Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (от - улов ва кемаларга) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп нарсалардан мутлоқ афзал қилиб» - деб, чексиз неъматлар билан сийлаган Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар бўлсин.
«Шубҳасиз, Қиёмат куни менинг мажлис ва суҳбатимизга энг яқин ва маҳбуб киши сизлардан ахлоқан яхши бўлган кишидир ва Қиёмат куни менинг мажлис ва суҳбатимдан энг узоқ ва мардуд киши сизлардан эзмалик қиладиган, беҳуда сўзлайдиган ва кибру ҳаво қиладиган кимсалардир» - деб, тарбия мезони бўлган ҳусни хулқни ва унинг даражалари ва мартабалари ёки ёмонлик ила келадиган оқибат ва саббалари ҳақида чиройли таълим берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, оила аъзолари ва асҳоби икромларига саловоту саломлар бўлсин.
Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб қўйди.
Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолатдир. Бошқа маҳлуқотларда у шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра одамни ўз қўли билан яратиб, Ўз руҳидан жон пуфлаб, Тафаккур юритиши учун Ақл, ҳаётда тўғри йўл тутиб, яшаши учун илм берди. Шу боисидан ҳам, буларнинг ҳаммаси инсонни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганининг наъмуналаридандир.
Чиройли ҳулқ кишининг бўйнидаги Аллоҳ таолонинг розилигидан бўлган ҳалқадир. У ҳалқа занжирларига уланган. Раҳмат занжирлари эса, жаннат эшиги ҳалқасига туташган. Чиройли ҳулқ қайси тарафга юрмасин, занжир уни ўзига тортиб туради ва ўша эшикдан уни жаннатга олиб киради.
Ёмон ҳулқ кишининг бўйнидаги Аллоҳ таолонинг ғазабидан бўлган ҳалқадир. У ҳалқа азоб занжирига боғланган. Занжир эса, дўзаҳ эшигига уланган. Ёмон ҳулқ қаёққа юрмасин, занжир уни ўзига тортиб туради ва ўша эшикдан дўзаҳга киришига сабаб бўлади.
«Ҳулқ» ва «хулуқ» калималари айни илдизидан келади, яъни иккаласи биргаликда қўлланувчи сўздир. Асоси эътибори билан бири зоҳирий, иккинчиси эса ботинийдир, яъни, инсоннинг ички дунёсига оиддир. Масалан, «фалонсининг хулқи ва ҳулуқи гўзал» дейилса унинг ички ва ташқи гўзаллиги тушунилади. «Ҳулуқ» ташқи туйғулар билан идроқ қилинадиган сурат, ҳайъат ва шакил маъноларини билдиради. «Ҳулқ» эса ботинга ички гўзаллигига далолатдир ва инсонинг ташқи кўринишида намоён бўлмайдиган омиллардир. Унинг ҳақиқати инсоннинг аҳлоқи, табиати ва амаллари билан майдонга чиқади. Инсон ташқи кўриниши билан аслида кимлигини қанчалик яширмасин, бир куни ички кўриниши албатта намоён бўлади. Инсон ташқи кўринишидан завқ олиш учун бир кўзгуга муҳтож бўлгани каби, ички оламини, феъл ва тамойилларини ўрганиш ва лозим кўрилган шакилда тарбиялаш учун ҳам бир авлиёнинг файз ва талқинларига, яъни, инсонларни тарбия қиладиган, ўзига ўзини таништирадиган кўнгил кўзгусига муҳтождир.
Бу борасида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони кармда: «Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларнинг қуруқлигу денгизда (от-улов ва кемаларга) кўтардик ҳамда уларнинг пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уларни Ўзимиз яратган жудда кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (Исро сураси) деб марҳамат қилган.
Саҳобаи икромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Гўзал аҳлоқ нима Я Расулуллоҳ?» -деб сўрашганида, Саййидимиз жавоб қилдилар ким: «Сенга зулм қилганни кечир, сенга бермаганга сен бер, сендан алоқасини узган билан алоқа ўпнат, борди-келди қил». Бу ҳадисдан кўриниб турган асл маъно ҳам ҳусни ҳулқдир.
«Гўзал ҳулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилий, ҳалолни излаш, аҳлига бағрини кенг қилиш» (Абу ибн Абу Толиб)
«Кечаларнинг бирида Абу Дардо намоз ўқиш учун ўрниларидан турдилар-да, тонг отгунча: "Эй Аллоҳ! Мени чиройли қилиб яратганингдек, аҳлоқимни ҳам чиройли қил!" - деб йиғлаб чиқдилар. Шунда мен у зотдан: "Эй Абу Дардо! Нима учун тун бўйи қилган дуоингиз фақат ахлоқингизни чиройли ва яхши қилиш ҳақида бўлди?" - деб сўрадим. Абу Дардо: "Бир мусулмон банда ўз ахлоқини яхшилашга ҳаракат қилавериб, охири шу яхши ахлоқ уни жаннатга киритди. Агар у ахлоқини ёмон қилаверса, шу ёмон ахлоқи уни дўзахга киритади", - дедилар» (Умму Дардо)
Искандар Зулқарнайн саркардалари билан ўтирганда улардан бири дедики:
« - Эй олампаноҳим! Сиз кўп уйланинг, фарзандларингиз кўпайсин. Дунёда сиздан анчагина ёдгорлик қолсин».
Бу насиҳатни эшитган Искандар Зулқарнайн кулимсираб қўйдида жавоб қайтарди:
« - Мени ёдгор фарзандларим - ҳамма қилган яхши муомалам, яхши сўзларим ва гўзал ҳулқ-атворимдир. Булар туфайли ҳалқ мени ҳурмат билан тилга олади. Номимни доимо яхшилик билан ёд этади». -деди.
Шу ўринда ёдимизга Суфи Оллоёр бувамиздан бир байт келади.
Кел, эй обид, ўзингни айлагил хок,
Ҳарому шубҳадин хулқингни қил пок.
Маъноси: (Эй Аллоҳга бандалик қилиб юрган инсон, ўзингни тупроқ билан тенг қилгину ҳаром ва шубҳали нарсалардан бўғзингни тийиб, хулқингни поклагин)
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча: "Эй Роббим! Мен сендан тан соғлигини, нафснинг ёмон йўлларга бошлашидан сақланишни, ўзингга ва халқларингга ишончли бўлишни, яхши ахлоқли бўлиш ва тақдирга рози бўлишга муяссар қилишингни сўрайман", - деб кўп дуо қилар эдилар».
Ҳа барча яхши ахлоқ ва ҳусни хулқ соҳиби бўлган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуоларидан мушаррафу муяссар айласин. Ахлоқ ва ҳусни хулқда наъмуна бўладиган умматдан қилсин. Омин...
Абубакир домла СУЛАЙМОНОВ
Марҳамат тумани фаолиятидаги
«Марҳамат» жоме масжиди имом-хатиби