1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Расулуллоҳнинг ҳаётларидан лавҳалар (13-қисм)

17:44 / 07.04.2017 6088 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ 

(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ўрганиш)

13-қисм

АЛЛОҲ УЧУН МУҲАББАТ

«Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди» (Анфол сураси, 63-оят).

 

МУҲАББАТ

 

Мўмин бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақому даражалари амал ва эътиқодларига кўра турли-туман бўлади. Мақомларнинг олий ва юксакроғи – мўмин банданинг ҳар бир нарсага холис Аллоҳ учун муҳаббат қўймоғидир.

Ислом шариатида муҳаббат вожиб дея эътироф этилган. Шунга кўра, ким муҳаббат қўйса, билдириб қўйсин, токи идрокларда қарор топсин, ому-хос ўргансин ва барча инсонлар унга ижобат қилсин. Мўминнинг бахту саодати, жамиятнинг саодати, балки бутун инсониятнинг саодати шундадир.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг бандаларидан шундай кишилар борки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таоло томонидан уларга берилган мақом ва манзилларга пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар», дедилар.

Саҳобалар сўрашди: «Эй Аллоҳнинг расули! Бизга хабар беринг, ким улар?»

Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: «Улар ўзаро қариндошлик учунгина эмас, мол-давлатдан манфаатдор бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ учун муҳаббат қўйганлардир. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдир. Улар нур узрадирлар. Инсонлар хавфда бўлганда улар хавфда бўлмаслар. Инсонлар қайғуда бўлганларида улар қайғуда бўлмаслар».

Сўнг тиловат қилдилар:

«Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир» (Юнус сураси, 62–64-оятлар).

Бу орқали бизга ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аниқ-равшан баён қилиб берадиларки, буюк ва машҳуд кунда – Қиёматда инсонлар Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жойига, амалига яраша Аллоҳнинг фазли ила лойиқ бўлган маконига шошилишади. 

Инсонлар бўладиларки, улар пайғамбарлар ҳам эмаслар, шаҳидлар ҳам эмаслар. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги юксак мақому олий манзилларига, абадий ва сўнмас неъматларига пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар.

Аллоҳ учун муҳаббат қўйганларга Аллоҳ таоло манзиллар тайёрлаб қўйган. Бу муҳаббат умматга яхшилик ва саодатни зиёда қилур. Тилаклари ва орзу-истакларини рўёбга чиқарур. Унга қувват бахш этур. Руҳиятидаги маънавиятини кураш ва жанг майдонларида кўтарур. Бу билан ёғийдан устунликка етказур. Бутун умматни бир жону бир тан қилур.

Муҳаббат туфайли Аллоҳ умматни ислоҳ этади ва одимларини тўғри йўлда собит қилади. Уларга яхшиликлар ато қилиб, иззат ва шон-шарафга буркаб қўяди.

Қуйида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва замонларидаги Аллоҳ учун бўлган муҳаббатларни баён қилмоқчимиз.

 

УСМОН ИБН АФФОННИНГ МУҲАББАТЛАРИ


Усмон розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга куёв бўлишлик муҳаббати жуда ҳам юқори эди. Бу буюк риштанинг узилиши жуда ҳам оғир келди. Руқия розияллоҳу анҳо вафот этганларидан кейин инсонларнинг энг мукаррами бўлган зотга боғланган ришта узилганидан ғам-қайғуда қолдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

– Нима бўлдики, мен сени қайғуда кўряпман?!

– Эй Аллоҳнинг расули! Бирор кимсанинг бошига менинг бошимга тушган каби кулфат тушганмикин? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг никоҳимда бўлган қизлари вафот этди. Энди мен суянчиғимдан ажрадим. Сиз билан ўртамиздаги қудачилик риштаси узилди, – деб жавоб бердилар Усмон розияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг ўксик кўнгилларига далда бериб, Руқиянинг синглиси Умму Гулсумни никоҳлаб бердилар. Улар Умму Гулсум вафот этгунча бирга яшадилар.

Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қизларига уйланганлари учун «Зуннурайн» («Икки нур соҳиби») номини олдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳеч бир кимсага икки қизларини бермаганлар.

 

«МЕН У ЗОТДАН БОШҚАСИНИ ТАНЛАЙ ОЛМАЙМАН!»


