1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Ҳабашистонлик гуруҳнинг Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиши

16:16 / 23.12.2017 4305 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад ибн Исҳоқнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақидаги китобида қуйидагилар келтирилади:

«Сўнгра Маккада турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига йигирматача насоролар келишди. У кишининг хабарларини Ҳабашистонда эшитишган эди. Улар Пай­ғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни масжидда топиб, гаплашишди, у зотга саволлар беришди.

Қурайш одамлари эса Каъба атрофидаги ўз суҳбатхоналарида эдилар. Насоролар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларини қизиқтирган нарсаларини сўраб бўлганларидан кейин у зот уларни Аллоҳга даъват қилдилар ва Қуръон тиловат қилиб бердилар. Улар Қуръон тинглаганларида кўзларидан дув-дув ёш тўкдилар. Сўнгра Аллоҳнинг даъватига истижобат этиб, унга иймон келтириб, тасдиқ қилдилар. Насоролар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламда ўз китобларида васф қилинган сифатларни кўрдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан қайтиб кетаётганларида бир гуруҳ қурайшликлар билан бирга Абу Жаҳл ибн Ҳишом уларнинг йўлларини тўсиб чиқиб:

«Аллоҳ додингларни берсин! Ўз динингиз аҳли сизни бу томон юборса, энди уларга бу одамнинг хабарини олиб борасизларми?! Бирпас унинг олдида ўтириб, динингизни тарк этиб, уни тасдиқладингизми?! Сиздан кўра аҳмоқроқ гуруҳни кўрмаган эдик!» дедилар.

Шунда улар қурайшликларга:

«Омон бўлинглар. Биз сизларга ўхшаб жоҳиллик қилмаймиз. Бизга ўзимиз, сизга ўзингиз ихтиёр қилган нарса бўлсин. Ўзимизга яхшилик етишида нуқсонга йўл қўйганимиз йўқ!», дедилар».

Илгари китоб берилганларнинг бу шаклда иймон келтирганлари Қуръоннинг ҳақ Китоб эканлигига яна бир далилдир. Қуръон ўқилганда улар ўзларини мушриклар каби тутмайдилар, балки тамоман бош­қача тутадилар.

Ўша ҳодисадан кейин Аллоҳ таоло қуйидаги оятларини нозил қилди:

«Биз ундан (Қуръондан) аввал китоб берган­-
лар – улар унга иймон келтирурлар. Уларга ти­ловат қилинганда: «Унга иймон келтирдик. Ал­батта, у Роббимиздан
(келган) ҳақдир. Албатта,
биз бундан олдин ҳам мусулмон эдик», дедилар. Ана ўшаларнинг ажрлари сабр қилганлари учун
икки марта берилур.
(Улар) яхшилик ила ёмон­ликни дафъ қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан нафақа қилурлар. Қачонки беҳуда нарса эшитсалар, ундан юз ўгириб: «Бизга ўз амалларимиз, сизга ўз амалларингиз. Омон бўлинглар. Биз жоҳилларни истамасмиз», дерлар». («Қосас» сураси, 55–56-оятлар).

Кейинчалик Нажошийнинг ўзи ҳам иймон келтириб, мусулмон бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан муҳожирлик ҳолидаги муслималардан бирларига совчилик қилди. Нажоший вафот этганида Жибрийл алайҳиссалом хабар келтирди ва Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ғойибона жаноза намози ўқидилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жарийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдиларда.Албатта, сизлар Роббингизни мана шу давоми...

4238 10:00 / 19.04.2020
413. Зайнаб бинт Абу Саламадан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдига кирдим. Ўшанда унинг отаси Абу Суфён давоми...

4230 13:02 / 18.09.2020
Умму Салама розияллоҳу анҳу онамиздан ривоят қилинади.Бир куни Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимда эдилар. quotЁнимга ҳеч ким кирмасинquot деб фармон давоми...

6868 17:04 / 19.11.2018
321. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларни ҳар намоздан давоми...

3165 19:00 / 01.12.2023