1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Таъзия одоблари

05:00 / 19.01.2017 4300 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Таъзия одоблари

Айрилиқ дарди оғир, жуда оғир. Тақдири илоҳийга бўйсунсак-да, қазонинг ҳақлигига иқрор бўлсак-да, банда эканмиз, юраклар ўртанади, кўкраклар дамодам қисилади. Кўзёшларимиз сабр булоғидан тошиб чиқиб, ғам қаҳри орқали андуҳ уммонига оқади.

Вақти-соати етиб оламдан ўтиш халқимиз тилида «бандаликни бажо келтириш» дейилади. Бандаликни бўйнига олган инсон ёши улғайиб борар экан, омонатини топшириш тадоригини кўради.

Ҳар бир инсоннинг умри поёнига етар экан, барча яқинлари, фарзандлари унга қўлдан келганча яхшилик қилишни хоҳлайди. Лекин ҳамма ҳам бундай пайтда қандай амалларни бажаришни билавермайди. Билиб қўйиш эса ҳаётий заруратдир.

Айтайлик, оғир ётган бемор жон узилиш олдидан ҳушидан кетиши мумкин. Бундай пайтда оғизга нам бериб турувчи сўлак безларининг фаолияти тўхтаб қолади. Шунда пахтани сувга пишиб олиб, беморнинг лаблари намлаб турилса, унга анча ёрдам бўлади. Баъзи ҳолларда бурун бўшлиғи қисилиб, оғиз торайиб қолади. Умр лаҳзаси тугаб борган сари қазо аломатлари сезилиб бораверади: баъзан беморнинг юзида холлар пайдо бўлади. Сўзлашга ҳаракат қилса, товуш чиқариш учун сарфланган қувват оғиз бўшлиғидан чиқмай, ҳалқумга кетиб қолади. Бу ҳолатни «шаршароғ» ёки «ғарғара» дейишади. Шундай аломатларни сезганимиздан сўнг ҳушёрликни кучайтирмоғимиз лозим. Аввало, беморнинг ўзи тилдан қолганича калима келтиради. Аммо, Аллоҳнинг иродаси, бемор тилдан қолса, ёнида ҳозир бўлган фарзандлар, хеш-ақраболар калима келтириб турса, бемор буни сезади, кўнгли таскин топади. Бундай аломатларни сезсак, беморнинг ёстиғи баланд бўлса, бироз пасайтириб қўйиб, унинг кўз имо-ишорасидан, лабларининг ҳаракатидан нима демоқчи эканлигини англашга ҳаракат қилмоқ керак.

Саҳобалардан қолган таълимотга кўра, жон таслим бўлиш олдидан бемор ўнг ёнбоши билан ётқизилиб, юзи қибла томонга қаратиб қўйилади.

Уламоларимизнинг баён қилишича, Аллоҳ таоло Одам Атога жон бағишлаганда жон дастлаб димоғларидан ўтиб, аввало кўзга кирган, сўнг бошқа аъзоларга ўрнашиб, охири оёққа кирган экан. Вақти-соати ўлчаб берилган бу жон инсонни худди шу тартибда тарк этар экан. Аввало оёқдан, сўнгра бошқа аъзолардан чиқиб, охируламр инсон вафот этади. Энди уни «маййит» деб атайдилар.

Бемор бандаликни бажо келтиргач, унинг яқинлари ва аҳли аёллари, фарзандлари бараварига фарёд қилавермасдан, шариатимиз кўрсатмаларини бажаришга киришишлари керак. Оиланинг катталаридан бири маййит ётган уйга кириб, унинг юзи бошқа томонга қараб қолган бўлса, қиблага қаратиб, кўзларини оҳиста силаб юмиб қўймоғи, қўл-оёқларини тўғрилаб, иякларини ростлаб қўймоғи даркор. Бордию хонадонда юқоридаги амалларни қилишга қодир одам бўлмаса, қўшнилардан сўраш лозим, токи маҳаллада бундай савобли ишга тайёр бўлган, кўпни кўрган, бу каби ишларни аввал ҳам қилиб юрган кишилар келиб, бу ишларни адо этсинлар. Лекин маййитга аввало оила аъзоларининг ўзи қарагани афзалроқ.