Умму Зайд ўғли билан бирга зиёрат учун қавмига – Бани Муъинга бормоқчи бўлиб йўлга чиқди. Йўлда уларни Бани Қайл ибн Жисирдан икки отлиқ талон-тарож қилди. Унинг ўспирин ўғли Зайд уларнинг қўлига тушиб қолди. Уни Уккоз бозорида Ҳаким ибн Ҳизомга сотиб юборишда. Ҳаким эса уни тўрт юз дирҳамга аммаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биринчи завжалари Хадича бинту Хувайлид розияллоҳу анҳога сотди.

Зайд ўн саккизга кирганда Хадича розияллоҳу анҳо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга совға қилдилар.

Зайднинг отаси фарзанд доғида қаттиқ изтиробда қолди. Йўл юриб, ким учраса, ўғлини сўрар эди. Бани Кулобдан бир неча киши ҳаж қилгани Маккага келишганида Зайдни кўриб таниб қолишди. Бориб отасига ўғлининг хабарини беришди.

Ота Маккага келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни  сўради. Масжидда эканликларининг хабарини эшитиб, кириб келди ва сўз бошлади:

– Эй Абдулмутталибнинг фарзанди! Эй қавм саййидининг фарзанди! Сизлар Ҳарам аҳлисиз. Қулларни озод қилгувчисизлар. Асирларни боққувчисизлар. Сизнинг ҳузурингиздаги фарзандимизни сўраб келдик. Бизга илтифот ва яхшилик қилинг, фидясини адо қилайлик!

– Ким ўзи у? – сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Зайд ибн Ҳориса, – деб жавоб берди ота.

– Уни чақиринг, ихтиёрига қўйинг. Агар сизларни ихтиёр қилса, у фидясиз сизларники. Мени ихтиёр қилса, Аллоҳга қасамки, мени ихтиёр қилганга фидя сўрагувчи эмасман, – дедилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Зайдни олиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар:

– Мана буларни танийсанми?

– Ҳа! Бу – отам. Буниси – амаким, – жавоб бердилар Зайд розияллоҳу анҳу.

– Мен ўзинг яхши билган одамман. Сенга бўлган муомаламни кўргансан. Ё мени ихтиёр қил, ё уларни...

– Мен ҳаргиз сиздан бошқани ихтиёр қилмайман. Сиз менга ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз.

– Эй шўринг қурғур Зайд! Ҳурлик қолиб, отанг, амакинг ва оиланг қолиб, қулликни танлайсанми?! – танбеҳ беришди улар.

Зайд жавоб бердилар:

– Мен бу зотдан шундай нарсалар кўрдимки, энди улардан бошқасини танлай олмайман!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайдни Ҳижр (Каъбанинг шимоли-ғарбий томонидаги жой)га олиб чиқдилар ва эълон қилдилар:

– Гувоҳ бўлингларки, Зайд менинг ўғлимдир! У мендан мерос олади, мен ундан мерос олгувчиман.

Ота бу сўздан рози бўлди ва уйига қайтди. 

Бу воқеа нубувватдан аввал эди. Пайғамбарлик келгач, Аллоҳ таоло оят нозил қилди:

«Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғрироқдир» (Аҳзоб сураси, 5-оят).

Бунга қадар уни «Зайд ибн Муҳаммад» дейишар эди. Илоҳий Фармондан сўнг «Зайд ибн Ҳориса» деб чақирадиган бўлишди.


«ЭЙ ҲОРИСА, ЖАННАТ МУБОРАК!»


Ҳориса мўминларнинг баркамол йигитларидан эди. Касал бўлиб қолди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани бордилар.

– Эй Ҳориса, қандай тонг оттирдинг? – сўрадилар у зот алайҳиссалом.

– Ҳақиқатдан Аллоҳга иймонли ҳолда тонг оттирдим, – деб жавоб берди Ҳориса.

– Ҳар бир сўзнинг ҳақиқати бўлади. Иймонингнинг ҳақиқати нима?

– Тунимни бедор қилдим. Кундузга ташна бўлдим. Дунё кўзимга арзимас кўринди. Мен учун унинг олтини ҳам, тоши ҳам баробар бўлди. Гўёки Сиротда тутқундек, жаннат аҳли билан неъматларародек, дўзах аҳли билан азобланаётгандек, Раббимнинг Аршиси билан рўбарў тургандекман, – деди Ҳориса.

