1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Саҳобалар адолати

20:03 / 26.03.2018 5216 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг адолати исботи Ислом ақидасининг дуруст бўлиши учун лозимотлардан биридир.

Моликий усул имомларининг улуғларидан бири бўлган имом Абёрий роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Саҳобалар адолати дейилганда уларнинг исмати собитлиги ёки маъсият истиҳоласи эмас, балки, бундан мурод улар қилган ривоятларни уларнинг адолати сабаблари ҳақида такаллуфсиз, баҳс қилмай ва тазкия (поклаш) талабисиз қабул қилишдир. Агар бирон қабиҳ иш содир қилган кимса бўлса, мустаснодир. Лекин, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, саҳобалар ҳақида бундай нарса собит бўлмаган. Бизлар, тоинки саҳобалар ҳақида хилофлик собит бўлмагунча, улар хусусида Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонидаги гўзал муомалага мувофиқмиз. Сияр аҳлининг зикр қилган маълумотларига эса илтифот йўқ. Зотан, булар доим ҳам тўғри бўлавермайди. Тўғри бўлганининг ҳам, саҳиҳ таъвили бўлади”.

Қуйида биз Ислом тарихида машҳур воқеа ҳақида тўхталамиз. Чунки баъзилар батафсил ўқиб-ўрганмай туриб ушбу воқеа ҳақида мақбул бўлмаган хулосага келиши кузатилади.

ВАЛИД ИБН УҚБА РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ ВОҚЕАСИ

Бани Мусталиқ саййиди бўлмиш Ҳорис ибн Абу Зирор Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борган чоғим, у зот мени Исломга даъват қилдилар. Мен ижобат қилиб Исломга кирдим. Сўнгра мени закот беришга чақирдилар ва мен унга ҳам иқрор бўлдим. Кейин: “Эй, Аллоҳнинг Расули, рухсат берсангиз, қавмимни ҳам Исломга ва закот беришга чақирсам. Ким кўнадиган бўлса, закотини бир жойга жамлаб қўйсам. Бирон вақт вакилингизни юборсангиз, тўпланган закотни олиб келардим”, дедим.

         Сўнгра Ҳорис розияллоҳу анҳу мусулмон бўлганларнинг закотини жамлаб қўйиб кутди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вакил юбориши лозим бўлган вақт келди, лекин вакил келмади. Ҳорис мендан Аллоҳ ва Унинг Расулининг аччиғи чиқди, шекилли, деб гумон қилди ва ўз қавмини жамлаб: “Расулуллоҳ алайҳиссалом менга вакил юбориш учун вақт белгилаган эдилар ва бир вакил келиб мендаги закотларни олиши керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъдага хилоф қилмайдилар, вакилларининг ушланиб қолиши у зотнинг аччиқлари чиққанлиги сабабидан деб биламан. Келинглар, ўзимиз Расулуллоҳнинг ҳузурларига борамиз”, деди.

Бу орада Расулуллоҳ алайҳиссалом Валид ибн Уқба исмли кишини йиғилган закотни олиб келиш учун Ҳорис олдига вакил ўлароқ юборган эдилар. Аммо Валид келган вақтда Ҳорис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришга одамлари билан бирга тайёргарлик кўраётган бўлиб, бу ҳолатдан Валид хавотирга тушди, улар мусулмонларга қарши чиқмоқчи экан деган гумон билан ортга қайтиб Расулуллоҳнинг ҳузурларига келди ва: “Эй Аллоҳнинг Расули, Ҳорис закотни бермасдан, мени ўлдирмоқчи бўлди”, деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундан ғазаблари чиқиб, Ҳорисга Холид ибн Валид бошчиликларида одам юбордилар. Юборилган кишилар эндигина Мадинаи мунавварадан чиққан чоғда Ҳорис розияллоҳу анҳу одамлари билан келаётганини кўриб қолдилар. Юборилганлар: “Ана, Ҳориснинг ўзи келмоқда”, дейишди. Ҳорис розияллоҳу анҳу уларга яқинлашиб келиб: “Кимга юборилдингиз?”, деб сўради. Улар: “Сенга”, дейишди. У киши: “Нима учун?”, деди. Улар: “Расулуллоҳ алайҳиссалом сенга Валид ибн Уқбани юборган эдилар, унинг айтишича, сен закотни бермай, унинг ўзини ўлдирмоқчи бўлибсан”, дедилар. Шунда Ҳорис розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай эмас, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ дин билан юборган Зотга қасамки, уни кўрганим йўқ ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ”, деди. Ҳорис розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига кирди, шунда у зот алайҳиссалом: “Закотни бермай, вакилимни ўлдирмоқчи бўлдингми?”, дедилар. Ҳорис розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай эмас. Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, уни кўрмадим ва у менинг олдимга келгани ҳам йўқ. Менинг олдимга Расулуллоҳнинг вакили бормагани учун, Аллоҳ ва Унинг Расулининг мендан аччиғи чиқдимикин, деб бу ерга келган эдим, холос”, деди. Шунда:

“Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот, 6) ояти нозил бўлди. (Имом Аҳмад ривояти).

