1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Зоҳидхон қори Азимбоев

13:40 / 10.01.2018 11155 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида ўзбек қориларидан бири бўлмиш Зоҳидхон қори Азимбоевнинг уйларига ташриф буюрдик.

Зоҳидхон қори Азимбоев

ТАҚДИМ

Зоҳидхон қори Абдураҳмон қори ўғли Азимбоев 1952 йили Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни, сўнгра 1984 – 1989 йилларда Тошкент қишлоқ хўжалик институтининг мевачилик-сабзавотчилик факультетини тамомлаган. Бир неча йил Зангиота туманидаги “Тўқимачилик” жамоа хўжалигида деҳқончилик ва боғбонлик билан шуғулланган. Аввал қўқонлик Ҳафизхон тўрада, сўнгра мамлакат қориларининг биринчи устози Рўзи қорининг ўғиллари Абдулбоқи қорида Қуръони каримни ёд олган. 1974 йил ёзида қорилар устози Абдулазиз қорида икки порадан қилиб Қуръонни ўтказган ва келгуси йили Рамазон ойида Тошкент қорилари ичида биринчилар қатори Қуръонни хатм қилган. У ҳозиргача Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва бошқа ўлкаларда икки юздан ортиқ Қуръон ҳофизларини етиштирган. Ўн бир йил мобайнида Тошкентдаги “Кўкалдош” мадрасасида қироат устози, 2014-2015 йиллари Қозоғистон пойтахти Остонадаги марказий Қуръон мадрасасида бош мударрис бўлган, бир неча йил Жанубий Қозоғистон вилоятининг Кентов мадрасасида Қуръон қироатидан сабоқ берган. Ҳозир нафақада. 

Зоҳидхон қори қозоқ олими Абдуллоҳ Жолдас билан

Учқўрғоннинг бадавлат ва аҳли фазл кишиларидан Азимхўжа эшон хонадонида 1906 йили бир фарзанди аржуманд дунёга келди. Унга Абдураҳмон деб гўзал исломий исм қўйишди. Бу орада ўша пайтдаги ҳукумат Азимхўжа эшонни “қулоқ” қилиб, бор мол-мулки ва ерларини тортиб олди, ўзи Учқўрғонда Владимир Калужний исмли рус сармоядори очган ёғ заводида ишлай бошлади. Ўша Калужний ҳукумат ҳамма нарсасини тортиб олса ҳам Азимхўжани тинч қўймаслиги ҳақида огоҳлантирганидан кейин Эшон бирмунча вақт Марғилонга бориб, деҳқончилик қилди. Кейин советлар таъқибидан қочиб, Хўжанд, Душанбе, Тошкент шаҳарларида яшириниб юришга мажбур бўлди. У ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари ўртасида Тошкентнинг Тиконли мозор мавзеъига (ҳозирги ГУМ атрофида) келиб ўрнашди. Бировнинг молхонасида ижарада тура бошлашди. Ўғли Абдураҳмонни Учқўрғондан онасини олиб келишга жўнатди. Она-бола минг машаққат билан, йўлда қароқчилар ҳужумига учраб, қолган-қутган молларидан ҳам ажраб Тошкентга етиб келишди. Орадан кўп ўтмай, Тошкентнинг саховатпеша бойларидан Одил сўфи уларга ер ажратиб, уй қуриб берди. Азимхўжа эшон оиласи билан шу ерда яшай бошлади.

