1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар

10:30 / 17.08.2017 3947 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг. Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф бобнинг Суннатни маҳкам тутиш қисмига мувофиқдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтарганларидан қайтиб, буюрганларини қилиш Суннатни маҳкам тутиш демакдир.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз зоти шарифларидан содир бўлган наҳйи ва амрларга сиз билан биз – у кишининг умматлари қандай муносабатда бўлишимиз лозимлигини баён қилмоқдалар. Ҳадиснинг иккинчи қисмида эса бу ишга нотўғри муносабатда бўлиш ҳалокатга олиб келишини айтиб, огоҳлантирмоқдалар.

«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар», дейдилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг бошида. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни нимадан қайтарган бўлсалар, биз ҳеч гап-сўзсиз дарҳол ўша нарсадан четда бўлишимиз, у нарсага умуман яқинлашмаслигимиз керак бўлади. Эътибор берайлик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундан четда бўлинглар» демоқдалар, «Ундан қайтинглар, уни қилманглар», деганлари йўқ. Четда бўлиш қайтиш ва қилмасликдан кўра кучлироқ ишдир. Бир ишни қилмаслик ёки ундан қайтиш ўша ишнинг яқинига бормаслик ёки атрофида юрмасликни ифода қилмайди. Четда бўлиш эса умуман яқин йўламасликни билдиради. Шунинг учун шариатимизда бирор нарсадан қайтарилган бўлса, ўша нарсанинг сабабчиларидан ҳам, унинг атрофидаги нарсалардан ҳам қайтарилган бўлади.

Мисол учун, ароқ ҳаром қилинган. Унга тегишли ҳамма нарса, яъни уни тайёрлаш, олиб келиш, сотиш, ичганлар билан ўтириш ва бошқалар ҳам ҳаром ҳисобланади.

Шунингдек, зино ҳаром қилиниши билан унга сабаб бўлувчи ва унга тегишли бошқа нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Шу сабабли шариат қайтарган нарсалардан узоқда бўлиш жуда муҳимдир.

Ҳадиснинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг», дейдилар.

Ўз-ўзидан маълумки, бундан фарз ва вожиб амаллар мустаснодир. Чунки бу амалларни ҳеч кам-кўстсиз бажаришни Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилгандир. Бундай амалларни кучим, қудратим етганича қиламан, чарчаб қолсам, қолаверади, деб бўлмайди.

Мисол учун: «Тўрт вақт намозни ўқийман-у, Бомдодга келганда узр, уйғонишим қийин», дейилмайди.

Фарз ва вожиб амаллардан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишлар қўлдан келганича қилинаверади. Гапни кўпайтириб, сўраб-суриштириб ўтирилмайди. Мўмин-мусулмон инсоннинг вазифаси – ўз Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш. Уларни муҳокама қилиш, сўраб-суриштириш эмас. Зотан, тажрибанинг кўрсатишича, бундай нотўғри иш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида қуйидагиларни таъкидламоқдалар:

«Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир», дедилар».

Мусулмонлардан аввал ўтган кўпгина умматлар буйруқ ва қайтариқларни эшитгандан сўнг индамай амал қилиб кетавермай, саволларни кўпайтириб юборганлари учун ҳалок бўлганлар.

Шунингдек, ўз пайғамбарларига хилоф қилганлари учун ҳалок бўлишган. Мусулмонлар ҳам ўшаларга ўхшаб, ҳалок бўлмайлик, десалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр ва наҳйиларига сўзсиз амал қилсинлар, саволни кўпайтирмасинлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан четда бўлсинлар, у зотнинг фарз ва вожибдан бошқа амрларига имконлари борича амал қилсинлар, асло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилмасинлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсалардан четда бўлиш.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига имкон борича амал қилиш (Фарз ва вожиблар бундан мустасно).

3. Шариат амрларини иккиланмай амалга ошириш.

4. Беҳуда саволларни кўпайтирмаслик.

5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қандай хилоф қилмаслик.

6. Ўтган умматларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ишларни қилмаслик.

Мусулмонлар бу ҳадиси шариф ҳикматига ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам муҳтождирлар. Чунки уларнинг аксарияти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмайдиган, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишларни эса қилмайдиган бўлиб кетганлар. Мусулмон номини даъво қилиб юрганлардан баъзилари шариат ҳукмлари тўғрисида турли шак-шабҳали саволларни кўпайтиришдан тўхтамайдилар. Уларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилишлари кўп. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳалокатга учраш йўлидир. Ҳалокатга учрамаслик учун тезда ўзимизни ўнглаб олишимиз лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яна у кишидан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Динору дирҳам, қатийфаю хамийса бандаси бахтиқаро бўлсин Унга ато берилса, рози бўлади, берилмаса, давоми...

3360 08:49 / 18.07.2018
Абу Саид Саъд ибн Молик ибн Синон алХудрий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиАнсорийлардан бўлган кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нарсалар давоми...

4998 09:50 / 11.11.2017
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар.Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ давоми...

4956 13:22 / 03.07.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламquotРамазон кирсада, гуноҳлари кечирилишидан олдин рамазондан чиққан кишининг бурни ерга ишқалсинquot, дедилар.Имом Термизий ривояти.

3379 07:39 / 16.06.2017