Энди бу ҳақидаги уламолар қавлларини ҳам ўрганамиз.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Тақриб” да шундай дейди: “Саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг барчаси эътимодли уламолар ижмоъсига кўра турли фитналардан одилдирлар”.

         Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳ “Истиъоб” да қуйидагича айтади:

“Қуръон устозлари бўлмиш аҳли илмлар ўртасида ушбу оят Валид ибн Уқба ибн Аби Муайт ҳақида нозил бўлганига бирон хилоф йўқ”.

Ушбу саҳоба розияллоҳу анҳуни биргина ушбу хабар сабабли фисқга ҳукм қилиш жоиз эмас. Дарҳақиқат, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонида мусулмон бўлган. У кишига Расулуллоҳ алайҳиссаломни кўриш ва суҳбатлашиш бахти насиб қилган. Куфада бўлган воқеага келсак, баъзилар у кишига шу воқеани нисбат бердилар ва Усмон розияллоҳу анҳу ушбу далилга мувофиқ иш тутганлар.

Бу ерда бир неча ишлар бор: нозил бўлиш сабаби, фисқ маъноси ва Валид ибн Уқба тарихи.

  • Нозил бўлиш сабаби.

Бани Мусталақ ғазотидан сўнг Хузоъа қабиласи амири Ҳорис ибн Зирор Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб мусулмон бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўзи ва қавми закотини олиб келишга бир масъул инсон жўнатишни ваъда қилдилар. Бир муддатдан сўнг у зот алайҳиссалом Валид ибн Уқбани садақотлар учун юбордилар. Зирор ўз қавми билан нимага Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ваъда қилган масъул элчисини юбормаётгани ҳақида йиғилиб, машварат қилаётган эди. Валид ибн Уқба узоқдан хузоъаликларнинг тўпланиб турганини кўриб, қалбига улар уни қатл қилишга жам бўлганликлари хавотири келди. Зотан, у хузоъаликларнинг баъзилари билан ёмон муносабатда эди. Сўнгра кейинги воқеълар содир бўлди. Шунда, Аллоҳ таоло юқоридаги оятни нозил қилди.

Ибн Ажмий раҳимаҳуллоҳ ушбу воқеага имом Розий айтган қавл ҳақида турфа гаплар борлигини айтган. Имом Фахрур Розий раҳимаҳуллоҳ тафсирининг Ҳужурот сураси ва бошқа бир неча суралар тафсирини имомнинг ўзи эмас, шогирди ёки шогирдининг шогирди бўлмиш қози-ю қуззот Аҳмад ибн Халил Хуваййий раҳимаҳуллоҳ ёзган. Буни Муаллимий “Ҳавлу тафсир Фахрур Розий” да келтирган.

Имом Ажмий келтиришича, Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳу олдига бир хабарчи келиб, Бани Мусталақ уни қатл қилишни қасд қилганини айтган. Имом Зужжож раҳимаҳулоҳнинг “Маъониул Қуръон ва эъробуҳ” китобида келтиришича, Бани Хузоъа ва Валид ибн Уқба ўртасида адоват бўлиб, унинг хабари етгач, улар у киши қаршисига чиқишган. Уларнинг баъзиси баъзисига: “Бу киши ва бизнинг ўртамизда нима борлигини биласиз. Унга садақаларингизни берманглар”, дейишди. Валидга бу хабар етгач, ортига қайтди.

Бани Мусталақ қабиласи ва Валид ибн Уқба ўртасидаги адоват борлиги қуйида келтириладиган бир неча тафсир китобларида Имом Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳулоҳнинг “Таъвийлоту аҳлис сунна”, Имом Самарқандий раҳимаҳуллоҳнинг “Баҳрул улум”, имом Саълабий раҳимаҳуллоҳнинг “Кашф ва баён”, имом Воҳидий раҳимаҳуллоҳининг “Васийт” китобларида келтирилган. Ушбу зотларнинг барчаси мутааввалийн тафсирчи уламолардан бўлишган.

Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳуга хабар етказган кимса ким эди? Зоҳир шуки, у инсон суратидаги шайтон эди. Ибн Жарир, ибн Касир тафсирларида, Бағавий “Маолимут танзил”да, Маккий ибн Аби Толиб тафсири ва ибнул Қаййим “Мадорижус соликийн”да ушбу тариқада ривоят қилишган.

