1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун дуоси

Ҳожат намози ва унда ўқиладиган дуо (23-тавсия)

22:04 / 13.10.2023 428079 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳожат намози ва унда ўқиладиган дуо (23-тавсия)

 

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ الْحَلِيمُ الكَرِيْمُ سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ العَرْشِ العَظِيمِ، الْحَمْدُ للهِ رَبِّ العَالَمِينَ أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ وَالغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ وَالسَّلاَمَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلاَّ غَفَرْتَهُ وَلاَ هَمًّا إِلاَّ فَرَّجْتَهُ وَلاَ حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلاَّ قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ

«Кимнинг Аллоҳга ва Бани Одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилиб, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано, Набий  соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтсин. Кейин: «Лаа илаҳа иллаллоҳул Ҳалимул Карийм, субҳааналлоҳи Роббил аршил азийм.Алҳамду лиллаҳи Роббил ъааламин. Ас-алука мужибаати роҳматик, ва азааими мағфиротик, вал ғониймата мин кулли бирр, вас-салаамата мин кулли исм. Лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳ, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳ, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳ, йаа арҳамар-роҳимийн!» десин».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилгишан.

Ибн Можа «йаа арҳамар-роҳимийн» жумласидан сўнг «кейин дунё ва охират ишларини истаганича сўрайди, чунки улар (сўраган нарсалари) унинг тақдирига битилади» деган жумлани қўшимча қилган.

 

Дуонинг маъноси: Ҳалиму Карим Аллоҳдан ўзга (ибодатга сазовор) маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни сўрайман, барча яхшиликлардан насиба, барча ёмонликлардан саломат бўлишни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай кушойиш қилгин, Ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай албатта раво қилгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси!»

 

Изоҳ: Ҳожат намози мандуб намозлардан саналади. У икки ёки тўрт ракъат ўқилади. Имом Ибн Ҳажар «Бу намозни шанба куни саҳар чоғи ўқиб, сўнг эҳтиёжига кушойиш сўраш мандубдир, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким шанба куни эрталаб эҳтиёжини сўрасасўрагани ҳал бўлади. Унинг ҳожати раво бўлишига мен кафилман», деб марҳамат қилганлар», деган.

 

Усмон ибн Ҳаниф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир кўзи ожиз одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, (Аллоҳ) кўзимни очсин», деди. У зот: «Шундай қолаверса-чи?» дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, кўзимнинг ожизлиги менга оғирлик қиляпти», деди. У зот шундай дедилар: «Бўлмаса, бориб таҳорат ол. Кейин икки ракъат намоз ўқи. Сўнг шундай дегин: «Аллоҳим, мен Сендан Набиййим, раҳмат набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни васила қилиб ёлвораман, Сенга таважжуҳ қиламан(юзланаман). Эй Муҳаммад, мен Роббингизга сизни васила қилиб таважжуҳ қиламан, менинг кўзимни очсин. Аллоҳим, у зотни ўзимга воситачи қил. Ўзимни ҳам ўзимга воситачи қил!»

Кейин у кўзи очиқ ҳолда қайтиб кетди».

Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким «Бухорий ва Муслимнинг шартларига кўра саҳиҳ», деган. Лафз Насоийники.

 

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

 

1. Ҳожат намозини ўқиш мандубдир. У икки ёки тўрт ракъат ўқилади.

2. Кимнинг Аллоҳдан сўрайдиган ёки бирорта одам билан ҳал бўладиган ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилиб, икки ракъат намоз ўқийди. Кейин Аллоҳ таолога ҳамду сано, Набий  соллаллоҳу алайҳи васалламга саловотлар айтади. Кейин юқорида ҳадисда айтилган дуони ўқийди.

3. Бу намозни шанба куни саҳар чоғи ўқиб, ҳожатининг раво бўлишини сўраш мандубдир.

4. Солиҳ одамларни васила қилиб дуо қилиш жоиздир.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким тонг отганида 17 18 19 .Фасубҳаналлоҳи ҳийна тумсууна ва давоми...

5720 10:08 / 10.02.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким йўқолган нарсасини масжидда овоза қилиб, ахтарилишини сўраган кишини давоми...

2490 11:32 / 16.10.2019
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким тонгда ва кеч кирганида .Роббийаллоҳ, таваккалту давоми...

2472 18:35 / 13.01.2023
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким таҳорат қилиб бўлиб .Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла давоми...

5567 08:50 / 20.01.2019
Аудиолар

213224 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132448 14:35 / 11.08.2021