1445 йил 27 зулҳижжа | 2024 йил 03 июль, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

ТАКАСУР СУРАСИ

05:00 / 23.01.2017 43380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ҳам «Алҳакумут такасуру»ни ўқишга қодир эмасмисиз?» деган эканлар...

Маккада нозил бўлган. 8 оятдан иборат.

Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятдаги «такасур» сўзидан олинган. «Такасур» сўзи молу дунё, мансаб-мартаба ва бола-чақанинг кўплиги билан фархланиш деганидир. Ушбу сурада кишилар дунёнинг ўткинчи матоҳини кўпайтиришга ўзларини уришлари, ана шу иш билан машғул бўлишни жонлари чиққунча давом эттиришлари ҳақида кетади.
«Такасур» сураси одамларни мазкур ишни қилмасликка зажр ила ундайди.
Ва ниҳоят охиратда кўриладиган даҳшатларни эслатиш ила сурага хотима ясалади.
Бу сураи карима туғёнга кетган моддапарастлик муаммосини муолажа қилади. Ҳозирги ҳаёт инсонга турли сарфларни талаб қиладиган маданиятни тақдим этди. Ҳойи ҳавасга эришаман деб инсон бу нарсаларнинг қули бўлиб қолади. Шу сабабдан ҳаёт роҳат ўрнига чарчашга айланди. Инсон иложи борича кўпроқ бойлик тўплайдиган ва бу йўлда ҳар қандай пасткашликлардан қайтмайдиган бўлиб қолди. Ҳавойи нафс йўлида юриш, мол-дунёга ўчлик инсонни инсоний фазилатларидан жудо қилди, инсонийлигини унуттирди ва ниҳоят яратган Холиқини ҳам эсдан чиқарди. Оқибатда инсон Аллоҳга эмас, молу дунёга сажда қиладиган бўлиб қолди.
Такасур сураси бунинг оқибати нима бўлишини баён қилади.

Басмала

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Image

1. Кимники кўп сизни машғул қилди.
Эй одамлар, кўп молу дунё тўплашга, мансаб кетидан қувишга, бола-чақа, ёру-дўст кўпайтиришга тинмай уриниш сизни Аллоҳнинг итоат ва ибодатидан машғул қилди.
Бошқалардан кўра молу-дунём кўп бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз.
Бошқалардан каттароқ мансабга эришай, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз.
Бошқалардан кўра кўпроқ бола-чақа, ёру-дўстим бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳнинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бу ҳол тинимсиз давом этди;

Image

2. То қабрларни зиёрат қилгунингизча.

Яъни, ўлиб қабрга киргунингизча кимўзарга бойлик тўплаш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг тоат-ибодатини эсдан чиқардингиз.


Image

3. Йўқ! Сизлар тезда биласиз.

Яъни, Йўқ! Бу қилмишингиз нотўғри! Молу-дунё кўпайтиришга берилиб, Аллоҳнинг тоати ибодатидан машғул бўл-манг! Мансаб орқасидан югуриб, Аллоҳнинг тоат-ибодатидан машғул бўлманг! Бола-чақа, ёру-дўстим деб, Аллоҳнинг тоат ибодатидан машғул бўлманг!

Тезда биласизлар ҳали, бунинг оқибатини.


Image

4. Яна йўқ! Сизлар тезда биласиз.

Ҳа, тезда–ўлишингиз билан, молу-дунё кўпайтиришга, мансабга ўч бўлишга ва бола-чақа, ёру дўстга ружуъ қўйишга берилиб, Аллоҳнинг тоат ибодатидан машғул бўлишнинг оқибатини кўрасизлар. Шунинг учун ҳам вақти борида бу машғулликни йиғиштириб Аллоҳга қайтинг.


Image

5. Йўқ! Агар Сиз аниқ илм ила билсанингиз эди.

Йўқ! Сиз бу қилмишингиздан қайтинг! Ҳаёти дунё матоҳи учун кимўзарга берилиб Аллоҳнинг ибодатидан қолишни йиғиштиринг! Агар сизлар бунинг оқибати нима бўлишини очиқ-ойдин билганингизда эди, бу ишни қилмас эдингиз. Молу-дунё кўпайтиришга машғул бўлиб Аллоҳнинг ибодатини унутмас эдингиз. Мансаб кетидан қувишга машғул бўлиб, ўлгунингизча уриниб, Аллоҳнинг ибодатини унутмас эдингиз. Бола-чақа, ёру дўст билан машғул бўлиб, Аллоҳни эсдан чиқармас эдингиз.

Афсуски, молу дунё, мансаб, бола-чақа ёру дўст масаласида кимўзар ила ўлиб, қабрни зиёрат қилгунингизгача машғул бўлдингиз. Энди...


Image

6. Албатта, жаҳаннамни кўрасиз.

Яъни, кўрмай қолмайсиз. Чунки, бу дунёда молу дунё кўпайтириш ила овора бўлиб, мансаб кетидан қувиш билан овора бўлиб, Аллоҳнинг ибодатини унутганларнинг жойи албатта жаҳаннам бўлиши аниқ. 

Ҳа, эй ғофил бандалар! 

Сизлар, албатта, жаҳаннамни кўрсизлар!


