1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Имомлардан маломатларни кўтариш

09:39 / 22.03.2017 2764 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Албатта, ҳамду санолар Аллоҳникидир! Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва расулидир.

Убода ибн Сомир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким катталаримизни улуғламаса, кичикларимизга раҳм қилмаса ва олимимизнинг ҳаққини билмаса, менинг умматимдан эмас», - дедилар».
Имом Аҳмад ривоят қилганлар.

Қуръони карим тарғиб қилганидек, Аллоҳ таоло ва унинг Расулини севишдан сўнг, барча мўминларни севиш мусулмонларга вожибдир, хусусан улар орасидаги уламоларни. Улар пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлиб, қуруқлик ва денгизларда тўғри йўл топиладиган юлдузлар кабидирлар...

Батаҳқиқ, мусулмонлар уламоларнинг ҳақ йўлда эканликлари ва шариатни тўғри англаб етганликларига ижмоъ қилишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввалги барча умматларнинг уламолари ушбу умматларнинг энг ёмонлари бўлишган, фақат Ислом  уммати бундан мустаснодир. Негаки, уларнинг уламолари бу умматнинг энг яхши кишилари бўлиб, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбасарлари, суннатларини тирилтирувчилардир. Улар ила Китоб қойим бўлди, улар Китоб ила қойим бўлдилар (яъни, Қуръони каримнинг қандай Китоб эканлиги уламоларнинг унга амал қилишлари орқали англашилди). Билингки, Ислом уммати тан олган олимларнинг ҳеч бирлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир суннатларига била туриб, хилоф қилмайдилар. Уларнинг барчалари пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш вожиб эканлигига шак-шубҳасиз иттифоқ қилишган ҳамда «Ҳар бир кишининг сўзи олинади ҳам, тарк ҳам қилинади. Лекин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан мустасно», деб айтишган.

Агар имомлардан саҳиҳ ҳадисга хилоф бўлган бирон сўз содир бўлса, билингки, ушбу ҳадисни тарк этишда албатта уларни оқловчи узр бор.
Узрларнинг жами уч қисмга бўлинади:

1. Имомнинг ушбу ҳадисни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаганлар, деб топиши.
2. Мазкур ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам имомни қизиқтираётган масалани ирода қилмаганлар, деб топилиши.
3. Имомнинг ушбу ҳадисдаги ҳукмни насх қилинган, деб топиши.

Ушбу уч қисмдан иборат узрларнинг эса ўз ўрнида бир неча сабаблари мавжуд:

