1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

2012-йил 21-декабр куни қиёмат бўладими?

21:47 / 25.04.2016 3551 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ассалому алайкум шайх ҳазратлари.
Мен интернетдан телевидениядан ва бошқа манбаълардан 2012-йил 21-декабр ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Айнан шу вақтга Маяликларнинг календарининг тугаши, Нибури планетасининг Ерга яқин келиши, Шуман частотасининг 13 даражадан ортиши, 4 та планеталарнинг бир чизиққа тизилиши ва Қуёш системасининг галлактика марказидан ўтиши тўғри келяпти. Уларнинг умумий фикрлари бўйича 2012-йил охирзамон бўлиши ҳақида гапирилган. Бу масалада ҳозирда Ислом дунёси олимлари қандай фикрда эканлигини билмоқчи эдим. Жавобингиз учун аввалдан миннатдорман.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Бу каби нарсалар фолбинликдан бошқа нарса эмас. Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Сиз айтганга ўхшаганлар неча марталаб қиёмат бўлишини эълон қилишган. Аммо доимо ўзлари шарманда бўлишган. Бизда қиёмат қачон бўлишини суриштиришга эмас, қиёматга тайёргарлик кўришга эътибор берилади.
Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Бу улкан ҳақийқат Қуръони Каримда кўп марта таъкидланган.
Жумладан, Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:
«Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У, осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт. Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар. Сен: «Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар», деб айт», деган.
Ўлимни, охират кунини, у куни ҳар бир одам бу дунёдаги қилмишлари юзасидан сўроқ-савол қилинишини ўйлаш ҳар қандай шаккок, кофирни ҳам ўйлантириб қўяди. Шундай лаҳзаларда улар охират ҳақида савол бера бошлайдилар. Баъзи ҳолларда қиёмат бўлишига шак келтирганларидан, ўз фикрларини тасдиқлаш, «Қиёмат бўлади» деган ақийдадагиларни ожиз қолдириш учун сўрайдилар. Баъзи вақтларда синаш учун сўрайдилар ва ҳоказо.
Қурайш мушриклари ҳам вақти-вақти билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат ҳақида, айниқса, унинг қачон собит бўлиши ва келиши ҳақида сўрар эдилар.
«Сендан соат (қиёмат) қачон собит бўлиши ҳақида сўрарлар.»
Яъни, бўладиган бўлса, қачон бўлишини айтиб бер, деб даъво қилардилар. Бу саволдан «Қачон бўлишини айтиб бера олмасанг, қандай Набийсан, шуни ҳам билмайсанми» деган ғаразгўйликнинг ҳиди келади.
Аслида, қиёмат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган ҳодисадир. Унинг қачон рўй беришини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Лекин мушриклар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни синаш, ул зотни хижолат қилиш учун, «Қиёмат қачон бўлади?» деб сўроқ қиладилар. Агар ҳар бир сўзни Аллоҳдан қабул қилиб оладиган ҳақийқий Набий бўлмаса, бунга турли жавоблар бериш мумкин. Хусусан, Набийликни даъво қилувчи табиатан телба ва бузуқлар одамлар эътиборини жалб қилиш учун уларнинг қиёматга нисбатан бўлган эҳтиросли қизиқишидан фойдаланишга ҳаракат қилишлари кейинги пайтларда ошкор бўлди. «Қиёмат фалон вақтда бўлади», деб қўйиб, сўнг шарманда бўлганлари ҳам жуда кўп.
Лекин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволга қандай жавоб беришни Аллоҳ таолонинг Ўзи сўзма-сўз уқдиряпти:
«Унинг илми фақат Роббим ҳузуридадир. Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир. У, осмонлару ерда оғир иш бўлади. Сизларга фақат тўсатдан келадир», деб айт.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одам, у киши ҳеч қачон «ғайб илмини биламан» деб даъво қилмаганлар. У зот:
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир», дейдилар. Яъни, қиёматнинг қачон бўлишини фақат бир зот-Роббим билади, холос. Бош-қа ҳеч ким билмайди. Мен ҳам билмайман.
«Уни фақат Ўзигина зоҳир қиладир.»
Қиёматни юзага келтирувчи Зот ҳам ягона Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмай-ди.
«У, осмонлару ерда оғир иш бўлади.»
Унинг ҳақида билганим шу: осмонлар ва ер қанча улкан бўлмасин, қиёмат уларга ҳам оғир келадиган даражада улуғ ҳодисадир. Шунинг учун ўша кунга тайёрланиш керак.
«Сизларга фақат тўсатдан келадир.»
Билмай қоласизлар. Аввал эълон қилиб, вақтини тайинлаб келмайди. У содир бўлмасдан бироз олдин ўзини ўнглаб, у ер-бу ерини тозалаб, ҳеч нарсани кўрмагандек мўмин-қобил бўлиб туришга имкон йўқ. Унинг келишига доим тайёр туриш керак. Унинг қачон содир бўлишини сўраб юришдан самара йўқ. Бунинг устига, бу саволга жавоб берадиган одамнинг ўзи йўқ. Мушрикларнинг саволи эса ноўрин.
«Худди сен уни билишинг керакдек, сендан сўрарлар.»
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг дахллари йўқ нарсаларни Аллоҳдан сўрамайдилар.
«Унинг илми фақат Аллоҳнинг ҳузуридадир. Лекин кўп одамлар билмаслар...»
Қиёматнинг қачон бўлиши Аллоҳнинг Ўзигагина хос илмдир. Уни ҳеч кимга, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам билдирмаган. У зот фақат қиёматнинг қачон бўлишинигина эмас, бошқа ғайб илмларини ҳам билмайдилар. Бу билмасликлари эса, айб эмас. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир бандада нафс бор. Уни бўйсундириш учун никоҳланиш, уйланиш керак. Лекин бунга имкони, шароити бўлмаса, банда нафсдан, яъни, зинодан қандай тийиладиЖАВОБ давоми...

4195 14:20 / 24.04.2016
СаволАссаламу алайкум 1994йили дастлаб рўза тутганимда 3 кундан кейин очиб юборишга мажбур бўлганман, сабаби ошқзонимда 5мм яра бор эди, шу касаллигим қаттиқ хуруж давоми...

3851 06:05 / 10.07.2018
СаволУстоз, бизнинг тарафда Қуръондан баъзи сураларни ўқиб, товуқ сўяди, кейин қонидан беморга суртиб қўяди. Шу ишнинг ҳукми нима бўладиЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Мумкин эмас.

5126 08:10 / 06.02.2018
Қуръони каримда ҳамманинг жуфти билан яратилгани хабари бор. Энди бир савол туғилиб қолди ҳамманинг жуфти бир аёлга бир эркакми, ёки бир эркакники битта аёл, давоми...

3815 15:52 / 24.04.2016
Аудиолар

210867 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130132 14:35 / 11.08.2021