Демак, воқеа бундай бўлган: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузоъа қабиласи амири Ҳорис ибн Зирор имон келтиргач, унга закотни тушунтирганлар. У ўзининг ва қавмининг садақотларини йиғиб қўйишини, уни олиб кетиш учун бир кишини юборишни сўраган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини юборишларини айтганлар.

Ҳориса ибн Зирор садақотларни йиғиб бўлгач, олиб кетувчи кимса келавермаганидан хавотирга тушган. Қавмини йиғиб, улар билан шу ҳақида маслаҳатлашиб турганларида улар садақотларига масъул қилинган Валид ибн Уқбага бир инсон (шайтон) уларнинг жам бўлиб уни кутиб турганини хабарини берган. Бани Мусталақ ва Валид ибн Уқба ўртасида адоват борлиги сабабли у кишининг қалбига қўрқув ва хавотир тушган, сўнг кейинги воқеалар юз берган.

  • Фисқ маъноси.
  • “Фисқ” калимасининг луғавий ва истилоҳий маънолари бор. Луғавий маъноси тоатдан чиқишдир. Бу озми-кўпми тоатдан чиқиш билан воқе бўлаверади.
  • Истилоҳий маъноси эса адолатлик ҳаддидан чиқишдир. Бу гуноҳи кабира қилиш ёки кичик гуноҳда давомий бўлиш билан бўлади.
  •          Ушбу воқеада эса на катта гуноҳ қилиш ва на кичик гуноҳда давомий бўлиш бор.
  • Валид ибн Уқба тарихи

Биз аввалан у кишининг тарихини билиб олишимиз лозим. У киши Уқба ибн Аби Муайтнинг беш фарзандидан бири бўлиб, улар Умму Гулсум, Валид, Умора, Холид ва Умму Ҳакимдир. Оналари ҳам иймон келтирган бўлиб, исми Арва бинт Курайз ибн Рабиъа ал-Абшамийядир. У Усмон ибн Аффоннинг Усмон ва бешови она бир биродардир. Умму Ҳаким эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оталари Абдуллоҳнинг эгизаги бўлган. Буни Мусъаб ибн Зубайрий, ибн Ҳазм ва Ибн Арабий айтишган.

Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳу шаънига ушбу маълумотлар кифоядир. Биз учун унинг Исломини гўзаллигига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни Бани Мусталаққа садақот йиғувчи қилиб тайинлаганлари кифоядир. Агар унда бошқача васфлар қоим бўлса эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни бу вазифага ихтиёр қилмаган бўлар эдилар. Балки, у зот алайҳиссаломнинг бу ихтиёрлари Валид ибн Уқбанинг адолати ва шаръий мулоҳазалардан саломат бўлганига таъкид бўлади.

        

Абу Бакр розияллоҳу анҳу хилофатида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳу хилофати даврида, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳуни халифа Абу Бакр розияллоҳу анҳуга элчи қилиб юбориши, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзи уни Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу билан бирга садақотларни йиғувчи қилиб тайинлаганлари, Холид ибн Осс розияллоҳу анҳуга, Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳуни Икрима розияллоҳу анҳу билан бирга мадад қилиб юборишлари у кишининг адолати – ростгўйлигига далолатдир.

 

Умар розияллоҳу анҳу хилофатида

Ҳижрий 17-санада Рум соҳиби Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни Ҳимс шаҳрида қатл қилишни қасд қилди. Умар розияллоҳу анҳу Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳуга Абу Убайда розияллоҳу анҳуга бир неча кишилар билан ёрдамга отланишини буюрди. Улар ичида Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Буни имом Табарий ҳикоя қилган. Ушбу тайинлаш Умар розияллоҳу анҳунинг Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳу дини ва сулукига бўлган улкан ишончи эди.

 

Усмон розияллоҳу анҳу хилофатида

Усмон розиялоҳу анҳу хилофатининг аввалида ҳижрий 24 ёки 26-йил Валид ибн Уқба розияллоҳу анҳу Азарбайжон ва Арманистонга ғазот қилди. Усмон розияллоҳу анҳу уни бу ишга волий қилди.

Усмон уни ҳижрий 30-йили Куфа волийлигидан қайтариб олди. Ибн Жарир. “Тарих”.

          Валид Бани Тағлиблик насроний Абу Зубайд билан дўст тутинди. Сўнгра у мусулмон бўлди. Ушбу Абу Зубайднинг бошқалар билан душманчилиги бўлиб, ушбу сабабли Валидни ҳам душман тута бошладилар. Иккаласини ҳам муттаҳамликда айблаб, уларга қаерда бўлишса, қўпол гапира бошлашди. Валид валий бўла туриб, қийин ҳолатда қолди.