Биринчи сабаб – ушбу ҳадиснинг имомга етиб келмаганлиги. Яъни, имом ўзига етиб келмаган ҳадис далолат қилган нарсани билишга мажбур эмас. Дейлик, имомга бир масала ҳақида савол берилди, ваҳоланки унга ушбу масала юзасидан ворид бўлган ҳадис етиб келмаган. Бундай вазиятларда у бирон оятнинг зоҳири ёки бошқа бирон ҳадис ёки қиёс ва ёҳуд истисҳоб йўли билан ҳукм қилади. Ушбу ҳукм ана ўша масалада ворид бўлиб, имомга етиб келмаган ҳадисга баъзан мувофиқ келиши, баъзида эса мухолиф ҳам келиши мумкин. Салафи солиҳларнинг ҳадисларга мухолиф деб топилган фикрларининг аксарияти мана шу сабабга бориб тақалади. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадисларини ёддан билиш ҳеч бир олимнинг имконият даражасида эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтганларини, фатво берганларини, қандайдир ҳукм чиқарганларини ёки амалда бирон иш қилганларини фақат уларнинг ҳузурларида бўлганлар эшитар ёки кўрар эдилар. Ушбу инсонлар ёки уларнинг баъзилари кўрган-эшитганлари ҳақида ўзлари хоҳлаган кишиларга хабар берардилар. Шу тариқа ушбу маълумотлар саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейинги вакиллардан иборат Аллоҳ хоҳлаган кишиларга етиб борарди. Демак, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадисларини биламан, деб ҳеч ким даъво қила олмайди.
Уммат ичида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишлари, суннатлари ва хулқ-атворларини энг яхши билувчи кишилар Хулафои Рошидийнлардир. Хусусан, Абу Бакр Сиддиқ  ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳулар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан муқимлик чоғларида ҳам, сафарларда ҳам айрилмас эдилар. Ҳадисларда «Росулуллоҳ, мен ва Абу Бакр ҳамда Умар кирдик», «Мен ва Абу Бакр ҳамда Умар чиқдик» деган жумлалар ниҳоятда кўп такрорланган. Шунга қарамай, юқоридаги фикрларимизнинг тасдиғини Хулафои Рошидийнлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан момонинг мероси ҳақида сўрашганда «Аллоҳнинг китоби ва Росулининг суннатида сиз учун меросдан ҳеч нарса йўқ, лекин мен одамлардан яна сўрайман» дейдилар. Бу ҳақда бошқа саҳобалардан сўраганларида  Муғийра ибн Шуъба ва Муҳаммад ибн Масламалар туриб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам момога мероснинг олтидан бирини берганликларини айтишади ва Имрон ибн Ҳусойн ҳам бунга гувоҳлик берадилар. Ушбу уч саҳоба Абу Бакр розияллоҳу анҳудан афзал эмаслар, лекин шунга қарамай, Ислом уммати амал қилишга иттифоқ қилган мана бу суннатни Абу Бакр розияллоҳу анҳу эмас, улар билдилар.
Буюк саҳоба Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам Абу Мусо розияллоҳу анҳу хабар бергунларига қадар изн сўраш суннатини билмас эдилар. Ваҳоланки, Умар розияллоҳу анҳу Абу Мусо розияллоҳу анҳудан кўра Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини яхшироқ билувчилардан эдилар. Шунингдек, у киши аёл киши эрининг хунидан мерос олиши ҳақидаги ҳукмни ҳам билмас ва хун фақатгина эрнинг ота томондан қариндошларига бўлади, дердилар. Росулуллоҳнинг баъзи жойларга амир қилиб юборган кишилари Доҳҳак ибн Суфён Умар ибн Хаттобга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашям Дибабийнинг хунидан унинг аёлига мерос берганликларини ёзиб юборгач, бу суннатдан хабар топдилар ва «Агар ушбу ҳадис бизга етиб келмаганда, унинг хилофига кўра ҳукм қилиб қўйган бўлар эдик», дедилар.
Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сафардалик чоғларида қаттиқ шамол кўтарилди. Шунда у киши «Ким бизга шамол ҳақида суннатдан бирон хабар бера олади?»  дедилар. Абу Ҳурайра буни эшитиб, тезда у кишининг ёнларига келдилар-да, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол кўтарилганда айтишга буюрган дуо ҳақидаги ҳадиснинг хабарини бердилар.
Кўриниб турибдики, бу ўринларда Умар розияллоҳу анҳунинг баъзи масалалардаги ҳадислардан хабарлари бўлмаган. Саҳобалардан эшитгач, ана шу ҳадисларга таяниб ҳукм қилганлар. Яна бошқа вазиятлар ҳам бўлганки, бунда Умар розияллоҳу анҳуга бирон ҳадис етиб келмаганлиги учун ўз ижтиҳодлари ила ҳукм қилганлар.
Масалан: Бармоқларнинг хуни масаласи. Умар розияллоҳу анҳу «хун бармоқларнинг келтирадиган фойдасига қараб бўлади», деб ҳукм қилганлар. Лекин Абу Мусо ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳума Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «бу ҳам, бу ҳам (яъни, бош бармоқ ва жимжилоқ) тенгдир» деганларини эшитганларини айтишган. Муовия розияллоҳу анҳуга амирлик чоғларида ушбу ҳадис етиб келгач, унга кўра ҳукм қилганлар. Лекин буларнинг ҳеч бири Умар розияллоҳу анҳу учун айб ҳисобланмаган, чунки у кишига бу масалаларга оид ҳадис етиб келмаган эди.
Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу маҳси кийган кишини маҳсисини ечгунига қадар, ўзи хоҳлаган муддатгача масх тортиб юраверишга буюрганлар ва бу масалада у кишига баъзи салафлар ҳам эргашганлар. Ваҳоланки, маҳсига масх тортиш муддатини баён қилиб келган ҳадислар ниҳоятда кўп бўлган.
Шунингдек, Усмон розияллоҳу анҳу ҳам эри вафот этган аёл эрининг уйида идда сақлаши лозимлигини аввалига билмаганлар. Сўнг Абу Саъид Худрийнинг синглиси Фурайъа бинти Моликнинг эри вафот этганда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «китоб ўз муддатига етиб боргунча уйингизда ўтиринг», деб айтганларининг хабарини бергач, Усмон розияллоҳу анҳу бу ҳадисга мувофиқ ҳукм қилганлар.
Али ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳума ҳамда бошқа баъзи саҳобалар «эри вафот этган аёл агар ҳомиладор бўлса, икки муддатдан узоғига кўра идда сақлайди», деб фатво беришган. Ҳолбуки, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Субайъа Асламияга «унинг иддаси ҳомиласини туғиши билан якунланади», деб фатво берганлари ҳақидаги хабар юқоридаги саҳобаларга етиб келмаган эди.
Ҳаммамизга маълумки, саҳобалар, хусусан Хулафои Рошидийнлар Ислом  умматининг энг билимдон, энг фақиҳ, энг тақволи ва энг фазилатли кишиларидирлар. Албатта, саҳобалардан кейинги уммат илм, фиқҳ, тақво, фазилат ва бошқа барча жиҳатлар бўйича улардан кўра сустроқ бўлиб, баъзи суннатларнинг уларга махфий бўлиб қолганлиги бирон баёнга муҳтож бўлмаган ҳақиқатдир. Агар кимда-ким ҳамма саҳиҳ ҳадислар барча имомларга ёки муайян бир имомга етиб келиши лозим, деб ўйласа, билингки, у қўпол хатога йўл қўйибди.
«Барча ҳадислар ҳадис китобларига тўплаб, тартибланган-ку», деган фикрга эса жавоб шундай:
Назарда тутилган ҳадис китоблари биз эргашадиган барча имомларнинг вафотларидан сўнг тўплаб, тартибга солинган. Шу билан бирга, қайсидир ҳадис тўпламида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадислари жамланган, деб ҳеч ким даъво қила олмайди. Ушбу даъво тўғри деб ҳам фараз қилайлик.  Аммо имомнинг бу китоблардаги ҳадисларнинг барчасини билишга имкони йўқдир.

