоҳи ҳаром қилинди.
Бу жумлада эмиш орқали никоҳи ҳаром бўлган аёллар зикр қилинмоқда. Ояти каримада фақат икки тоифа – эмиш туфайли аслга айланган, яъни, она бўлганлар ва уларнинг шаҳобчалари бўлмиш эмикдош опа-сингилларгина зикр қилинмоқда.
Яъни, насаб жиҳатидан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмиш туфайли ҳам ўша тоифаларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Бундай ҳукмлар остига кирадиган эмиш шуки, икки ёшдан кичик бўлган гўдакнинг онасидан бошқа, сутли аёлни тўйиб эмишидир. Ана ўшанда у аёл боланинг онасига, эри эса, отасига, болалари ака-укаси ва опа-сингилларига айланадилар. Шунингдек, бошқа қариндошлар ҳам эмган болага хеш бўладилар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эмизиш туфайли ҳам туғилиш туфайли ҳаром бўлганлар ҳаром бўлади», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Туғишганлик, яъни, насаб алоқаси бўйича қайси тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлса, эмизиш орқали, яъни, бировнинг боласини бегона аёл эмизиши туфайли содир бўладиган эмикдошлик яқинлиги туфайли ҳам ўша тоифа аёлларнинг никоҳи ҳаром бўлади.
Мисол учун, туққан онасининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмизган онасининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади. Туғишган синглисининг никоҳи ҳаром бўлганидек, эмикдош синглисининг никоҳи ҳам ҳаром бўлади ва ҳаказо.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга амакилари Ўамзанинг қизини никоҳлаб олиш тарғиб қилинди. Шунда у зот: «У (қиз) менга ҳалол бўлмайди. Чунки, у эмикдош акамнинг қизидир. Қариндошлик туфайли ҳаром бўлганлар эмикдошлик туфайли ҳам ҳаром бўлурлар», дедилар». Икки Шайх ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёшликларида ўз амакилари Ўамза розияллоҳу анҳу ёшликларида эмган аёлни эмган эдилар. Улар бир-бирлари билан эмикдош ака-ука эдилар.
Шунинг учун ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўамза розияллоҳу анҳунинг қизларига уйланишидан бош тортдилар. Бу иш худди насабий аканинг қизига уйланишдек ҳаром эканлигини баён этдилар.
Шунингдек, ўзи билан зино қилган, ўзи ушлаган ёки уни ушлаган ва ички фаржига шаҳват билан назар солган аёлнинг фаръи ҳам, асли ҳам ҳаром бўлади.
Бир киши, эй Аллоҳнинг расули, мен жоҳилиятда бир аёл билан зино қилган эдим. Унинг қизига уйлансам бўладими, деди. У зот, буни жоиз деб билмайман, дедилар.
Ал-Fоятус Самъония номли китобда ривоят қилишинича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аёлнинг фаржига шаҳватла назар солса, унга анинг қизи ҳам, онаси ҳам ҳаром бўлур», деганлар.
Ибн Абу Шайба Умму Ҳонеънинг ҳадисида чиқарган.
Тўққиз ёшдан кичик қизлар иштаҳа тортадиган эмас.
Бас, шу ёшдаги қизларни ушласа ва уларга назар солса, аввалги сатрлардан ўтган ҳукмлар собит бўлмайди.