Ибн Жарир бу ҳақида бир неча ривоятлар келтирган бўлиб, унда улар Валид розияллоҳу анҳуга хамр ичиш туҳматини қилишгани айтилган. У киши буни тан олмаган, лекин унга қарши гувоҳлик беришгани сабабли, унга ҳад қоим қилингани ёзилган. Усмон розияллоҳу анҳу эса она бир биродарининг ёнини олишда айбланишдан ҳам хавотир қилганлар.

         Нофеъ ибн Жубайрдан ривоят қилинади: Усмон розияллоҳу анҳу “Қачонки бир кимсага ҳад урилиб, сўнгра тавбаси зоҳир бўлса, унинг гувоҳлиги жоиздир”, деб айтган.

Бу ҳақида ибн Арабий шундай дейди:

“Гуноҳга тавба қилинса, фисқ айби соқит бўлиб, адолати қайта жоиз бўлмайдими? (албатта, бўлади)”.

“Авосим минал Қавосим”.

Абул Аббос Мубаррид “Ат-Таъозий” китобида келтиради:

Валид ибн Уқба, Али ва Муовия розияллоҳу анҳумо ўртасида бўлган фитна кунларида четлаб, Раққа яқинидаги Балих деган жойни маскан тутди ва ўша жойда вафот этди. Ўлими онларидая: “Эй Аллоҳ, Куфа аҳли менга нисбатан қилган иддаоларида содиқ бўлсалар, менинг руҳимни Сендан бўлган равҳ ва райҳонга йўлиқтирмагин. Агар менга нисбатан ёлғончи бўлсалар, уларни амирларидан рози бўлмайдиган ва амирини улардан ҳам рози бўлмайдиган қилиб қўйгин. Улардан мен учун интиқом олгин. Уларнинг бу ишини улар билмайдиган гуноҳларимга каффорат қилгин”, деб айтди.

Ибн Абдулбарр “Истийъоб”ида имом Табарийдан нақл қилади:

“Албатта, Куфа Аҳли Валид хусусида таассуб қилиб, уни хамр ичишда айбладилар. Бу нарса тезда ёйилиб кетиб, у киши ғариб аҳволда қолдилар. У кишининг тарихи аввалини ўқимаган кишига гўёки у киши “Саҳиҳи Муслим” даги хабар ва ҳад қоимлиги билан ёмон отлиқ бўлиб қолади. Аммо бу хабар ва воқеалар тарихини аниқлагач, иш бутунлай бошқача бўлганини билиб олиш мумкин.

Ушбу мақола ёзилишига бир неча бор саҳобалар ҳақида ўта журъатли сўзлар айтилиш ва ёзилишига гувоҳ бўлганлик сабаб бўлди. Ҳатто бу ҳақида фақирдан ҳам сўраганлар бўлди. Улар юқорида айтилганидек, ушбу саҳоба розияллоҳу анҳу ҳақида фақатгина эшитишган ёки китобларда ўқиб билишган. Саҳобалар ҳақидаги мўътамад уламолар қавлини билмаслик, ўша воқеани ўзи билан кифояланиш, саҳоба ҳақидаги аввалги маълумотлар, у кишининг рутбалари, шаънларини билмаслик сабабли ножўя фикрлар ва номақбул гаплар айтишгача етиб боришган.

         Биз юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини садақотларни йиғиш масъулиятини топширганлари, хулофои рошидин розияллоҳу анҳум у кишига қанчалар ишонишгани, у кишининг насаб жиҳатларидан ҳам қанчалар улуғ эканини ўқиб, билиб олдик.

         Саҳобалар розияллоҳу анҳумларнинг ҳар биридан тилимизни тийишимиз, уларни айбламаслигимиз, уларга таъна қилмаслигимиз, кучли муҳаббат қилишимиз лозим.

Билар-билмас, воқеани тўлиқ ўрганмай, уламоларнинг бу ҳақида не дейишганини билмай туриб журъатли гапириш ақли расолик белгиси эмас.

Аллоҳ таоло валиййут тавфиқ ва барча илмлар Унга хосдир.

Аллоҳ таоло саҳобалардан рози бўлсин ва улар ҳам У Зотдан рози бўлишсин.

        

Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг 

“Хутувотун манҳажийятун фий адаалатис саҳааба” 

китоби асосида Суннатуллоҳ Абдулбосит тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
801. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам акса урганларида юзларини қўллари ёки кийимлари билан тўсар ва овозларини давоми...

2206 00:00 / 10.12.2022
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бутун коинотни, ундаги бор мавжудоту махлуқотларни бир яратишда .Бўл, деган амри ила яратди. Тоғу тошларни ndash жамодот оламини, давоми...

4611 19:11 / 28.04.2017
537. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга .Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, давоми...

459 19:00 / 22 ноябрь
Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳуга.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида ўтирар эдингми, ndash дейилди. .Ҳа. Кўпинча у зот Бомдод намозини ўқиган давоми...

3698 20:00 / 28.04.2017