1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ҳазрати Абу Бакрнинг мерос масаласида тутган йўллари

15:30 / 30.03.2020 2763 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима ва Аббос розияллоҳу анҳумо Абу Бакрнинг ҳузурига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган меросларини сўрадилар. Фадакдаги ерларини ва Хайбардаги улушларини талаб қилдилар. Шунда Абу Бакр икковларига:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биз мерос қолдирмаймиз, қолдирган нарсамиз садақадир. Албатта, Оли Муҳаммад ушбу молдан ейди», деганларини эшитганман. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (қайси) бир ишни қилганларини кўрган бўлсам, ҳеч бирини қўймай қиламан», деди.

Шу туфайли Фотима ундан аразлади ва то вафот этгунча гаплашмади».

Бошқа бир ривоятда:

«Менинг меросхўрларим бир динорни ҳам бўлиб олмайдилар. Аёлларим нафақаси ва омилимнинг таъминотидан кейин нима қолдирган бўлсам, садақадир», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар. Аллоҳ таоло олий ва билгувчироқдир.

Фотима онамиз ва Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан кейин қолган моллари мерос бўлмаслиги ҳақидаги ҳадисни эшитмаган эдилар. Шунинг учун қиз ва амаки сифатида мерос талаб қилиб, Ҳазрати Абу Бакрнинг ҳузурларига келишган ва у кишидан халифа сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидаги ерларни мерос сифатида ўзларига бўлиб беришларини сўрашган. Фотима онамиз ёлғиз қиз бўлганлари учун ярим меросни, ҳазрати Аббос эса асаба сифатида ўз улушларини олмоқчи бўлганлар.

Аммо Ҳазрати Абу Бакр у зотнинг мулклари мерос бўлмаслигини ўзларининг муборак оғизларидан эшитган эдилар. Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир гапларини қаттиқ тасдиқ қилганликлари учун ҳам Сиддиқ деган номни олганлар. У киши у зотнинг ишларига озгина бўлса ҳам хилоф қилишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бу иш юзасидан муросасозлик ҳам қилмайдилар. Шунинг учун ҳам мерос талаб қилганларга гапнинг очиғини айтдилар.

Фотима онамиз бу тасарруфдан хафа бўлиб, ўзлари вафот этгунларича Ҳазрати Абу Бакрга гапирмай, ўтиб кетдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ривоят шарҳида зикр қилинганидек, ўзларига тегишли ерларни вақф қилиб қўйган эдилар. Бу вақфдан у зотнинг завжалари – оналаримизнинг нафақалари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омилларининг ўрнига тайинланган закот йиғувчи бўлган кишининг нафақаси олинар, ортгани эса садақа қилинарди.

Бошқа Пайғамбар алайҳимуссаломлар ҳам шу тариқа ўзларидан мерос қолдирмаганлар. Барча пайғамбарларнинг вафотларидан кейин улардан қолган тарика садақа ҳисобланган.

Пайғамбарлардан мерос қолмайдиган бўлишининг ҳикмати – бирорта одам улардан қолган меросни олиш мақсадида уларнинг ўлимини тиламаслигидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун ғусл суннатдир.Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан, ғусл вожиб давоми...

4767 14:07 / 10.09.2020
биринчи мақолаБу илмнинг аҳамиятини билиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган ҳар бир маълумотдан фойдаланмасликка аҳд давоми...

4901 15:32 / 06.02.2020
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бани Саламага Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр мен ўзимни билмай ётганимда пиёда юриб кўргани келдилар. Бас, давоми...

12087 05:00 / 18.01.2017
Бу йўналишдаги китобларда ҳар бир мўминмусулмон риоя қилиши лозим бўлган шаръий одоблар ҳақида атрофлича сўз юритилади.1. .Барийқаи Маҳмудийя фий шарҳи торийқаи давоми...

6032 21:10 / 08.05.2019