– Билибсан! Шундай бўл, эй Аллоҳ қалбини иймон билан мунаввар қилган банда! – дедилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга дуо қилинг, менга Унинг йўлида шаҳид бўлиш насиб этсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар. Ҳориса Бадр жангида шаҳид бўлди. (Аллоҳ ундан рози бўлсин!)

Онаси келди.

– Эй Аллоҳнинг расули! Сиз Ҳорисанинг менинг қалбимдаги мақомини билурсиз. Агар у жаннатда бўлса, мен хурсандман! Ундай бўлмаса, дод солиб йиғлайман! – деди она.

– Эй Ҳорисанинг онаси! – дедилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам. – Жаннат бир дона эмас. Яна жаннатлар бор. Шубҳасизки, Ҳориса энг аъло жаннат – Фирдавсдадир!

Она шод бўлиб ортига қайтар экан, йўл-йўлакай шундай дер эди:

– Баракалла! Баракалла, эй Ҳориса! Жаннат муборак бўлсин, ўғлим!


«БУ – РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ  ВАСАЛЛАМНИНГ ТЎШАКЛАРИ!»


Абу Суфён ибн Ҳарб Мадинага келди. Бу пайтда ҳали Исломга кирмаган эди. Қизи – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳонинг ҳужраларига кирди. Энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшакларига ўтирмоқчи бўлган эди, Умму Ҳабиба тўшакни тортиб олдилар.

– Эй қизалоғим, тушунмай қолдим. Тўшакни менга раво кўрмадингми ёки мени тўшакка раво кўрмадингми? – сўради Абу Суфён.

– Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўшаклари! Сиз мушрик (нажас) кишисиз. Шу тўшакка ўтиришингизни хоҳламадим,  – деб жавоб бердилар Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳо.

Биз бу муҳаббатга назар солсак, у қалбларни маҳв этганини кўрамиз. Қалблар эса ўз расулининг том маънодаги ҳақиқий инсонийлик сифатлари олдида бор бисотини, ҳатто ўзини ҳам нисор қилган.

САВБОН РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ МУҲАББАТЛАРИ 

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Савбон исмли мавлолари бор эди. Унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари жуда ҳам юқори эди. Кўрмаса, сабр-тоқат қила олмасди.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келсалар, ранглари ўзгарган, ўзи озиб кетган, юзларида қайғу аломатлари бор экан. У зот алайҳиссалом бунинг боисини сўрадилар. Савбон айтди:

– Эй Аллоҳнинг расули! Менда ҳеч қандай оғриқ йўқ. Фақат сизни бир оз фурсат кўрмаганимдан муштоқ бўлиб туриб, охиратни эсладим. Сиз жаннатнинг пайғамбарлар турадиган энг олий даражаларида бўлсангиз, мен сизни кўра олмасам, тоқатим етмаслигини ўйлаб шундай қаттиқ қўрқиб кетдим.

Аллоҳ таоло оят нозил қилди:

 «Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва улар қандай ҳам яхши рафиқлардур!» (Нисо сураси, 69-оят.)


«СИЗ ОМОН БЎЛСАНГИЗ, МУСИБАТ ПИСАНД ЭМАС!»


Уҳуд жангида бир ансориянинг отаси, акаси ва эри шаҳид бўлди. Аёлга бу ҳақда хабар бердилар. Шунда ансория аёл сўради:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга не бўлди?

– Алҳамдулиллаҳки, у зот омонликдалар, – дедилар.

– Кўрсатинглар-чи, мен бир кўрай!

Аёлга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрсатдилар. Шунда аёл қалбининг тубидан ҳайқириб юборди:

– Эй Аллоҳнинг расули! Сиз омон бўлсангиз, ҳар қандай мусибат ҳам менга писанд эмас!


САҲОБАЛАРНИНГ МУҲАББАТИ


Зайд ибн Дусаннани Макка аҳли Ҳарамдан чиқариб, қатл қилмоқчи бўлишди. Шунда Абу Суфён ибн Ҳарб ундан сўради:

– Эй Зайд, Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, ҳозир сенинг ўрнингга Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) калласини олишимизни ва сен ўз аҳлингга қайтиб кетишингни хоҳлармидинг?

