1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Оила

Эркак ва аёл ақлидаги фарқ нимада?

17:33 / 22.03.2017 19182 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эркак ва аёлнинг фикрлашлари орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган, мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги натижаларни эълон қилдилар.

Уларнинг таъкидлашларича, аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда ўн олти фоизга кичик экан. Чунки аёл кишининг ҳажми ҳам эркак кишининг ҳажмидан худди шунча ҳажмда кичикдир. Шунингдек, икковларининг мияси бир хил вазифани бажарганда ҳам турли услубда бажарар экан.

Мазкур илмий кашфиётларнинг бошқа хулосалари қуйидагилардан иборат:

1. МRА (магнит-резонанс таҳлил) номли мияни суратга олиш жиҳозида аён бўлишича, эркак киши фикр юритганда унинг миясининг муайян қисмигина ишлар экан. Бу жараён муайян қисмда магнит нурлари бўлиб кўринар экан.

Аёл кишининг фикр юритганда эса, магнит нурлари миянинг ҳаммасида кўринар экан. Бу ҳолат, ўз навбатида, эркак киши аёл кишига нисбатан фикрни жамлашга қудратли эканининг далилидир.

Эркак киши аёл кишига нисбатан кўнгилчанликда таъсирсизроқ экани ҳам илмий равишда собит бўлди. Кўнгилчанлик зоҳир бўлиш пайтида аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда саккиз марта кўп ҳаракат қилишини асбоблар кўрсатди.

Соҳанинг мутахассис табибларидан бири шундай дейди: «Мен руҳий ҳолатлар табиби сифатида, эркак кишининг кўнгилчанлиги аёл кишиникига нисбатан оз эканини яхши билар эдим, аммо бу нарса биринчи бор илмий равишда собит бўлди. Фақат бугина эмас, балки, бошқа илмий текширишларнинг натижасига қараганда, эркак киши аёл кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишида ҳам, аёл киши эркак кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишидаги қувватига тенг кела олмаслиги собит бўлди.

Бу соҳада эркакларнинг биргина устунлиги бўлиши мумкин, у ҳам бўлса, кўнгилга оид изтиробларга ва хасталикларга оз чалинишлари, холос.

Шунингдек, эркак киши ғазабланганда қўполликка ўтиши, аёл киши эса гапиришга ўтиши, яъни сўз билан орани ислоҳ қилишга ўтиши ҳам собит бўлди.

Магнит тўлқинлари ўқувчи йигитлар ўқиш ва ёзиш даврида миянинг чап тарафини, ўқувчи қизлар эса ҳам ўнг, ҳам чап тарафини ишлатишларини аён қилди. Миянинг чап тарафи мантиқ, ўнг тарафи кўнгилчанлик тарафи экани маълум ва машҳур.

Тажрибанинг исбот қилишича, эркак кишининг мияси томонларни, масофаларни ва миқдорларни ҳисоблашга мос ва кучли экан.

Ёруғлик ва овозни қабул қилиб оладиган миянинг махсус бўлаклари фаолияти таққослаб чиқилганда, мазкур икки нарсани қабул қилиб олишда эркак кишининг мияси аёл кишининг миясига қараганда секин ишлар экан. Шунинг учун эркак киши жуда паст овозни эшитмас, аёл киши эса эшитар экан. Ёруғликка нисбатан ҳам худди шундай экан. Эркак кишининг мияси мантиқ ва ҳисоб билан машғул бўлганлиги учун, ёруғликни қабул қилиб олишга унчалик аҳамият бермайди. Шунинг учун эркак киши қоронғиликда аёл кишига нисбатан кўпроқ қоқилади. У қадамларни санаш, томонларни аниқлашга уринади. Аёл киши бўлса, қоронғиликда эркак кишига нисбатан яхшироқ кўради.

Ёш улғайиши билан эркак кишининг мияси аёл кишиникига қараганда кўпроқ кичраяди. Йигирма ёшда эркак кишининг мияси аёл кишиникидан катта бўлади. Қирқ ёшда эса, икковларининг миялари тенглашади. Олтмиш ёшда аёл кишининг мияси эркак кишининг миясидан катта бўлиб қолади. Нима учун? Мутахассислар таққослаб кўрсалар, эркак кишининг ёши улғайиши билан унинг мияси кўпроқ қувват сарфлар экан ва шу туфайли кичрайиб кетар экан.