Тез орада Азимхўжа эшон хонадони Тошкентнинг илм аҳллари тўпланадиган, гўзал маърифий суҳбатлар қилинадиган жойга айланди. Абдураҳмон ўсмирлигидаёқ Абдуқаҳҳор қорида Қуръони каримни ёд олган эди. Абдуқаҳҳор қори ўн беш йил Маккада туриб, Қуръонни тажвид ва Ислом оламида машҳур бўлган қироатлар асосида ўрганиб қайтган эди. Кейинчалик замон алғов-далғов бўлиб кетгач, Қашқарга ҳижрат қилиб кетиб қолди. Мураттаб қори бўлиб етишган Абдураҳмон исломий илмлардан ҳам яхшигина билим олди. Бу орада Абдураҳмон Наманганнинг атоқли уламоларидан Усмонхон тўранинг набираси Ҳафизахон билан турмуш қурди. Икки фазилатли ва илмга ихлосли хонадон фарзандларининг ушбу никоҳи келажакда бутун бир қорилар сулоласининг вужудга келишида муҳим омил бўлди. Абдураҳмон қори ва Ҳафизахон ая бу никоҳдан саккиз фарзанд – беш ўғил, уч қиз кўришди. Не бахтки, уларнинг ҳаммалари Қуръонга мухлис, Қуръон ҳофизи ва омили (амал қилувчи) бўлиб етишишди. Ҳикоямиз қаҳрамони Зоҳидхон қори улар орасида Аллоҳнинг Каломини ўргатиш ва уни ёйишга энг кўп хизмат қилган қорилардан бўлди. 

Абдураҳмон қори бутун умрини ҳамшаҳарларига Қуръон қироатини ўргатишга, қорилар тайёрлашга бахшида қилди. Ўша пайтда мамлакатимизда мураттаб қорилар жуда кам бўлиб, Рамазон ойида масжидларда Қуръонни хатм қилиш учун ҳатто хорижий мамлакатлардан қорилар таклиф қилинарди. Абдураҳмон қори ҳалол касб билан рўзғор тебратиш учун деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланар, меҳнатдан бўшади дегунча, шаҳарнинг турли маҳаллаларидан келган болаларга Қуръон қироатидан таълим берарди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ўзгандан Сулаймон қори исмли фозил ва олим зот Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасига ишга таклиф қилинди. Мамлакатда Қуръон таълимининг ночорлигини ҳис қилган Сулаймон қори Абдураҳмон қори хонадонида қорилар тайёрлайдиган алоҳида бир мактабга асос солиб берди. Мактабда кун бўйи болалар Қуръон  қироатидан таҳсил олишар, ҳафтанинг пайшанба кунлари эса илм аҳллари тўпланиб, тафсир ва Қуръон илмларини ўрганишарди.  

1968 йили ўрта мактабни тамомлаган Зоҳидхон қорини Қуръон ўрганиш учун Қўқонга, машҳур устозлардан Ҳафизхон тўра ҳузурига юборишди. Бу ерда илк сабоқларни олган Зоҳидхон Ўзбекистонга Қуръон қироати илмини олиб келиб, бу борада ўзига хос инқилоб қилган Рўзи қорининг “мактаби”га қабул қилинди. У Рўзи қорининг ўғли Абдулбоқи қорида Қуръонни ёд олишга киришди, тажвид ва қироат илмларини ўргана бошлади. У беш йил мобайнида Қуръони каримни тўла ёд олди, қуръоний илмларни ҳам қунт билан ўрганди. Сўнгра саксонинчи йилларнинг бошигача Абдулбоқи қорига таълим ишларида ёрдам бериб, қорилар тайёрлашда тажриба ва билимини ошириб борди.

1974 йилнинг ёзида мураттаб қори бўлиб етишган Зоҳидхон Тошкент қориларининг устози Абдулазиз қори Маҳмуд ўғли ҳузурида Қуръони каримни икки порадан қилиб ёдлаб ўтказди. Келаси йили Рамазон ойида Тошкент қорилари ичида биринчилар қатори кўпчилик ҳузурида Қуръонни таровеҳ намозида тўла хатм қилди. Ўша куни хатмда қатнашган мамлакатнинг таниқли уламоларидан Алихонтўра Соғуний ёш қорига тавфиқ ва гўзал ҳифз тилаб, мамлакатимиздан мана шундай қориларнинг кўплаб чиқишини истаб дуо қилган эди. Ана шу дуо Аллоҳ ҳузурида ижобат бўлиб, шундан кейин бирин-кетин қорилар етишиб чиқа бошлади.