Дафн маросимига тез фурсатда киришмоқ керак. Жон танани бутунлай тарк этганига шубҳа туғилган ҳолдагина дафнни кечиктириш мумкин.

Жанозага тадорик кўрилаётган пайтда, маййитни ғассоллар қўлига топширишдан аввал қариндош-уруғлар, хеш-ақраболар, қадрдонлар у билан видолашиб оладилар.

Ҳадисларда «Ким мусибат етган биродарига таъзия билдирса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унга ҳурмат-эҳтиром либосини кийдириб қўяди», дейилган.

Жаноза намози мусулмонлар учун фарзи кифоядир. Маййитни ғусл қилдириб, кафанлаб бўлиш вақтини мўлжаллаб, маййит истиқомат қилган маҳалла ҳамда тобуткашларга, таниш-билишларга жаноза ҳақида хабар берилади. Жаноза намози учун азон чақирилмаслиги барчамизга маълум. Бунинг боиси шулки, хонадонда фарзанд таваллуд топганда унинг қулоғига азон айтилади. Ана шу азон бу киши учун кифоядир.

Жаноза ўқилиб, дуо қилингач, жамоат тобутни елкага олиб, қабристон томон йўл олади.

Тобут кўчага олиб чиқилгандан сўнг марҳумнинг ўғиллари ва яқин қариндошлари олдинда, тобуткашлар эса орқада жадал суръат билан маййитни қабристон сари элтадилар.

Расули акрам соллаллоҳи алайҳи васаллам ушбу ҳадисни зикр этганлар: «Маййитни сўнгги йўлга тезроқ олиб боринглар, чунки агар у аҳли солиҳлардан бўлса, уни кутилаётган жойга тезроқ олиб бормоқ даркор. Агар бундай бўлмаса, елкангизни нохуш юкдан тезроқ холи қилган бўласиз».

Тобуткашлар тобутни навбат билан елкама-елка олиб борадилар. Тобутни кўтармоқчи бўлганлар имкон қадар аввал маййитнинг ўнг елкаси томондан, сўнг ўнг оёқ томонидан, кейин эса чап елкаси ва чап оёқ томонидан кўтаришга ҳаракат қиладилар.

Кўчадан тобут олиб ўтилаётганини кўрган ҳар бир мўмин-мусулмон имкониятига қараб тобутни елкага олиши ҳурмат ва одобдан ҳисобланади. Тобутни олиб келаётган кишилар уларга навбат беришлари ҳам яхши одатларимиздан саналади.

Маййит ерга берилгандан сўнг жамоат таъзиядор хонадонга қайтиб келади. Қуръони карим тиловатидан сўнг таъзияни бошқараётган киши дуо-фотиҳа қилиб, жамоатга рухсат беради. Юмуши борлар азадорларга ҳамдардлик билдириб, тарқаладилар. Зарур юмуши бўлмаган қадрдонлар азадорларга ҳамдард ва ҳамдам бўлиб, бироз муддат туришлари мумкин.

Азадор хонадонга қўни-қўшниларнинг таом тайёрлаб чиқариши ҳам шаръиатимизнинг кўрсатмаларидандир. Зеро, мазкур хонадон аҳлининг таом тайёрлашга фурсати ҳам, шароити ҳам бўлмайди. Бундай юмуш кўнгилларига сиғмайди ҳам.

Кези келганда айтиб ўтиш керакки, ҳар қандай ҳолатда ҳам маййитнинг ортидан дод-фарёд қилиш мусулмончилик нуқтаи назаридан жоиз эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай таълим берадилар:

 «Оиладагиларнинг ҳаддан ташқари дод-фарёди учун у дунёда марҳум жавоб беради». Демак, ортиқча дод-фарёдимиз билан марҳумнинг қисматини оғирлаштирамиз, холос.