Иккинчи сабаб - ҳадис имомга етиб келади, лекин унга ҳадис айтган киши ёки унга ҳадис айтган кишига ҳадис айтган киши ёки ҳадиснинг санадидаги бирон ровий унинг наздида мажҳул (ноаниқ) бўлиши ёки ёлғончи, хотираси ёмон деб гумон қилинганлиги  туфайли ҳадиснинг саҳиҳ эмас деб топилиши. Ҳадиснинг имомга муснад эмас, мунқотиъ (санади кесилган) тарзда етиб келганлиги ёки ҳадис лафзларидан бирининг ноаниқ бўлиши ҳам шулар жумласидандир. Шунга қарамай, бошқа имомлар ушбу ҳадисни муттасил санад билан ишончли ровийлар томонидан ривоят қилган бўлишлари, мажҳул ровийни таниган бўлишлари ва ҳадис лафзларидаги мужмалликка аниқлик киритган бўлишлари ҳам мумкин.
Бундай ҳолатни кўпинча биринчи асрга қараганда иккинчи асрда, яъни тобеъинлар даврида ёки уларнинг эргашувчиларида, машҳур имомларда кузатамиз. Уларнинг даврларида ҳадислар кенг тарқалиб, машҳур бўлиб кетган эди. Лекин ҳадислар уламоларнинг баъзиларига заиф йўллар билан етиб келса, бошқаларига саҳиҳ йўллар билан етиб келар, шунга кўра ҳадис бир жиҳатдан ҳужжат бўлса, бошқа бир жиҳатдан ҳужжат бўла олмас эди. Шунинг учун кўпчилик имомлар бирон масаладаги фикрларини ҳадиснинг саҳиҳ бўлишига боғлаб қўяр ва «Менинг ушбу масаладаги сўзим бундай… ва бу ҳақда ҳадис ривоят қилинган бўлиб, агар у саҳиҳ бўлса, сўзим ана шу ҳадисдир», деб айтар эдилар.

Учинчи сабаб – имом ўзининг бошқалар унга хилоф қиладиган ижтиҳодидан келиб чиқиб, ҳадиснинг бошқа йўлдан ривоят қилинган ёки қилинмаганлиги, ушбу ижтиҳодий масалада ҳақиқат ким томонда эканлигидан қатъи назар, уни заиф деб топиши.
Масалан: ҳадисдаги бирон ровийни бир имом заиф ровий деб билса, бошқаси ишончли деб билади. Бундай ҳолатда ҳақиқат ровийни заиф деб билган имом томонда ҳам, ишончли деб билган имом томонда ҳам бўлиши мумкин. Чунки ровийни заиф деб билган имом уни жарҳ қилувчи сабабни аниқлаган бўлиши, бошқа имом эса ушбу сабабни жарҳ қилувчи сабаб эмас, деб билиши мумкин. Ҳолбуки, рижол илми ниҳоятда кенг илм бўлиб, ровийлар ва уларнинг аҳволлари юзасидан ушбу илм уламоларининг ўз ижмоъ ва ихтилофлари бор. Бир имом баъзи сабабларга кўра ровийни ўзи ҳадис ривоят қилаётган устозидан ҳадис эшитган деб билса, бошқа имом эса эшитмаган деб билиши, муҳаддис ўзи ривоят қилган ҳадисни унутиб, уни ривоят қилганлигини инкор қилса, баъзи имомлар бу инкор ҳадис билан далил келтиришга зарар етказмайди десалар, бошқалари эса бу инкор ҳадисни тарк этишни тақозо этади, дейишлари ҳам шулар жумласидандир.

