1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбияси (11-дарс)

10:21 / 11.12.2017 4261 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота дарсни АЛЛОҲга ҳамд ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтиш ила бошлади, сўнгра деди: «Суюклиларим, Ислом – бўйсуниш маъносида келади. Зеро, мусулмон Аллоҳнинг буйруқларига бўйин эккан ва ҳукмларни ижро этган кимсадир. Ислом разолатларга қарши курашувчи, фазилатларга ва ахлоқларнинг карамлисига чақирувчи, раҳмату муҳаббат, тинчликка, мусулмонлар орасида биродарликка чорловчи улуғ диндир. Шу маънони қисман ўз ичига олган ҳадислардан бири Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бирингиз иймон келтирмаган бўлади, токи ўзи учун яхши кўрган нарсани диндош биродарларига яхши кўрмагунича”, деганлар».

(Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.)

Фотима: «Ҳадиснинг маъноси мусулмон киши ўзи учун яхши кўрган нарсани диндош биродари учун яхши кўрмаса, кофир бўлиб, дўзахга тушади, деганими?» деди.

Ота: «Йўқ, Фотима! Асло ундай эмас. Ушбу ҳадисдаги сўз сен айтаётган мақсад учун эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “иймон келтирмайди” деган сўзларидан мақсад мусулмон кишининг қалбидаги иймони токи у ўзи учун яхши кўрган нарсани диндош биродарларига ҳам яхши кўрмагунича мукаммал бўлмайди, деганидир», деди.

Маҳмуд: «Демак, менда бир чиройли ўйинчоқ бўлиб, уни бир ўзим ўйнасам, синглимга ёки ўртоқларимга, диндош биродарларимга биргаликда ўйнашга беришни ёқтирмасам, шунда қалбимдаги иймоним мукаммал бўлмас экан-да?!» деди.

Ота: «Яхши тушунибсан, Маҳмуд. Худди шундай. Ислом дўстлик ва муҳаббатга чақиради, худбинликдан огоҳлантиради. Ўзингда бир нарса бўлса, диндош биродарингга ҳам ундан бер, яхши нарса емоқчи бўлсанг, диндош биродарингга ҳам уни яхши кўр, жаннатга киришни яхши кўрганингдек, диндош биродарингга ҳам жаннатга киришга ёрдам бер, уни намоз ўқишга, Қуръон ўқиш, ёдлашга чақир», деди.

Фотима: «Ислом гўзал диндир ва мен уни жуда яхши кўраман. Аллоҳга мени муслима қилгани учун ҳамд айтаман», деди.

Маҳмуд: «Отажон, бугун зикрлардан қай бирини ёдлаймиз?» деди.

Ота деди: «Тонгги ва кечки зикрлардан кимки уни айтса, жаннатга кириши вожиб бўладиган зикр:

رَضِيتُ بِاللهِ رَبًّا وَبِالإِسْلاَمِ دِينًا وَبِمُحَمَّدٍ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَسُولاً

“Розийту биллаҳи роббан ва билислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама расула”. 

(Маъноси: «Аллоҳни робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим»).

(Абу Довуд ривояти.)

Фотима: «Отажон, Аллоҳнинг гўзал исмларидан бугун қай бирларини ёдлаймиз?» деди.

Ота: «Аллоҳнинг гўзал исмларидан Латийф (ўта лутф кўрсатувчи, барча нарсаларни нозик жойлаштира олувчи), Хобийр (ҳар бир нарсадан ўта хабардор), Ъазийм (ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ), Ғофур (кўплаб гуноҳларни мағфират қилувчи), Шакур (оз амал учун кўп савоб берувчи) бор.

Бугунги дарсимизни бир набавий қисса ила якунлаймиз», деди.

Маҳмуд: «Набавий қиссалар дегани нима, отажон?» деди.

Ота деди: «Набавий қиссалар – бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга айтиб берган воқеалардир.

Бу қиссаларда маънолар ва одоблар бор бўлиб, Ислом шу одобларга чақиради».

Фотима: «Қиссани эшитишга иштиёқим ошди, отажон», деди.

Ота деди: «Қисса бундай, болаларим...

Бир омонатдор киши бошқа бир кишидан уй сотиб олади. Уйни қабул қилиб олгандан кейин ичи тўла тилло бўлган бир катта хум топиб олади.

У: «Бу уйнинг олдинги эгасининг ҳаққидир, буни унга қайтаришим керак», дебди. Унинг олдига бориб: «Бу хумни уйдан топиб олдим, бу сенинг ҳаққинг, тиллонгни ол, мен сендан тилло эмас, уй сотиб олганман», дебди. У эса: «Мен сенга уйни, ерни ва ичидагиларни сотганман, бу сенинг ҳаққинг», дебди.

Бу икки кишининг омонатли, тақводор эканига ҳамда ўзининг ҳаққи бўлмаган нарсани олишга қўрқишларини қаранг!»

Маҳмуд: «Субҳаналлоҳ, икковлари ҳам тиллони олмаяптилар... Хўш, нима қилишди экан, отажон?» деди.

Ота давом этди: «Оқил, донишманд кишининг олдига боришибди. У икковларини эшитиб: «Фарзандларингиз борми?» дебди. Биринчиси: «Менда ўғил бор», дебди. Иккинчиси: «Менда қиз бор», дебди. Донишманд: «Ундай бўлса, икковларини никоҳлаб қўйинг ва тиллони уларга бўлиб беринг. Ўша тиллодан озгина садақа қилишни ҳам унутманг», дебди».

Фотима: «Бу ибратли қисса экан, отажон», деди.

Ота: «Ҳа, Фотима. Бу мусулмонларнинг ахлоқи. Бу улуғ Исломдир. Бу икки омонатдор киши молларига шубҳали нарса аралашишидан қўрқдилар. Фарзандларини никоҳлаб қўйишни айтган донишмандни ҳам эсдан чиқармайлик. Ҳаммаларига Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деди.


Абу Абдураҳмон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жамол эчкиларни жудаям яхши кўрар эди, айниқса кичкинагина болачаларини. Жамолнинг отаси бир куни унга эчкининг боласини совға қилди. Жамол ёзги таътилда эчкини давоми...

4121 05:00 / 16.02.2017
Абдулқуддус амакининг сабоқлариУшбу китобча болаларни ахлоқодобли, илм ўрганишга рағбатли, ёмон иллатлардан қочувчи қилиб тарбиялашга хизмат қилади. Шунингдек, давоми...

6218 17:09 / 14.03.2017
Кунлардан бир куни маҳкамага бир аёл бир эркак киши устидан даъво қилиб келди. Қози ўз жойини эгаллаганидан сўнг маҳкама йиғилиши бошланди. Қози аввал аёл давоми...

4184 05:00 / 16.02.2017
Алийя ўзига бино қўйган мағрур қиз. Отасидан ажрагандан кейин бошқа қизлар билан қайта алоқа боғламади. Саройларининг боғида ўзи юриб, ўзи билан ўзи ўйнарди. Ён давоми...

3987 05:00 / 16.02.2017