Тўғри, инсоний ҳис туйғулар Сарвари Коинот учун ҳам бегона эмас эди. У зоти бобарокот ҳам марҳума оналари ва қизларининг қабрлари устида йиғлаганлар, фақат унсиз йиғлаганлар. Шунинг учун ҳам бундай пайтларда унсиз ёки паст овозда йиғлашга йўл қўйганлар. Аммо қаттиқ овоз билан айтиб йиғлаш, ўзини ўзи уриб йиғлашни тақиқлаб, шундай деганлар: «Кимки чаккаларига уриб йиғласа, кийимларини пора-пора қилса, мушрикларга ўхшаб айтиб йиғласа, биздан эмас». Аллоҳ асрасин!

Одатда маҳалла аҳли, масжид қавми таъзияга кўпчилик бўлиб кириб келади. Уларга имомлар, аҳли илмлар, ҳурматли қарияларимиз йўлбошчилик қиладилар. Катта жамоатни бошлаб келаётган кишилар жуда зийрак ва ҳушёр кишилар бўладилар. Улар бундай катта издиҳомларда сўрашиш ва саломлашиш одобини жуда яхши ўзлаштирган бўлиб, агар ўзлари кутиб олувчилар билан қўл бериб сўрашиб қўйсалар, орқадагилар ҳам беихтиёр шундай қилишга мажбур бўлиб қолиши, оқибатда келувчи ва кетувчилар маҳтал бўлиб қолишини тажрибадан биладилар. Шунинг учун бундай ҳолатларда кўз билан ва қўлимизни кўксимизга қўйиб, масофадан туриб сўрашганимиз маъқулдир.

Динимизнинг таъзия одоби борасидаги кўрсатмаларидан яна бири юртга эҳсон дастурхони ёзиб, савобини вафот этган яқинларига бағишлаш ниятида қилинган маросимларга оиддир. Бундай маросимларни албатта шариат аҳкомларига, аҳли сунна вал жамоат эътиқодига, мазҳабимизда расм бўлган қоидаларга мувофиқ тарзда ўтказиш зарур. Таъзия маросимларини бидъатлардан холи равишда, аҳли илм ҳамда маҳалла улуғлари билан бамаслаҳат, имкон қадар енгил, камтарона, камчиқим ҳолда ўтказмоғимиз маъқул.

Мусибатхоналарда пайшанбалик, якшанбалик номи билан қилинаётган, дафндан кейин маълум кун ёки ойни санаб, айниқса, икки ҳайит кунларида ўтказилаётган худойи маросимлари диний китобларимизнинг бирортасида буюрилмаган.

Мусибат етган хонадонда муайян кунга боғламасдан, оиланинг иқтисодига зарар етказмайдиган ҳолатда худойи қилиб ўтказилса кифоя қилур.

Ёшини яшаб, ошини ошаб, охират манзилига яқинлашган инсонни парвариш қилиш, қазоси етгандан сўнг эса унинг ҳурматини ўрнига қўйиш, тоат-ибодатларимиздан сўнг ҳаққига дуо қилиб, руҳини шодлаб туриш халқимизнинг энг эзгу қадриятларидан биридир. Буни ҳар бир эркак – оилабоши билиши зарурдир.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . . Намозда қуйидагилар макруҳдирХушуънинг таркига сабаб бўладиган ҳар бир давоми...

2030 19:00 / 22.12.2022
. ,. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Намозхоннинг бадани, кийими ва макони бетаҳоратлик ва ҳақиқий нажосатдан пок бўлиши... Бетаҳоратликдан давоми...

3547 17:30 / 09.09.2021
. . .Қусайба ибн Зуъайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир момо отанинг онаси Абу Бакр давоми...

1966 10:30 / 16.12.2019
. . . . Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир. Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич давоми...

4042 13:05 / 05.11.2020