Аёл киши ўзининг аёллик хусусияти ила эркаклар қодир бўлмайдиган иш – ҳомила ва чақалоқнинг шикоятини англаб, уни таҳлил қилишга уста бўлади. Шунингдек, уларнинг баъзи махфий нарсаларни ҳис қилиш, уларни мулоҳаза ва таҳлил қилишга қобилиятлари ўткир бўлади.

Эркак кишининг эса, хавф-хатарни даф қилиш, қийинчиликларни енгиш, ишларни тартибга солиш ва шунга ўхшаш нарсаларга қобилияти кучли бўлади».

Агар олимлар эркак билан аёлнинг ҳар бир аъзосини ёки ҳужайрасини юқоридаги каби таҳлил қилиб чиқсалар, худди шунга ўхшаш ҳикматларни топишларида ҳеч шубҳа йўқ. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг Биру Борлигини, Қодиру Холиқлигини, Ҳакийму Хобийрлигини ва бошқа барча баркамол сифатларини тасдиқловчи белгилардир.

Аллоҳ таоло инсоннинг ўзидан унга жуфт яратиб беришидаги ҳикматни «сокинлик топишингиз учун» деб баён қилмоқда. Дарҳақиқат, эркак фақат аёлдангина сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик топади. Шунингдек, аёл ҳам ўзига керак бўлган сокинликни, ором, осойишталик ва тинчликни эркакдан топади.

Бу ҳақиқатни англаб етишимиз учун бир хаёл отига миниб, тасаввур қилиб кўрайлик.

Дунёдаги барча инсон зоти аёллардан иборат, деб тасаввур қилайлик. Битта ҳам эркак йўқ. Унда нима бўлади? Дунёда инсон зоти учун сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик бўлмайди. Дунё хароб бўлади. Бир авлоддан сўнг инсон зоти инқирозга учрайди.

Энди, аксинча ҳолатни олиб кўрайлик. Дунёдаги барча инсон зоти эркаклардан иборат, деб кўрайлик. Битта ҳам аёл йўқ. Унда нима бўлади? Дунёда инсон зоти учун сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик бўлмайди. Дунё хароб бўлади. Бир авлоддан сўнг инсон зоти инқирозга учрайди.

Демак, Қуръони Карим таълимотлари асосида қуриладиган, тутиладиган оила сокинлик, ором, осойишталик ва тинчлик оиласи бўлиши керак. Инсон учун зарур бўлган мазкур улуғ неъматларга зид бўлган тўполон, оромсизлик, ташвиш ва уриш-жанжаллар Қуръони Карим таълимотлари асосида қурилган ва тутилган оилаларда мутлақо бўлмаслиги керак.

Қуръони Карим таълимотларига асосланган оила аъзолари орасидаги муносабатлар қандай бўлиши кераклигини ояти кариманинг кейинги жумласи баён қилади.

«...ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани...»

Қуръони Карим таълимотлари асосида қурилган ва уларга амал қилиб яшаётган оилада ўзаро севги ҳукм суриши керак. Бир-бирини ёқтирмаслик, ёмон кўриш бундай оилага мутлақо тўғри келмайди.

Қуръони Карим таълимотлари асосида қурилган ва уларга амал қилиб яшаётган оилада ўзаро раҳм-шафқат, меҳр-мурувват ҳукм суради. Бир-бирига нисбатан раҳмсиз, шафқатсиз бўлиш бундай оилада бўлиши мумкин эмас.

Аллоҳ таолонинг Ўзи эр билан хотиннинг орасига севги, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат солмаса, улар бир-бирларининг баъзи камчиликларини, қийинчиликларни кўтара олармидилар? Чидаб, бирга яшармидилар?

Эркакнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки, энг кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Аёлнинг танасини, аъзоларини, руҳиятини, ҳаттоки, кичик ҳужайраларигача ўзига хос қилиб яратган ким? Ҳа, уларни бир-бирига сокинлик бахш этувчи, меҳр-муҳаббатли, ўзаро келишиб дунёни обод қиладиган этиб яратган зот қудратли Аллоҳ таолодир.

«Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир».

Ҳа, албатта, бунинг учун тафаккур қилиш керак. Агар инсонлар, эркак ва аёллар ўзларининг тузилишлари, бир-бирларининг ораларидаги фарқлари ҳақида керагича тафаккур қилсалар, улар бир-бирларидан сокинлик топишлари учун яратилганларини англаб етар ва оилаларида ором ила яшашга ҳаракат қилар эдилар.