Тўртинчи сабаб - бир имом ровийнинг ишончли деб топилиши учун баъзи шартларни қўйса, бошқа имомнинг бу шартларни лозим эмас деб билиши. Ушбу  ихтилофли шартларга ровийнинг ҳадисини Китобу-суннатга таққослаш лозимлиги, ровийнинг фақиҳ бўлиши, агар ҳадис оммага тааллуқли бўлса, унинг кенг тарқалган бўлиши лозимлиги кабиларни киритиш мумкин.

Бешинчи сабаб - ҳадис имомга етиб келган ва уни саҳиҳ деб ҳам билган, лекин маълум сабабларга кўра имом ҳадисни унутганлиги.
Умар розияллоҳу анҳуга сафарда жунуб бўлиб, сув топа олмаган киши ҳақида савол берилганда «Сув топгунича намоз ўқимайди», деганлар. Шунда Аммор розияллоҳу анҳу «Эй мўминларнинг амири, ёдингиздан кўтарилдими, сафардалик чоғимизда иккимиз ҳам жунуб бўлиб, сув топа олмаганимизда мен тупроққа беландим, сиз эса намоз ўқимадингиз. Сўнг мен бу ҳолатни Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилганимда у киши «Бундай қилишинг кифоя қилар эди», деб қўллари билан ерга урдилар, сўнг у билан юзлари ва икки кафтларига масх тортдилар», дея бўлган воқеани эслатдилар. Бу Умар розияллоҳу анҳу ўз кўзлари билан кўрган, сўнг ёдларидан кўтарилиб, унинг хилофига кўра фатво берган ва шунда у кишига Аммор розияллоҳу анҳу эслатиб қўйган суннатдир.
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу одамларга ҳутба қилиб, «Ҳеч ким аёлларга маҳр беришда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ва қизларига берган маҳрнинг миқдоридан оширмасин. Агар кимда-ким оширса, мен унинг маҳрини қайтараман», деганларида бир аёл ўрнидан туриб: «Эй мўминларнинг амири, нима учун сиз бизни Аллоҳ таоло берган нарсадан маҳрум қиляпсиз?» дейди ва  Аллоҳнинг «…ва уларнинг бирига саноқсиз мол-мулкни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз ҳам…» (Нисо сураси, 20-оят) деган сўзини тиловат  қилади. Шунда Умар розияллоҳу анҳу бу аёлнинг сўзини қабул қиладилар. Ваҳоланки, Умар розияллоҳу анҳу ушбу оятни ёддан билган, лекин ўша дамда уни унутиб қўйган эдилар.
Бундай ҳолатлар салафларда ҳам кўп кузатилган.

Олтинчи сабаб - ҳадисда келган бирон лафзнинг нотанишлиги туфайли имом ҳадис нимага далолат қилаётганлигини билмаслиги.
Масалан: Уламолар ҳадисларда келган музобана, муҳоқала, мухобара, муломаса, мунобаза, ғорар каби сўзларнинг шарҳи ҳақида ихтилоф қилишган.
Баъзи ҳолатларда лафз имомнинг луғати ва урфида бир маънога далолат қилса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг луғатларида бошқа маънога далолат қилганлиги туфайли келиб чиқувчи тушунмовчилик ҳам шулар жумласидандир. Масалан, набиз сўзи каби.
Баъзан бир лафз бир неча маънолар ўртасида муштарак бўлиши ёки мужмал бўлиши ёки ҳақиқат ва мажоз орасида ўзгариб туришидан ҳам унинг далолатини англаб етиш қийин бўлиб қолади. Бундай вазиятларда ирода қилинган маъно бошқа бўлса ҳам, имом ўша лафзни ўзининг наздидаги энг  яқин маънога ҳамл қилади.
Аввалига баъзи саҳобалар «оқ ип» билан «қора ип»ни оддий ип деб тушунганликлари, Аллоҳ таолонинг «…юзларингиз ва қўлларингизга масх тортинг…» (Моида сураси, 6-оят) деган сўзидаги қўлни бармоқ учларидан қўлтиққача деб тушунганликлари юқоридаги фикрларга мисол бўла олади.

