1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Видолашув ҳажи

18:57 / 28.04.2017 5588 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўнинчи ҳижрий санада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. У зот бу ҳаждаги ҳатти ҳаракатлари ва айтган сўзлари билан бу ҳаж видолашув ҳажи эканини билдирдилар. Шунинг учун ҳам ушбу ҳаж тарихда «видолашув ҳажи» номи билан қолган. Ўта ишончили ровийлар видолашув ҳажининг тафсилотларини аниқлик билан ривоят қилганлар. Бу ҳаж Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлга отланганларидан бошлаб то қайтиб келгунларича барчанинг диққат эътиборида бўлган. Ундаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир сўз саҳобалар томонидан зийраклик билан ўрганилган, ёд олинган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга видолашув ҳажида юз минг киши иштирок этган. Бу ўша вақтлар ўлчовида мисли кўрилмаган иш эди. Ана ўша одамлар ҳаммаси мазкур тарихий воқеанинг жонли гувоҳи бўлганлар.

Биз видолашув ҳажи борасидаги ривоятлар ичидан улуғ саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг ривоятларини ихтиёр қилдик. У киши видолашув ҳажида бориб келгунча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етакловчи бўлганлар. Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани тартиб билан ёдлаб олганлар ва айтиб берганлар. Ушбу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажларини тўлиқ васф қилувчи ҳадисдир.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳажлари ҳақида гапириб беришни сўровга жавобан тўққиз бармоқларини юмиб кўрсатиб туриб қуйидагиларни айтганлар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўққиз йил ҳаж қилмай турдилар. Сўнгра ўнинчи йили одамлар ичида «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж қилурлар» деб эълон қилдирдилар. Мадийнага жуда кўп одамлар етиб келдилар. Уларнинг барчаси Расулуллоҳ алайҳиссаломга иқтидо қилишни У зотнинг амалига ўхшаш амал қилишни хоҳлар эдилар.
Бас, У зот билан чиқиб Зул Ҳулайфага етиб келдик. Шу ерда Асмаа бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга «қандоқ қилай» деб одам юборди. У зот:
«Ғусл қилиб. Қонни тўсувчи кийим қўйиб олиб, эҳромга киравер», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда намоз ўқидилар. Сўнг Қасвога миндилар. Қачонки туялари Байдоога тенглашганда қарасам, У зотнинг олдиларида кўз етмайдиган даражада уловли ва пиёда одам кетмоқда. Ўнг томонларида ҳам худди шундоқ. Чап томонларида ҳам худди шундоқ. Орқа томонларида ҳам худди шундоқ.
Расулуллоҳ алайҳиссалом орамизда кетмоқдалар. У зотга Қуръон нозил бўлиб турибди. У зот унинг таъвилини билиб туриблар. У Зот нима амал қилсалар биз ҳам қилиб турибмиз. Бас, У зот:
«Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, иннал ҳамда, ван неъмата лака вал мулк. Лаа шарийка лак», деб тавҳид талбиясини айтдилар.
Одамлар ҳам шу, ўзлари айтиб юрган талбияни айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан бирор нарсани рад қилмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз талбияларида давом этдилар.
Жобир розияллоҳу анҳу ўз сўзида давом этиб яна шуларни айтди:
«Ҳаждан бошқа нарсани ният қилмаган эдик. Умрани билмас эдик. Токи У зот билан Байтга етиб борганимизда, рукнни истилом қилдилар. Уч марта рамл тўрт марта юриш билан тавоф қилдилар. Сўнгра Иброҳим алайҳиссаломнинг мақомларига бордилар. «Ва мақоми Иброҳимдан намозгоҳ тутинглар»ни қироат қилдилар. Кейин мақомни ўзлари билан Байтнинг орасида қилдилар. Икки ракъатда «Қул яаа айюҳал кафируун» билан «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қироат қилдилар. Сўнгра рукнга қайтиб бориб уни истилом қилдилар.
Кейин эшикдан Сафога чиқдилар. Сафога яқинлашган вақтларида «Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг (дини) аломатларидандир»ни қироат қилдилар. «Аллоҳ бошлаган нарсадан бошланглар», дедилар. Сўнгра Сафодан бошладилар. Унинг устига Байтни кўрадиган бўлиб чиқдилар. Аллоҳга тавҳид ва такбир айтдилар ва:
«Лаа илаҳа иллаллоҳу. Ваҳдаҳу, лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку валаҳул ҳамду. Ва ҳува ала кулли шайъин қодир. Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу. Анжаза ваъдаҳу. Ва насара абдаҳу. Ва ҳазамал аҳзаба ваҳдаҳу», дедилар. Шу орада дуо ҳам қилидлар. Ушбу нарсани уч марта айтдилар.
Кейин Марва томон юриб кетдилар. Қадамлари водийга тегиши билан тезлаб-шаҳдам саъйи қилдилар. Водийдан чиқиб оддий юриш қилдилар. Марвага келганларида Сафода қилганларидек қилдилар. Тавофлари охирига етиб Марвада турганларида:
«Агар ишни қайта бошлаганимда. Орқага қайтмас эдим. Қурбонлик ҳайдаб келмас эдим. Умрани ният қилар эдим. Сизлардан кимнинг атаган қурбонлиги бўлмаса, қилганини умрага айлантирсин», дедилар.
Суроқа ибн Молик:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, ушбу йилимизгами ёки абадийликками?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам панжаларини бир-бири ичига киритиб туриб, «умра ҳажнинг ичига кирди», деб икки марта айтиб:
«Йўқ! Абадийга! Абадийга!» дедилар.
Али Ямандан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини олиб келиб, Фотима розияллоҳу анҳонинг эҳромдан чиқиб, сурма қўйиб олганини кўриб инкор қилди. Шунда у:
«Отам менга шуни амр қилдилар», деди.
Али Ироқда юрганида:
«Ўшанда Фотиманинг қилган ишидан аччиқланиб, У зотдан у берган хабар ҳақида сўрагани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мен унинг ишини инкор қилганим ҳақида хабар бердим. Бас, У зот:
«Рост айтибди. Рост айтибди. Ҳажни ният қилганингда нима деган эдинг?» дедилар.
«Эй, бор худоё! Расулинг нимани ният қилган бўлса ўшани ният қилдим, деб айтдим», дедим.
«Менинг атаган қурбонликларим бор. Эҳромдан чиқма», дедилар У зот.
Али Ямандан олиб келган қурбонликлар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ила олиб келган қурбонликлар жам бўлиб юзта эди. Одамлар ҳаммалари эҳромдан чиқиб сочларини қисқартирдилар. Фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва қурбонлиги борлар бундоқ қилмадилар.
Таврия куни бўлганда У зот Минога юзландилар ва ҳажни ният қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб жўнадилар. У ерда Пешин, Аср, Шом, Хуфтон ва Бамдодни ўқидилар. Сўнгра қуёш чиққунча бир оз кутиб турдилар.
Кейин жундан бўлган қуббаларини Намирага тикишга амр қилдилар. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юриб кетдилар. Қурайшликлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жоҳилият вақтида Қурайш турганидек, Машъарул Ҳаромда Вуқуф қилишларига ҳеч шубҳа қилмас эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтиб кетдилар ва Арафотга етиб бордилар. Қуббаларини Намирага тикиб қўйилганини кўриб, ўша ерга тушдилар.
Қуёш (қиёмдан) оққанда У зот Қасвони олиб келишга амр қилдилар. Унга миниб водийнинг ўртасига бордилар. Бас, одамларга хутба қилдилар:
«Албатта, қонларингиз ва молларингиз ушбу ойингиз, ушбу юртингиз ва ушбу кунингиз ҳурматидек ҳаромдир.
Огоҳ бўлинглар! Жоҳилиятнинг ишларида ҳар бир нарса менинг оёғим остига тўшалгандир. Жоҳилиятдаги қонлар қиймати ҳам тушди. Қонларимиздан биринчи бўлиб (қийматини) туширадиганим қон, Ибн Робийъа ибн ал-Ҳориснинг қонидир. Бани Саъддаги эмизиш учун берилган эди. Уни Ҳузайл (қабиласи) қатл қилди.
Жоҳилият рибосининг (қиймати) ҳам туширилгандир. Риболаримиздан биринчи бўлиб қийматини туширадиганим рибо, Аббос ибн Абдулмуттолибнинг рибосидир. Бас, унинг ҳаммаси туширилгандир.
Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор.
Батаҳқиқ, мен сизларга маҳкам ушласангиз ундан сўнг ҳеч ҳам залолатга кетмайдиган нарсани қолдирдим. Аллоҳнинг китобини.
Сизлар мен ҳақимда сўралурсизлар. Хўш, нима дейсизлар?» дедилар.
«Албатта, етказганингизга, адо этганингизга ва насиҳат қилганингизга гувоҳлик берамиз», дейишди.
Шунда У зот кўрсатгич бармоқларини осмонга кўтариб, кейин одамларга қаратиб тушириб туриб:
«Эй, бор Худоё! Ўзинг гувоҳ бўл!» деб уч марта айтдилар.