НИКОҲИ ВАҚТИНЧАЛИК ҲАРОМ БЎЛГАН АЁЛЛАР

Икки аёлдан бирини эркак деб фараз қилинганда унга иккинчиси ҳалол бўлмайдиган аёллардан бирининг никоҳи ва иддаси иккинчисининг никоҳини ва мулк юзасидан яқинлик қилишни ҳаром қилади.
Мулк юзасидан дегани чўри сифатида деб тушунилади.
Мисол келтириш йўли билан юқоридаги иборани англашга интиладиган бўлсак, опа сингил бор. Улардан бирини эркак киши деб фараз қилсак, у иккинчисига уйлана олмайди. Чунки опасига ёки синглисига уйланиш ҳаром қилинган. Бас, улардан бири бир кишининг никоҳида бўлса, унинг устига иккинчисини олиб бўлмайди. Ёки бири бир кишидан бўлган талоқ иддасида ўтирган бўлса, худди ўша одам иккинчисини никоҳига олиши тўғри эмас.
Қадимги, қулчилик ҳукм сурган вақтда опаси ўзи билан никоҳда бўлган аёлни чўри қилиб олиш ҳам мумкин бўлмаган.
Мисол учун, аёл билан унинг аммасини олиб кўрайлик. Агар аёлни эркак, деб фараз қилсак, эркак киши ўз аммасига уйланиши ҳаром. Агар аммани эркак, деб фараз қилсак, эркак киши ўз ака-укасининг қизига уйланиши ҳаром. Бошқаларни ҳам шундоқ қилиб солиштириб чиқса, маҳрамлар орасини жамлаб бўлмаслик чиқади.
Юқорида ўрганган оятимизда бу тоифанинг ҳам зикри келган.
«Опа-сингилни қўшиб олмоғингиз ҳаром қилинди».
Яъни, бир киши ўз никоҳида турган хотинининг опа-синглисига уйланиши мумкин эмас. Бундай никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчадир. Агар никоҳида турган опа ёки сингил ила никоҳ алоқаси узилса, у ҳолда унинг опаси ё синглисига уйланса бўлаверади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл билан унинг аммасини ёки холасини қўшиб хотин қилмоқликни ман қилганлар. Бундай никоҳлар қариндош хотинлар орасидаги муносабатларни бузадиган бўлгани учун ҳам ҳаром қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл ва унинг аммасини ҳамда бир аёл ва унинг холасини жамланмас», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Умму Ҳабийба розияллоҳу анҳо дейдиларки: «Эй, Аллоҳнинг Расули, синглим Бинти Абу Суфённи ўз никоҳингизга олинг», дедим.
«Сен шуни хоҳлайсанми?» дедилар.
«Мен сизни фақат ўзимники қилмоқчимасман. Яхшиликда менга шерик бўладиган энг маҳбуб шахс синглим», дедим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бу иш менга ҳалол бўлмас», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, биз сизнинг Дурра бинти Абу Саламани никоҳингизга олмоқчи эканингиз ҳақида гаплашмоқдамиз», дедим.
«Умму Саламанинг қизиними?» дедилар.
«Ҳа», дедим.
«Аллоҳга қасамки, агар у менинг қарамоғимда бўлмаганида ҳам, менга ҳалол бўлмас эди. У менинг эмикдош биродаримнинг қизи. Мен билан Абу Саламани Сувайба эмизган. Менга қизларингизни ва сингилларингизни тақдим қилманглар», дедилар
». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
ал-Заҳҳок ибн Файруздан, у отасидан ривоят қилинади: «Мусулмон бўлганимда икки хотиним бир-бирига опа-сингил эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирини талоқ қилишимни буюрдилар». Аҳмад ривоят қилган.
Келаси жумлада икки аёлдан бирини эркак деб фараз қилинганда унга иккинчиси ҳалол бўлмайдиган аёллар ҳақидаги бошқа бир ҳукмнинг баёни бўлади.
Шунингдек, улардан бирига мулк юзасидан жинсий яқинлик қилиш иккинчисига ҳам мулк юзасидан, ҳам никоҳ орқали жинсий яқинлик қилишни ҳаром қилади. Никоҳини эмас.
Яъни, юқорида зикр қилинган даражадаги қариндош аёллардан бири бир эркакнинг чўриси бўлса-ю, унга шу туфайли жинсий яқинлик қилгандан кейин у чўрининг мазкур сифатдаги қариндош аёлига ҳалиги эркак чўри сифатида ҳам, никоҳидаги хотини сифатида ҳам жинсий яқинлик қилиши ҳаром бўлади. Аммо иккинчи аёл билан ақди никоҳдан ўтса бўлади. Чунки ақди никоҳ жинсий алоқасиз ҳам бўлаверадиган нарса. У вақтда қандоқ қилиш лозимлигини қуйидаги жумладан билиб оламиз.