Image

7. Ва яна, албатта, уни ишонч кўзи билан кўрасиз.

Ҳа, ишонаверинг, жаҳаннамни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Бу аниқ!


Image

8. Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласиз.

Яъни, қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандоқ сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми-сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз, ҳалолгами ҳаромга, Аллоҳни рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.

Мансабдан қандай фойдаланганингиз ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мансабингиздан тўғри, Исломий йўлда истифода қилдингизми ёки нотўғри, ёмонлик ишлар йўлида истифода қилдингизми-сўраласиз! Шунингдек, бола-чақа, ёру дўст ҳақида ҳам сўраласиз!

Ушбу ҳис-қиёмат куни каттами-кичикми ҳар бир неъмат ҳақида сўроқ-савол бўлиши муқаррарлиги ҳисси-ҳар бир мусулмонни доимий равишда қамраб турмоғи лозим. Ана шундагина жамият аъзоларидаги масъулият ҳисси ортади, ҳушёрлик зиёда бўлади ва улкан натижалар ҳосил бўлади. Худди шу ҳис мусулмонларнинг биринчи авлодида олий даражада бўлган, шунинг учун ҳам улар улкан ютуқларга эришганлар.

Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, «Алҳакумуттакасуру»ини қироат қилаётган эканлар. Сўнгра У зот: «Одам боласи, молим, молим дейди. Сенинг еб тугатганингдан, кийиб чиритганингдан ва садақа қилиб ўтказганингдан ўзга молинг бормиди?!-дедилар», дейилган. Яъни, мазкурлардан бошқа молу-дунё бевафо нарсадир.

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кун ёки кечаси ташқарига чиқиб Абу Бакр ва Умарга дуч келдилар. Бас, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икковингизни бу соатда уйингиздан нима чиқарди?» дедилар. 

«Очлик, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. 

«Мени ҳам, жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, икковингизни чиқарган нарса чиқарди, туринглар!» дедилар. 

У зот билан бирга туриб ансорийлардан бирининг ҳузурига боришди. У киши уйида йўқ экан. Аёли у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриши билан: «Хуш келибсиз!» деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлдан: «Фалончи қаерда?» деб сўрадилар. 

«Сув олиб келгани кетди» деди аёл. 

Тезда ансорий саҳоба ҳам етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг икки саҳобаларига назари тушиши билан: «Алҳамду лиллоҳ! Бугун менчалик ҳурматли меҳмонлари бор ҳеч ким йўқ!» деди. 

Бориб бир тизим хурмо келтириб, енглар деди ва қўлига пичоқни олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 

«Зинҳор ва зинҳор соғин ҳайвонга тегма!» дедилар. 

Ансорий саҳоба уларга бир қўй сўйди. Улар қўйдан ва ҳалиги хурмодан тановул қилишди, ичишди. Тўйиб, сероб бўлганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр билан Умарга: «Менинг жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, қиёмат куни, албатта, ушбу неъматдан сўраласизлар. Сизни уйингиздан очлик чиқарди. Энди эса, сизга ушбу неъмат етганидан кейин қайтасизлар» дедилар.

Ҳа, «Такасур» сураси ўзи қисқа, оятлари оз бўлса ҳам ана шундоқ улкан маъноларни ўз ичига олгандир. Унинг маъносини тушуниб, тадаббур ила тез-тез ўқиб туриш кишининг кўзини очиб, эсини жойига келтириб, масъулиятини ҳис эттириб туради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу қисқа сурани ўқиган одамга минг оят ўқиганнинг савобини ваъда қилганлар.

Имом Байҳақий Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан кимингиз ҳар куни минг оят ўқий олади?» деб сўрадилар. Саҳобалар томонидан: «Ким ҳам ҳар куни минг оят ўқий оларди» дейилди. Шунда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирортангиз ҳам «Алҳакумут такасуру»ни ўқишга қодир эмасмисиз?» деган эканлар. Демак, шундан маълум бўладики, бу сураи карима минг оятга баробар экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Аҳмад Мустафо Мароғий ўзининг .ТафсирулМароғий, деб номланган китобини кичик ҳажмда ўттиз жуз қилиб ёзди. Бу тафсир катта ҳажмда ўн жилдда нашр этилган. Шайх давоми...

2638 15:30 / 18.05.2021
Бу маънодаги далилларни яна бир неча саҳифа давом эттириш мумкин. Аммо мана шу далилларнинг ўзиёқ иймон ва инсофи бор киши учун етарли бўлса керак. Шу билан бирга, давоми...

3097 13:30 / 02.12.2021
.Қироат, сўзи арабча масдар бўлиб, луғатда .жамлаш, ва .қўшиш, деган маънони билдиради. Зотан, қироат қилган шахс ҳарфларни жамлаган ва бирбирига қўшган бўлади. давоми...

4750 13:20 / 17.11.2020
Имом Осим қироати1 Ундан Абу Бакр Шуъбанинг ривояти.Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Али алКотиб хабар берган. У айтади.Бизга ибн Мужоҳид хабар берган. У давоми...

1606 13:30 / 16.02.2021
Аудиолар

123893 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

45065 14:35 / 11.08.2021