Зоҳидхон қори 1977 йили Тошкентнинг машҳур Қуръон ҳофизларидан Саидкарим қорининг қория қизи Мусалламхон билан турмуш қурди. Устозларнинг дуоси ижобатидан ушбу никоҳдан туғилган фарзандлар ҳам Қуръон муҳиби ва ҳофизи бўлиб улғайишди. Зоҳидхон қорининг ўғилларидан Алихон, Олимхон, Валихонлар мураттаб қори бўлиб етишишди, қизлари Саодатхон ва кенжа ўғил Неъматуллоҳ ҳам Қуръоннинг чин мухлисларидан, бир неча пора ёд олишган. Айниқса, Валихон қори бу борада пешқадамлик қилди. У олти йил Мисрнинг Азҳар дорилуфунуни Қуръон устозларидан сабоқ олди, етти қироат бўйича санад соҳиби бўлди. Сўнгра Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини битириб, Қуръон устози бўлди. Ўтган йили Москвада ўтган халқаро қорилар мусобақасида муваффақиятли қатнашиб келди. Зоҳидхон қорининг куёви Жаҳонгир Неъматов ҳам қайнотасида ўн ёшида қори бўлган, Тошкентдаги иккита олий ўқув юртини битириб, ҳозирда Ислом институтида Қуръон устози бўлиб хизмат қиляпти. Беш набира ҳам Қуръони каримни тўлиқ ёд олиб, Қуръон ҳофизи бўлишди. Ушбу оилани том маънода “қорилар оиласи” деб айтиш мумкин.

Зоҳидхон қорининг падари бузрукворлари Абдураҳмон қори бутун умрларини ёшларга Қуръондан таълим бериш ишига бағишлаганларини айтиб ўтган эдик. Абдураҳмон қори ёзда деҳқончилик, қишда косибчилик билан тирикчилик қилар, бўш пайтларида эса бор вақтларини Қуръон таълимига бағишлар эдилар. Зоҳидхон қорининг ҳикоя қилишича, “Оталари Зангиота туманида қаровсиз ётган ўн гектарча ерда гўзал бир боғ бунёд қиладилар. Республиканинг барча вилоятларидан камёб мева кўчатларини топтириб келиб ўтқазадилар. Бўш ерларга сабзавот, қовун-тарвуз экадилар. Боғ ичида бир неча қамиш чайлалар қуриб, уларга икки-учтадан болани жойлаштирган ҳолда Қуръон ўргатишга киришадилар. Боғдан чиққан ҳосил асосан талабалар таъминотига ишлатилар, ортгани эса қўни-қўшни ёки яқинларга тарқатилар эди. Шу тариқа ўзига хос бу “Қуръон мактаби” бир неча йил фаолият кўрсатиб, ўнлаб қориларни тайёрлаб берди. Алихонтўра Соғуний бу боққа бир неча бор қовун сайли баҳонасида ташриф буюрган, бу ерда Қуръон ўрганаётган болалар ҳаққига дуои хайрлар қилиб кетган эдилар. Кейинчалик бу “норасмий” мактаб фаолиятидан хабар топган маҳаллий ҳокимият уни ёптириб, боғни ҳам буздириб ташлади...”

Зоҳидхон қоридан Қуръон мактабида таҳсил олаётган болаларга Қуръон ёдлатишнинг энг самарали усули ҳақида сўраганимизда у киши шундай жавоб берди: “Устозларимизда ҳам, бизда ҳам синалган ва фойдали усул шуки, “Муаллими соний” китобидан сўнг Қуръон ўрганмоқчи бўлган болага аввал Фотиҳа сурасини ва Бақара сурасининг аввалги беш оятини ёдлатамиз. Кейин Кафирун, Ихлос, Фалақ, ан-Нас суралари ўргатилади. Шундан сўнг Фил сурасидан ан-Нас сурасигача ёдлатамиз. Буларни ёдлаб бўлганидан сўнг аввал Набаъ порасига кирувчи барча суралар, кейин Мулк пораси таркибидаги суралар ҳифз қилдирилади. Бунга қўшимча Ар-Раҳмон, Воқеа, Ёсин суралари ёд олдирилади. Шундан кейин боланинг зеҳни ва ҳифз қилиш иқтидорига қаралади: агар Қуръонни тўла ёд олишга имконияти бўлса, Бақара сурасидан ёд олдиришга киришилади. Қуръонни бир сидирға ёдлаб бўлганидан сўнг уни такрорлаш бошланади. Бўлажак қорига энг машаққатли машғулот ана шу такрорлашдир. Қуръонни биринчи такроридаёқ шайтон уни қаттиқ васвасага солишни бошлайди, Қуръонни бир неча марта такроран қайтариб ёдлашни жуда оғир қилиб кўрсатади. Ана шу васавасани енгиб, бор куч ва имкониятини ёдлаган сураларини қайта такрорлашга бағишлай олган болагина чинакам мураттаб қори, Қуръон ҳофизи бўлиб етишади.