Агар бирига ақди никоҳ қилган бўлса, то бошқасини ҳаром қилмагунча унга яқинлик қилмай туради.
Мисол учун, бир аёл бир эркакка хотин бўлиб турибди. Ўша эркак мазкура аёлнинг икки аёлдан бирини эркак деб фараз қилинганда унга иккинчиси ҳалол бўлмайдиган қариндош аёллардан бирини чўри қилиб олди. Ўша чўрига яқинлик қилиш учун унга қариндош бўлган ўз никоҳидаги хотинини талоқ қилиши ва талоқ қилинган аёлнинг иддаси чиқиши лозим. Бу мисол турли кўринишларда бўлиши мумкин.
Никоҳи вақтинчали ҳаром бўлган аёллардан «Мухтасари Виқоя»да зикр қилинмай қолганлари қуйидагилар:
1. Эри бор аёл.
Аллоҳ таоло: «Қўлингизга мулк бўлиб тушганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди)», деган.
Демак, эри бор аёлга уйланиш ҳаром. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб идда ўтирган аёллар ҳам, то идда муддати орасида эрлик аёллар қаторига киради. Буларнинг никоҳи ҳам вақтинча ҳаромдир.
2. Ўзи уч талоқ қилган аёл.
Эр киши ўз аёлини бир талоқ ёки икки талоқ қилса қайтадан ярашса бўлади. Аммо уч талоқ қилгандан кейин, ўша эр учун у аёл вақтинчалик ҳаромга айланади. Қуръони Каримнинг ҳукмига биноан у аёл бошқа эрга тегиб, табиий ҳолатда ўлим ёки талоқ туфайли ажрашгандан кейингина биринчи эрга никоҳи ҳалол бўлади. Бунинг учун, албатта, иккинчи эрнинг хотини билан эру хотин бўлиб яшаши шарт. Иккинчи эр жинсий алоқага қодир эмас шахс бўлса, аёл қайтадан биринчи эрга ҳалол бўлмайди. Никоҳ тўғри никоҳ бўлиши ҳам шарт қилинган.
3. Самовий динга эътиқод қилмайдиган аёл.
Бу мусулмон киши учун муслима, масиҳия ва яҳудия аёлдан бошқа аёлга уйланиб бўлмаслигини билдиради. Самовий дин деганда, Ислом, масиҳий ва яҳудий динлари тушинилади.
Бошқа қандай динга эътиқод қилинса ҳам ёки динсиз бўлса ҳам ҳеч бир хотинга уйланиб бўлмайди.
Шунингдек, Исломдан юз ўгирган, муртад аёлга ҳам уйланиб бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мушрика аёлларга то улар иймонга келмагунларича уйланмасликни мусулмонларга қаттиқ таъйинлаган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оила ndash бахт саройиАллоҳ таоло инсоният наслининг никоҳ йўли билан давом этишини ирода қилиб, Ўзининг сўнгги ва мукаммал динида бунга оид барча ҳукмларни баён давоми...

3923 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин..У Зот хоҳлаган давоми...

3669 05:00 / 15.02.2017
Рубаййиъ бинти Муъаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўйим бўлган куни келиб тўшагимга худди сен ўтирганга ўхшаб давоми...

3376 05:00 / 14.02.2017
Жинсий ожизлик араб тилида .анийн, дейилади ва аёлни истамайдиган эркакка ва эркакни истамайдиган аёлга нисбатан ишлатилади. Шаръий истилоҳда эса, жинсий олати давоми...

13939 05:00 / 15.02.2017