Сўнгра азон ва иқома айтдириб, Пешинни ўқидилар. Кейин яна иқома айтдириб, Асрни ўқидилар. Иккисининг орасида ҳеч нарса ўқимадилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (улов) миниб мавқифга бордилар. Туялари Қасвонинг қорнини тошларга қилдилар. Пиёдалар қаршиларида бўлиб қолди. У зот қиблага қараб турдилар. Шу туришларида қуёш ботунча турдилар.
Кейин Усомани орқаларига мингаштириб, қайтишни бошладилар. У зот Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан унинг боши эгарнинг қошига тегай деб қолди. У зот ўнг қўллари билан ишорат қилиб:
«Эй, одамлар! Сокин бўлинглар! Сокин бўлинглар!» дер эдилар. Қачон қум тепачалардан бирига келганда туя унга чиқиб олиши учун жиловни бир оз бўшатар эдилар.
Муздалифага етиб келганларидан кейин Шом ва Хуфтонни бир азон икки иқома билан ўқидилар. Икковлари орасида ҳеч нарса ўқимадилар.
Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгунча ёнбошладилар. Ўзларига субҳ аён бўлганида азон ва иқома билан Бамдодни ўқидилар.
Кейин Қасвога миниб Машъарул Ҳаромга келдилар. Қиблага қараб дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид сўзлари айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунча шу ҳолда турдилар.
Бас, қуёш чиқмасдан олдин жўнадилар. У зот Фазл ибн Аббосни мингаштириб олдилар. У гўзал сочли, оппоқ ва чиройли одам эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жўнаганларида аёлллар (ҳавдажда) тезлаб ўтиб қолдилар. Фазл уларга назар сола бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини Фазлнинг юзига қўйдилар ва унинг назар солиб турган юзини бошқа томонга бурдилар. У зот Ботни Муҳассарга келганларида бир оз тезладилар.
Сўнгра Жамратул Куброга чиқадиган ўрта йўлга тушдилар. Дарахт олдидаги Жамрага келиб еттита тошни ҳар бирини отганда такбир айтиб отдилар.
Кейин бурилиб қурбонлик сўядиган жойга бордилар. Бас, олтмиш учта(қурбонлик)ни қўллари билан сўйдилар. Қолганларини Али сўйди. У зот уни қурбонликларига шерик қилдилар.
Сўнгра амр қилиб, ҳар бир туядан бир оздан гўшт олдириб, қозонга солдириб пиширтирдилар. Икковлари ундан еб, шўрвасидан ичдилар.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миниб ифоза (тавоф) қилдилар. Маккада Пешинни ўқидилар. Замзам тарқатаётган Бани Абдулмуттолиблар олдига келиб:
«Тортинглар! Эй, Бани Абдулмуттолиблар! Агар одамлар сизнинг сувчилигингизга ғолиб келиб кетиши бўлмаганида мен ҳам сиз билан сув тортар эдим», дедилар. Улар бир пақирда сув узатишди. У зот ундан ичдилар». Имом Муслим ва Абу Довудлар ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажни тамом қилганларидан кейин Мадинаи Мунавварага қараб йўл олдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
193. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мен авлодмаавлод ўтиб, Одам болаларининг энг яхши авлодидан юборилдим, давоми...

4081 13:30 / 07.06.2019
60. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Ой ўтиб кетса ҳамки, Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларида олов ёқилмасди, емагимиз хурмо ва сув давоми...

5226 11:06 / 30.11.2018
446. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким рўзадор бўлсаю, унга қусқи ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар давоми...

846 15:00 / 29 июнь
446. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи давоми...

3866 13:00 / 11.12.2020