Қуръонни бир марта ёдлаб олиш бир босқич бўлса, уни такрорлаб, адашмай қироат қила оладиган қори бўлиш иккинчи босқичдир. Кўпгина қориларимиз ана шу такрорлаш машаққатларига чидамай, мукаммал ҳофиз бўла олмай қолишади. Биздаги усулга кўра, боланинг зеҳнига қараб, биринчи ўқишда бир бетдан уч бетгача топширади, иккинчи ўқишда эса уч бетдан беш бетгача қайтаради, учинчи ўқишда етти бетдан ўн бетгача ёдлаб топширади. Шундан кейин бир порадан, уч порадан, беш порадан, ўн ва ўн беш порадан ёдлаб топширишга ўтади. Ва ниҳоят талаба устоз ҳузурида Қуръонни бошдан-оёқ ёдлаб беради ва шундан кейин у мураттаб қори мақомини олади, масжидларда бемалол хатмга ўтадиган бўлади”.

Зоҳидхон қоридан “Болаларга Қуръон таълими беришда устоз нималарга алоҳида эътибор бериши керак?” деб сўраганимда, у киши шундай жавоб берди: “1977 йили бўлса керак, устозим Абдулбоқи қори Андижондан бизникига меҳмон бўлиб келиб, ётиб қолдилар. Бомдод намозидан кейин то нонушта тайёр қилингунча икки шогирдим устоз ҳузурларига кириб, табаррукона бир бетдан сабоқ топшириб, янги дарс олиб чиқишди. Сўнгра ўзим ҳам устозим олдиларига кириб, чўкка тушдим. У зот менга қараб бир кулиб қўйдилар-да, “Ҳа, шогирд ўқитяпмизми? Ўзи шогирд ўқитишни биласизми? Бўлмаса, билиб олайлик” деб менга шундай таълим бердилар: “Шогирд дарс олишга келганида ҳамма юмушларингизни ташлаб, энг аввал унга сабоғини берасиз. Агар унга “Сен ўтириб тур, мен фалон ишимни қилиб олай, фалон жойга бориб келай” деб ўз юмушингизни шогирднинг вақтидан устун қўйсангиз, сиздан яхши устоз чиқмайди”.

Зоҳидхон қори ҳикоясини давом эттириб, яна шундай деди: “Истиқлолга эришганимиздан сўнг 1992 йили дунёга эшик кенг очилиб, тижорат ишларига қизиқиб қолдим ва ҳали Қашқарга, ҳали Амирликка савдо иши билан қатнай бошладим. Бир куни дадамларнинг “Шогирдни устоз бузади” деганларини эшитиб қолдим. Бу гапнинг менга қарата айтилганини олдин пайқамабман. “Шогирдларим кўп, сабоқ беришни қойиллатиб юбордим” деб ўйлаб юрган эканман. Шу гап яна такрорланди. “Дада, бу гапни менга айтяпсизми?” деб сўрасам, “Сенга айтмай, кимга айтардим, бугун дарс бериб Хитойга кетасан, эртага дарс бериб Дубайга кетасан, индинга дарс бериш ўрнига Андижонга жўнаворасан, уйдаги болаларнинг дарсига мен қараб турибману бошқалари нима бўлади?! Дарс бериш бир иш бўлса, уни вақтида сўраб олиш ҳам катта масъулият, ё савдогарчилик қил, ё бола ўқит!” деб менга танбеҳ бердилар. Абдулазиз қори дада ҳам шуни кўп такрорлардилар: “Устозим Рўзи қори домла бир ҳужрада ўтириб сабоқ берардилар, сал бўшасалар, Қуръон тиловат қилаётган ёки китоб кўриб турган ҳолатда бўлардилар. Ҳужраларининг токчаси тўй ва маросимларга айтилган таклифномаларга тўлиб кетарди, аксариятига бормасликка ҳаракат қилардилар. Кейин билсак, устозлар тансиқ умрларини тўй-маросимлар билан эмас, дарс ва мутолаа билан ўтказишган экан. Тўй-маросимларга чақиришса, “Биздан кўра муҳтожроқлар борсин, биз унча муҳтож эмасмиз”, дейишаркан”.

