1446 йил 6 жумадул аввал | 2024 йил 08 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Улуғ зотларнинг насиҳат ҳақида айтган гапларидан намуналар

22:16 / 25.04.2017 4794 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Асокир Саъид ибн Абу Саъиддан ривоят қилади:

«Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу Урдунда вабога чалинганида (у зотнинг қабри ҳам шу ерда жойлашган) ўша ерда ҳозир бўлган мусулмонларни чақириб шундай дедилар:

«Мен сизларга бир васият қиламан. Агар уни қабул қилсангиз, яхшиликда бардавом бўласизлар. Намозни ўқинглар, закотни беринглар, Рамазон ойи рўзасини тутинглар, садақа қилинглар, ҳаж қилинглар, умра қилинглар. Бир-бирингизга насиҳат қилинглар. Амирларингизга насиҳат қилинглар, уларни алдаманглар. Дунё сизни ҳалок қилмасин. Агар бир одам минг йил яшаса ҳам, албатта, менинг сиз кўриб турган ҳолимга тушиши бор. Аллоҳ таоло Бану Одамга ўлимини ёзгандир. Улар ўлурлар. Уларнинг энг фаросатлиси ўз Роббига итоаткорроқ бўлгани ва қайтар куни учун кўпроқ амал қилганидир. Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи! Эй Муъоз, одамларга намоз ўқиб бер».

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Доимо Аллоҳ таоло учун насиҳат қилувчилар бўлган. Улар Аллоҳ таоло учун У Зотнинг бандалари ичида насиҳат қилганлар. Аллоҳ таолонинг бандаларига Аллоҳ таолонинг ҳаққида насиҳат қилганлар. Улар ер юзида Аллоҳ таоло учун насиҳат ила амал қилганлар. Ана ўшалар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги ўринбосарларидир».

Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Фақиҳ дунёда зоҳидлик қилувчи, охиратга рағбат қилувчи, динини яхши билувчи, Роббининг ибодатида бардавом бўлувчи, мусулмонларнинг обрўсини сақловчи, молларида иффатли бўлувчи ва уларга насиҳат қилувчи шахсдир».

Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганидан кейин ўғли Абдулмаликка қуйидаги насиҳатни қилган эди: «Аммо баъду. Ўзимдан кейин насиҳат ва тавсия қилишимга энг лойиқ одам сенсан. Уни мендан эшитиб, ёдлаб олишга энг ҳақли одам сенсан. Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин, У Зот бизга нозик ишларимизда ҳам, умумий ишларимизда ҳам жуда кўп яхшиликлар қилди...

Мен сенга ушбу насиҳатни қиляпман-у, аммо ўзим ўзимга қарши кўп исрофларни қиламан. Ишларимнинг кўпини яхши бажара олмайман. Агар одам ўзи бекаму-кўст бўлмагунича ва Роббининг ибодатида баркамол бўлмагунича биродарига ваъз қилмай юраверса, одамлар яхшилик қилишда дангаса бўлиб қоладилар. Қачон амри маъруф ва наҳйи мункар кўтарилса, ҳаромлар ҳалол саналиб қолади. Осмонлар ва ернинг Робби, оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин! Осмонлар ва ердаги кибриё У Зотга хосдир. У Зот ўта азиздир, ўта ҳикматлидир».

Мисъар ибн Кидом раҳматуллоҳи алайҳ дейди: «Менга айбларимни ўзи билан менинг орамдаги сир қилиб ҳадя этган кишига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин. Албатта, кўпчилик ичидаги насиҳат таққиллатиб уришдир».

Маъмар ибн Рошид ибн Ҳаммом айтади: «Сен учун энг яхши насиҳатгўй сенинг ҳақингда Аллоҳ таолодан қўрқадиган одамдир».

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Муҳаббат қўрқинчдан афзалдир. Агар иккита қулинг бўлса, бири сенга муҳаббатли бўлса, бошқаси сендан қўрқса, муҳаббатлиси сенга муҳаббат қилгани учун бор бўлсанг ҳам, йўқ бўлсанг ҳам сенинг фойданг учун насиҳат қилади. Сендан қўрқадигани эса, эҳтимол, борингда сендан қўрқиб насиҳат қилар, ғойиб бўлганингда сени алдар, насиҳат қилмас».

Фузайл ибн Иёз раҳматуллоҳи алайҳ яна айтади: «Мўмин беркитади ва насиҳат қилади. Фожир фош қилади ва айблайди».

Ожурий раҳматуллоҳи алайҳ дейди: «Насиҳатни ўз нафсидан бошлаган, ўзига вожиб нарсани, шайтоннинг унга адоватини ва ундан қандай эҳтиёт бўлишни, нафс мойил бўладиган нарсалардан қабиҳини унга хилоф қилиш мақсадида ўрганиш учун илм ва фиқҳни талаб қилишда жидди жаҳд қилган одамдан бошқалар Аллоҳ таоло учун, У Зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун ва оммалари учун насиҳатчи бўла олмайдилар».

Ибн Абдулбарр раҳматуллоҳи алайҳ: «Биродарингга сидқидилдан насиҳат қил. Гарчи у шармандалик қилган бўлса ҳам», дейди.

Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Мусулмон киши учун ҳақнинг зоҳир бўлишини ва мусулмонлар у ҳақда маърифатга эга бўлишини исташ вожибдир. Агар ўша ҳаққа ўзи мувофиқ бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, барибир. Мана шу Аллоҳ таоло учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун, У Зотнинг дини учун, мусулмонларнинг имомлари учун ва оммалари учун насиҳатдир. Ушбу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек диндир».

Яна ўша киши раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Кимнинг уламоларга раддия қилиши Аллоҳ таоло учун ва У Зотнинг Расули учун бўлса, у мусулмонларнинг бошқа уламолари каби икром ва эҳтиром қилинади, улуғланади. Кимнинг уламоларга раддия қилиши камситиш, мазаммат ва айбни очиш учун бўлса, у уқубатга сазовор бўлади. Токи ўшанинг ўзи ҳам, унга ўхшаганлар ҳам ушбу ҳаром қилинган разолатлардан қайтсинлар».

Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ яна айтади: «Насиҳатни қасд қилиш билан шармандаликни қасд қилиш орасидаги фарқ жуда ҳам улкан. Уларнинг бири иккинчисига ўхшаши мумкин эмас. Фақатгина ақли расо эмаслар бундан мустасно».

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Дин насиҳатдир китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам седана ҳақида .У сомдан бошқа ҳар бир дардга шифодир,, давоми...

3051 16:00 / 23.01.2023
Бечора болажонларhellip Ўз хатоларимиз туфайли сизларни бунчалар жазоламасакБечора болажонлар... Ўзимизнинг камчиликларни деб сизларга бунчалар зулм давоми...

1851 13:00 / 03.11.2021
Гером Орфин исмли журналист инфарктдан сақланиш учун насиҳатлар берар, суҳбатлардан бирида .Мен юз йил яшайман,, деган эди. Аммо ўзи етмиш ёшида тўсатдан инфаркт давоми...

1040 14:00 / 24.07.2023
Жанубий Кореяда пул ўтказмалари тизимида иш бошлаганимдан бери кунига ўттизга яқин киши билан мулоқотга киришишга мажбур бўламан. Баъзилари билан юзмаюз давоми...

2542 17:00 / 02.03.2022
Аудиолар

133780 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54112 14:35 / 11.08.2021