Зайд жавоб берди:

– Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон тикон озор берадиган жойда бўлсалар ҳам, мен уйимда ўз аҳлим билан ўтиришни хоҳламас эдим!

Абу Суфён айтди: «Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) асҳоблари унга (алайҳиссалом) муҳаббат қўйганичалик бирон кимсанинг муҳаббатини кўрмадим».


«ЭРТАГА ҲАБИБИМГА ЕТИШАМАН!»

 

Билол розияллоҳу анҳу вафот этишга яқин бўлиб қолдилар. У кишининг аҳллари айтар эди: «О, қандай мусибат!»

Ўзлари эса: «Оҳ, қандай роҳат! Эртага ҳабибим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг суҳбатларига етишаман!» дер эдилар.

Ўлим аччиғи ҳаловатга айланган эди. Бу бир иймон ҳаловати эдики, у ҳақда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бергандилар:

«Кимда уч нарса бўлса, иймоннинг ҳаловатини топур:

– Аллоҳ ва расули унинг учун бошқа ҳаммасидан маҳбуб бўлмоғи;

– бир кишини яхши кўрса, фақат Аллоҳ учунгина яхши кўрмоғи;

– куфрга қайтмоқликни гўёки ўтга тушишни ёқтирмагани каби ёқтирмаслиги».


МУҲАББАТ УЧУН ЯРАЛГАН ҚАЛБЛАР

   

Ривоят қилишларича, Жаъфар ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу жуда ҳам қувноқ ва ҳазилкаш инсон эдилар. Бироқ у кишининг олдиларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилиниб қолсалар, ранглари сарғайиб, тиллари тутилиб қолар ва кўз ёшлари тугаб қолгунча йиғлар эдилар.

Бу у кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари юқорилигидан, у зот алайҳиссалом севгиси қалбларнинг қуввати, руҳиятнинг озуқаси, кўзларнинг қувончи, балки бутун ҳаётнинг ўзи деб ҳисоблаганларидан эди.

Кимки ушбу улуғ бахтдан мосуво экан, у ўликлар қаторидадир. Бу муҳаббат чарағон нурдир, ким уни йўқотса, зулмат қаърида қолгай. Мазкур севги шифодир, ким уни бой берса, унинг қалби дардларга мубтало бўлгай.

Бу ҳолдан ажабланмаса ҳам бўлади, зеро ушбу гўзал қалблар муҳаббатга лойиқ бўлган зотнинг севгиси учунгина яралгандир.

   

АЛЛОҲ ВА УНИНГ РАСУЛИГА ФИДОЙИЛИК


Улуғ саҳобийлардан Мусъаб ибн Умайр диндош биродарларининг ёнига чиқди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг атрофларида ҳалқа бўлиб ўтирган эдилар. Уни кўришибоқ бошларини эгиб, кўзларини ерга қадаб олишди. Кўзлардан ёшлар оқиб тушди. Мусъаб эски, ямоқли кийим кийиб олган, ваҳоланки илгари фақат янги ва оҳорсиз кийимлар кияр эди.

У илоҳалардан юз ўгириб, Исломни қабул қилган, онаси диндан қайт, деб ҳарчанд мажбурласа ҳам, кўнмаганди. Охири бундан умидини узган она уни барча ноз-неъматлару таъминотлардан маҳрум қилиб қўйган эди.

Шу онда Мусъабга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак нигоҳлари тушди. Табассум қилиб, илтифот айладилар:

– Мен Мусъабни кўраётирман. Ҳолбуки, Маккада ота-онасининг қошида бундан-да неъматланганроқ йигит бўлмаган эди. Сўнг Аллоҳга ва Унинг расулига бўлган муҳаббати учун уларнинг ҳаммасини тарк этди.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг 

«Қабасотун мин ҳаётир Расул» китобидан 

Асака туман бош имом-хатиби 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Довуд қилган ривоятда .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки .ташқарига, чиқишни хоҳласалар, то биров кўрмайдиган бўлгунча кетар эдилар,, давоми...

1523 19:00 / 18.01.2023
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат давоми...

4448 19:00 / 13.04.2022
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аср намозини ўтказиб юборса, гўёки аҳлини ва молини йўқотибди,, давоми...

1655 19:00 / 27 март
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўн нарса фитратдан соф табиатдандир мўйлабни қисқартириш, давоми...

2737 19:00 / 15.03.2023