Еттинчи сабаб - имомнинг ҳадисда далолат йўқ деб топиши.
Олтинчи ва еттинчи сабаб ўртасидаги фарқ шундаки, аввалгисида имом ҳадиснинг далолатини билмайди. Еттинчи сабабда эса ҳадиснинг далолатини билади, лекин буни тўғри далолат деб топмайди.
Масалан: Махсус ом, мафҳум ҳужжат эмас деб билиши ёки мужаррад буйруқ вожибни тақозо қилмайди ёки лом билан муаърраф бўлган сўз ом бўлмайди деб билиши каби. Бу ниҳоятда катта боб бўлиб, усулул-фиқҳдаги хилофли масалаларнинг деярли барчаси шу қисмга киради.

Саккизинчи сабаб - ҳадисдаги далолат билан унинг мурод эмаслигига далолат қилувчи нарсанинг қарама-қарши келиб қолиши.
Масалан: Ом билан хоснинг, мутлақ билан муқайяднинг, мутлақ амр билан вожибликни нафий этувчи нарсанинг ёки ҳақиқат билан мажознинг қарама-қарши келиб қолиши каби. Сўзларнинг далолати бир-бирига қарама-қарши келиб қолиши, сўнг уларнинг баъзисини баъзисининг устига таржиҳ қилиш ҳам тубсиз денгиздир.

Тўққизинчи сабаб – ҳадиснинг мазмуни унинг заиф ёки мансух эканлигига ёҳуд таъвилни қабул қилувчи бўлса, унинг таъвилига далолат қиладиган нарса билан қарама-қарши бўлиб қолиши ва бу қарама-қаршиликнинг салоҳиятли эканлигига уламоларнинг иттифоқ қилишлари. Имом ҳадиснинг мансух ёки муаввал эканлигини рожиҳ деб билиши мумкин, лекин насх қилувчи далилни аниқлашда хатога йўл қўйиб, мутааххир далилни мутақоддим далил деб билиши ёки таъвилда хато қилиб, ҳадисга унинг лафзи кўтармайдиган маънони бериб қўйиши каби.

Ўнинчи сабаб - баъзи имомларнинг ҳадис унинг заифлиги ёки мансухлиги ва ёки муаввал эканлигига далолат қиладиган нарса билан қарама-қарши деб билишлари. Бунинг тўққизинчи сабабдан фарқи шундаки, аввалгисида қарама-қаршилик уламоларнинг иттифоқлари ила салоҳиятли деб топилса, ушбу сабабда қарама-қаршилик фақатгина ана шу имом ёки уни қўллаб-қувватлаганлар ҳузурида салоҳиятли бўлиб, бошқа имомлар буни эътиборга олмайдилар. Масалан, Куфалик уламоларнинг аксарияти «Саҳиҳ ҳадис Қуръоннинг зоҳирига қарама-қарши келиб қолса, бундай ҳолатда Қуръоннинг зоҳири ом ҳисобланиб, ҳадисга муқаддам бўлади», деб айтишлари бунга мисол бўла олади. Лекин ушбу ҳолатда имом зоҳир бўлмаган нарсани зоҳир деб ҳам ўйлаб қолиши мумкин. 

Нодир Хидиров
Ибн Таймиянинг «Рофъул малам ъанил аимматил аълам» рисоласи асосида

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният давоми...

8569 10:31 / 24.03.2017
Маълумки, риё амални ҳабата қилувчи, Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи, Унинг ўч олишига сабаб бўлувчи иллатдир. Риё ҳалокатга олиб борувчи гуноҳлардан саналади. давоми...

3084 14:38 / 27.03.2017
Салафи солиҳлардан бирлари айтган экан Аллоҳ таоло буюрган ишни қилишда шайтоннинг икки ҳамласига учраш бордир 1 ё шу амалда банданинг нуқсонга йўл қўйиши, 2 ёки давоми...

2453 15:17 / 27.03.2017
Ўзим билан танишувrdquo туркумидан Иброҳим алайҳиссаломни энг катта гулханнинг ўртасига ташладилар. Жаброил алайҳиссалом келиб Нима истайсиз, эй Аллоҳнинг давоми...

2392 10:05 / 27.03.2017