Агар инсонлар – эркак ва аёллар ўзларининг ораларига Аллоҳ таоло томонидан муҳаббат ва раҳм-шафқат солиб қўйилганини тафаккур ила англаб етганларида, бир-бирларини ёмон кўрмас ва бир-бирларига нисбатан шафқатсиз бўлмас эдилар.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Улар (хотинлар) сизга либосдирлар, сиз уларга либосдирсиз» (187-оят).

Узун оятнинг ичида келган ушбу қисқагина жумла билан Аллоҳ таоло олам-олам маъноларни баён қилган. Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканига, бошқаларни ожиз қолдирувчи китоб эканига ёлғиз шу жумланинг ўзини тафаккур қилиш ҳам етарлидир.

Одатда либос – кийим бир неча муҳим мақсадлар учун ишлатилади. Агар кийим бўлмаса, ўша мақсадларга эришилмайди ва инсоннинг ҳайвондан фарқи ҳам қолмайди. Келинг, ўша кийимдан кўзланган мақсадлар ва эр-хотин орасидаги муносабатнинг унга ўхшатилиши ҳақида тафаккур қилиб кўрайлик.

Биринчидан, либос – кийим ўзини кийган шахснинг айбини беркитиб туради. Қуръони Карим эр-хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларининг айбларини беркитиб туришлари керак. Эр-хотинларнинг бир-бирининг айбини очиши Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Иккинчидан, либос ўзини кийган шахсни зийнатлаб туради. Қуръони Карим эр-хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларини зийнатлаб туришлари керак. Эр-хотинларнинг бир-бирини зийнатламаслиги Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Учинчидан, либос ўзини кийган шахсни ёзда иссиқдан, қишда совуқдан сақлаб туради. Қуръони Карим эр-хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларини ҳаётнинг иссиқ-совуқларидан сақлаб туришлари лозим. Эр-хотинларнинг бир-бирини ҳаётнинг иссиқ-совуқларидан сақламаслиги Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Тўртинчидан, либос ўзини кийган шахсга энг яқин нарса бўлади. У билан уни киювчи шахс орасида ҳеч нарса бўлмайди. Қуръони Карим эр-хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларига энг яқин шахслар бўлишлари ва ораларида ҳеч нарса бўлмаслиги керак. Эр-хотинларнинг бир-бирига яқин бўлмаслиги Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Бешинчидан, либос ўзини кийган шахсга турли нохуш нарсалар, ҳатто чанг ҳам юқмаслиги учун хизмат қилади. Қуръони Карим эр-хотинни бир-бирига «либос» деганидан кейин, улар ҳам бир-бирларига турли нохуш нарсалар, ҳатто чанг юқтирмасликка ҳаракат қилишлари лозим. Эр-хотинларнинг бир-бирига нохушлик етказиши, чанг юқтириши Қуръони Карим таълимоти асосида қурилган ва ҳаёт кечираётган оилага мутлақо тўғри келмайди.

Қуръони Каримда эр-хотин муносабатлари тўғрисида келган бир оят ва бошқа бир оятнинг бир жумласидан қисқача чиқарилган хулосалар шулардан иборат. Мана шуларнинг ўзида бир олам маънолар борлигини тушуниб олиш қийин эмас. Шу билан бирга, ушбу маъноларни ҳаётга татбиқ қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз, балки, аввало бахту саодатимиз эканини ҳам англашимиз зарур.

 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(бахтиёр оила китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймИмом Нававий айтади.Ушбу уйдаги хизматларнинг барчаси инсонлар уни қўллашга ўрганиб, одатланиб қолган мурувватлар ва яхшиликлардан давоми...

4933 21:18 / 13.02.2018
Эрдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин у оила нима, у нима учун қурилади, қайси асосда давоми...

6174 15:49 / 07.10.2017
Рисоладаги хотинБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймОна тилимизда ҳали чуқур луғавийилмий ишлар олиб борилмаганлигиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган давоми...

10196 04:25 / 15.03.2017
Албатта, ҳар бир банданинг асосий мақсадларидан бири жаннатдан жой олишдир. Зотан, бу дунё ҳаётидаги мақсад ҳам шу. Шунинг учун банда борки, ўзининг жаннатга давоми...

5201 18:49 / 17.04.2018