Ўзим ҳам, юзлаб қори шерикларим ҳам шунга гувоҳки, устозимиз Абдулбоқи қори домла жумадан ташқари ҳар куни ёзда бомдод намозидан сўнг то эрта соат 9 гача, асрдан сўнг 10-11 гача, қишда эса тонгдаги 5 дан 9-10 гача Қуръондан дарс берар, вақти кириши билан шогирдларни кутиб ўтирардилар. Кундузлари дала-ҳовлига бориб, боғ-деҳқончилик билан куйманардилар. Ҳафтада икки-уч кун жамоа хўжалиги боғига чиқиб, боғбонларга қарашар, тушликда уларга маънавий озуқа сифатида амри маъруф қилиб турардилар. Шунинг учун у кишининг феълларини яхши билган қариндош ва яқинлар тўй-маросимларини жума кунига тўғрилашарди”.

Даҳриёна тузумнинг энг қаттиқ таъқиб ва тазйиқларига ҳам чидаб, бутун куч-имкониятларини юртда Қуръон илмларини тарқатишга бағишлаган Абдураҳмон қори (Аллоҳ раҳмат қилсин) ва у кишининг ўғли Зоҳидхон қори Аллоҳнинг Каломига чинакамига беминнат хизмат қилишди ва қилишяпти. Аллоҳга холис қилинган бу хизматларнинг самараси эса жуда салмоқлидир: ушбу саодатли ва файзли хонадонда бирор кун ҳам Қуръон тиловати тинмайди. Яқин ўтмишдаги энг оғир кунларда ҳам ёшларга Қуръон ўргатиш, Қуръон ҳофизлари ва омилларини тарбиялаб етиштириш сира тўхтаб қолмаган. Зоҳидхон қори шу билан бахтлики, у Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва уни ўргатганларингиздир” (Бухорий) деган ҳадисларига мувофиқ ҳаёт кечирди ва зурриётларини ҳам ана шу шарафли ҳаётга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялади.

Аҳмад МУҲАММАД.


Зоҳидхон қори домланинг оталари Абдураҳмон қори  

Пастдаги суратда устоз Абдулбоқи қори Рўзи қори ўғли

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида тан олинган олим эди. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб давоми...

1280 14:00 / 16.10.2023
БисмиллаҳирРоҳманирРоҳиймПорлайпорлай тафти билан қалбларни иситган Қуёшим, қанисиз Наҳот ботган бўлсангизТўлишгандан тўлишиб камолга етган Тўлин Ойим, давоми...

5025 22:22 / 27.04.2017
иккинчи мақолаАлий розияллоҳу анҳу Абу Ҳанифанинг боболари ва зурриётларига қилган дуолари ҳамда Шаъбийнинг Абу Ҳанифани тўғри йўлга йўналтириши натижасида у давоми...

2705 11:00 / 19.01.2021
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари Турғунлик йилларининг жамиятимизга етказган иқтисодий ва маънавий зарарлари тобора кўпроқ ойдинлашмоқда. Бу зарарларнинг давоми...

1237 17:25 / 26 апрель
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021